«Мистрал»лар қисмати: қимматбаҳо кемалар энди кимга хизмат қилади?

5 й. аввал Мулоҳаза107

Собиқ Иттифоқ парчаланиб, муайян давр мобайнида турли инқирозлар гирдобига тушиб қолган Россия XXI асрнинг дастлабки ўн йиллигида ҳарбий ва иқтисодий салоҳияти тикланаётганини кўз‑кўз қила бошлади. 2008 йил октябрь ойида Франциянинг Ле-Бурже шаҳрида бўлиб ўтган халқаро “Euronaval” ҳарбий‑денгиз кўргазмасида Россия илк маротаба хорижий давлатлардан ҳарбий кемалар сотиб олиши мумкинлиги тўғрисида эълон қилинди. Ўта замонавий, айни пайтда қимматбаҳо “Мистраль” кемаларининг биратўла тўрттасининг сотиб олиниши тўғрисидаги хабар катта шов‑шувларга сабаб бўлгани бежиз эмас эди. Хўш, вертолёт ташиш кемалари Россия Федерацияси Ҳарбий-денгиз флоти учун зарурмиди, уларнинг асосий устунлик жиҳатлари нимада эди ва ушбу кемалар атрофида содир бўлган ҳамда айни пайтда ҳам давом этаётган воқеа‑ҳодисалар бугунги кун геосиёсий қиёфасига қай даражада таъсир кўрсата олади?

Айтиш жоизки, бир вақтнинг ўзида тўртта вазифа: моторлаштирилган ҳарбий қисмларни десант сифатида ташиш; ҳарбий вертолётларга хизмат кўрсатиш; бошқарув маркази ҳамда сузувчи ҳарбий госпиталь вазифасини бажарувчи “Мистраль” синфига оид ҳарбий кемалар Россия ҳарбий‑денгиз кучлари учун асосан Шимолий денгиз ҳавзаси мудофаа мақсадлари учун зарур эди. Кемага бир пайтда 16та NHI NH90 синфига оид кўп мақсадли ёки Eurocopter Tiger зарба вертолётлари; 4та десант баржаси; 70тагача ҳарбий автомобиль, жумладан, 13та AMX-56 Leclerc турига мансуб асосий танклар ёки 40та Leclerc турига мансуб танклар билан қуролланган танк батальони ҳамда 450 аскар (қисқа муддатли бўлса, 900 нафаргача)ни жойлаштириш мумкин. Шунингдек, кемада вертолётлар учун 1800 м² ҳажмли ангар — қўналға ҳам қурилган.mistral-vertolenosets

Воқеалар ривожига эътибор қаратсак, 2009 йилнинг 31 июль куни Франциянинг “La Tribune” газетасида Россия томони Франция билан 4 дона «Мистраль» ҳарбий кемасини қуриш бўйича музокаралар олиб бораётгани хабар қилинди. Унга кўра, дастлабки икки дона кема Франциянинг ўзида, қолган иккиси эса Россияда қурилиши режалаштирилди.

2010 йилнинг 24 декабрь куни Россия ва Франция РФ Денгиз флоти учун француз верфи (кемалар қуриладиган ёки таъмир қилинадиган корхона)да иккита вертолёт ташиш «Мистраль» кемасини қуриш борасида шартнома имзоланганини эълон қилди. Яна иккита шу турдаги кема эса махсус лицензия асосида Россияда барпо этиладиган бўлди. Шунингдек, 24 декабрь куни Франциянинг DCNS компанияси ва Россиянинг бирлашган кемасозлик корпорацияси иштирокида вертолёт ташувчиларни етказиб бериш бўйича тендер якунлари асосида консорциум имзоланди.

Келишувга кўра, илк “Мистраль” дастлабки аванс тўлови амалга оширилганидан сўнг 36 ой ичида қуриб битказилиши лозим эди. Иккинчи кема эса 48 ойдан сўнг фойдаланишга топширилиши белгиланди.

Кутилганидек, 2014 йилнинг 15 сентябрида «Владивосток» номини олган илк кема россиялик ҳарбий денгизчилар билан дастлабки синов  учун денгизга чиқди. Бироқ бундан сал аввалроқ Қримнинг Россияга қўшиб олиниши билан боғлиқ можаролар сабаб Франция иттифоқдошлари (Германия, Британия ва АҚШ) Евроиттифоқ ва АҚШ томонидан белгиланган санкциялар доирасида мазкур кемаларни етказиб беришни тўхтатишни талаб қила бошлашди. Шу боис 2014 йилнинг 3 сентябрь куни Франция Россия томонини «Мистраль» синфига оид «Владивосток» кемасини етказиб бериш тўхтатилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди. Бунга Россиянинг Украина шарқида содир бўлаётган воқеаларга муносабати асосий сабаб сифатида айтиб ўтилди.

ВладивостокБироқ шунга қарамасдан,  Франция президенти Франсуа Олланд Франция шартномадан воз кечиш ниятида эмаслиги, Украина шарқида тинчлик музокаралари муваффақиятли якунига етса, ноябрь ойидаёқ кема ўз эгасига топширилишини маълум қилди. Ноябрь ойида эса Украинадаги вазият ўнгланмаган, ҳар икки томон ўзининг ҳақ эканини исботлаш учун турли сабабларни ўртага ташлаётган эди.

Шундай қилиб, 14 ноябрда белгиланган «Владивосток»ни топшириш маросими бўлиб ўтмади. Россия эса шартнома шартлари бажарилмаган тақдирда, Франция томонини судга бериши, жарима сифатида 3 миллиард долларгача товон пули талаб этилишини маълум қилди.

Ниҳоят, 2015 йил 7 июль куни Франция мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дриан АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрида Россия билан имзоланган “Мистраль” борасидаги шартнома узил‑кесил бекор қилингани, Франция ҳукумати 1,2 миллиард доллар товон пули тўлашга тайёр эканини маълум қилди.

25 август куни Франция Россияга вертолёт ташувчи «Мистраль» кемаларини етказиб бериш ҳақидаги шартномани бажармагани учун тўланиши лозим бўлган 1 млрд евродан зиёдроқ товон пулини тўлаб бергани ҳақида хабар қилинган эди. Куни кеча “Мистраль” кемаларига оид яна икки хабар тарқалди. Биринчисида Франция “Мистрал”лар учун Россияга тўланиши лозим бўлган товон пули 1 млрд евро экани ҳақидаги хабар инкор қилинди. “Мен айтишим мумкинки, Франция тўлаган товон пули 1 млрд доллардан кам. Унинг аниқ миқдори парламент аъзоларига маълум қилинади”, – деди Франция ҳукумати расмий вакили Стефан Ле Фоль. Иккинчи хабар эса Франция мудофаа вазири Жан-Ив Ле Дрианнинг Россияга етказилиши керак бўлган «Мистраль» кемаларидан бирини Малайзияга сотиш имкониятини муҳокама қилиши, шу муносабат билан вазир 30 августда Малайзияга ташриф буюриши тўғрисида бўлди.

Таҳлиллар ва тахминлар

“Мистрал”лар билан боғлиқ муаммолар дунё оммавий ахборот воситаларида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Шартнома шартларининг бажарилмаслигидан ким кўпроқ зарар кўриши тўғрисида турли тахминлар илгари сурилди. Жумладан, Франциянинг “Le Point” нашри шарҳловчиси Гюерри Понсе воқеалар ривожининг икки сценарийсини илгари сурди. Биринчи сценарийга мувофиқ, агарда Париж «Мистраль» вертолёт ташувчисини Россияга етказиб берса, Шимолий Атлантика альянси мамлакатлари (НАТО) ва Украина билан дипломатик муносабатларга совуқчилик тушади. Натижада Франция ҳарбий саноати Москвани қўллаб‑қувватламайдиган йирик буюртмачиларидан айрилиб қолиши мумкин.

Иккинчи сценарийга кўра, Франция кемаларни Москвага топширмайди.  Бу ҳолда Париж Москвага шартномада белгиланганидек, шартлар бажарилмаган тақдирда тўланиши лозим бўлган 785 миллион еврони тўлашига тўғри келади. Шунингдек, Россия кемаларни қабул қилиб олиш учун тайёрланган барча инфратузилмалар учун сарфланган маблағларни ҳам талаб қилишга ҳаққи бор.

Шунингдек, Париж “Мистрал”ларни бошқа харидорларга сотиш учун аввало Кремль ижозатини олиши лозимлиги ҳам қайд этиб ўтилди. Кемаларни янги харидор талаблари асосида қайта қуроллантириш эса яна ўн, балки юз миллионлаб евроларнинг сарф этилишига олиб келади. Зеро, “Мистрал”лар Россиянинг совуқ иқлимига қайта мослаштирилган, жумладан, кема Шимолий муз океани музларини ёриб ўтиш учун мустаҳкам пўлат билан қопланган, ангар қисми эса Россияда ишлаб чиқилган ва нисбатан баландроқ бўлган десант ташувчи Ка-27 ва Ка-52К вертолётлари учун баландроқ қилиб қуриб битказилган ҳамда Россияда ишлаб чиқарилган қўшимча қурол‑яроғлар билан таъминланиши кўзда тутилган эди.
Москва кемаларни сотишни тақиқлаган тақдирда, Франция вертолёт ташувчиларни ўз ҳарбий флотига қўшиб олишига тўғри келиши, натижада бошқа кемаларни модернизация қилиш учун ажратилган сарф‑харажатларнинг кескин камайишига олиб келади. Воқеалар ривожининг ҳар икки кўриниши ҳам француз ҳарбий саноатига бўлган ишончга путур етказади.

Франциянинг “Le Journal du dimanche” нашри эса француз томони тўлаши лозим бўлган товон пули Польшага етказиб берилган бошқа вертолёт ташувчи кема учун тўланиши кутилаётган 2 миллиард евро эвазига қопланишини маълум қилди. Газетада қайд этилишича, Франция Россиядан кемаларни бошқа буюртмачиларга сотиш ҳуқуқини ҳам олган бўлиб, НАТОнинг бир қатор аъзолари «Мистрал»ларга қизиқиш билдирмоқда. Бироқ, ушбу хабарнинг ҳақиқатга қанчалик яқин экани номаълум. Кейинроқ Франция бунёд этилган кемалар учун АҚШ, Евро иттифоқ, Бразилия сингари мамлакатлардан бошқа харидорлар излаётгани хабар қилингани фикримиз исботидир.

Бўлғуси харидорлар ким?

Америкалик таҳлилчилар ишлаб чиқарилган кемалар катта эҳтимол билан Бразилияга таклиф этилишини тахмин қилгани эътиборлидир. Жумладан, Паттерсон дипломатия ва халқаро савдо мактаби адъюнкт‑профессори, эксперт Роберт Фарли ҳам Франция Россия учун ишлаб чиқарган «Мистрал»ларни сотиб олиш бўйича Бразилияга мурожаат қилиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди. Унинг фикрича, мазкур мулоҳаза ҳақиқатга яқинроқ бўлиб, аввал илгари сурилган тахминий буюртмачилар – АҚШ, Канада, Хитой ва бошқалардан кўра ишончлироқ.

Бироқ масала чуқурроқ таҳлил қилинса, буюртма нархи, комплектация ва мамлакат талабларига мос келмайдиган вазифалар ҳамда энг муҳим масала – Россия‑Бразилия ўртасидаги илиқ муносабатлар мазкур тахминларни йўққа чиқаради. Йиллик ҳарбий бюджети 31 миллиард долларни ташкил этувчи Бразилия учун асосий муаммо кемалар нархининг баландлиги бўлиб қолаверади.

“Фикримча, улар мазкур кемаларни сотиб олмайди. Чунки «Мистрал»лар Бразилия флоти тизимига тўғри келмайди ва унинг вазифаларини бажара олмайди, ‑ дейди таҳлилчи. – АҚШ хорижда ишлаб чиқарилган йирик кемалар учун қимматбаҳо жамғармаларини ишга солмайди ва Хитойга ҳам денгиз‑десант ҳарбий амалиётлари учун мўлжалланган замонавий технологияларнинг берилишига йўл қўймайди. Канада ҳақиқатга яқинроқ харидор бўлиши мумкин эди. Бироқ расмий Оттаванинг ҳарбий харажатларни оширишни истамаслиги уриниш эҳтимолини камайтиради”, деб ёзади мутахассис “The National Interest” нашрига.

Ким кўпроқ зарар кўрди?

Аввало, кемаларни талаб даражасида сақлаш DCNS компаниясига арзонга тушмаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Bloomberg ахборот агентлигининг хабар қилишича, ҳар ойда кемаларни сақлаш ва уларга хизмат кўрсатиш мақсадида 3 миллион евро миқдорида маблағ сарфланмоқда.

Кўплаб мутахассисларнинг фикрича, аслида узоқ масофага десант ташиш “Мистраль” синфига оид ҳарбий кемаларнинг Россияга мутлақо кераги йўқ. Шу билан бирга, шартноманинг бекор қилиниши маҳаллий ҳарбий кемасозлик соҳаси фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.

Эндиликда Россияда “Мистраль” ўрнини босиши тахмин қилинаётган “Прибой” универсал десант кемаси лойиҳаси устида иш олиб борилаётгани ҳақида тез‑тез хабарлар тарқатилмоқда. «Армия-2015» форуми чоғида ҳам лойиҳа макети намойиш қилингани ушбу хабарларнинг ҳақиқатга яқин эканини исботлади. Ушбу лойиҳанинг асосий хусусиятлари “Мистраль” синфига оид кемалар билан ўхшаш бўлиб, унда ҳам денгиз десантларини ташиш ва етказиш муваффақиятли тарзда амалга оширилади. Шунингдек, “Прибой”да французелар томонидан йўл қўйилган техник камчиликлар бартараф этилиб, барча эҳтиёт қисмлар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланади ва шу боисдан кема таннархи арзонга тушиши таъкидланмоқда.

Хабарларга кўра, “Прибой”нинг сув сиғими 14 минг тоннани ташкил этиб, 5 метр қисми сувга чўккан ҳолда 60 сутка давомида автоном тарзда соатига 20 узел тезликда 6 минг мил масофани босиб ўтиши мумкин. Шунингдек, у ўз бортига 7 та кемага қарши ва десант ташувчи Ка-27 ва Ка-52К вертолётлари, 60 тагача техника, 4 тагача десант катерини жойлаштириши мумкин.

Маълумот ўрнида, “Мистраль” синфига оид ҳарбий кема Россия бюджетига 1,2 миллиард долларга тушиши мумкин бўлса, 2011 йилда Испанияда бунёд этилган «Хуан Карлос I» испан ғазнасига 360 миллион еврога тушган эди. АҚШ эса сиғими 40 минг тонна бўлган, бортида 46 тагача вертолёт ёки 20 тагача 20 самолёт, 1900 денгиз пиёдаларини сиғдира оладиган Wasp кемасини 750 миллион долларга қуриб олган эди.

Хулоса ўрнида айтиш ўринлики, ҳозирга қадар «Мистрал»ларнинг кейинги тақдири, Россия учун тўланиши лозим бўлган товон пули миқдори ҳам аниқ эмас. Турли оммавий ахборот воситалари тегишли мутасадди идоралардаги манбалари маълумотига асосланиб хилма-хил тахминларни илгари сурмоқда холос. Замонавий, айни пайтда қимматбаҳо ҳарбий кемалар кемалар эса замонавий ҳарбий қуролдан кўра, кўпроқ сиёсий воситага айланиб бормоқда. Келгусида улар кимнинг қўлига қандай шартлар асосида етиб боришига қараб ўша томоннинг қудратига баҳо бериш мумкиндир.mistral2

Кема ҳақидаги умумий маълумотлар:

«Мистраль» турига мансуб универсал десант кемаси

Ишлаб чиқарувчи давлат: Франция

Қурилган: 5та

Асосий хусусиятлари:

Сув сиғими: 21300 тонна (тўлиқ)

32300 тонна (тўлиқ ҳолатда)

Узунлиги:      199 метр

Кенглиги:  32 метр

Баландлиги:  64,3 м

Сувга ботиб туриши:          6,3 м (с ГАС)

Зирҳланмаган

Двигателлари: 3та «Вяртсиля» 16 V32 (6,2 MВт) дизель-генератор, 1 та «Вяртсиля» 18V200 (3,3 MВт) дизель-генератор.

Қуввати: 20400 от кучи (15 MВт)

Ҳаракатлантиргич: 2 та беш парракли винт

Сузиш тезлиги          19 узел (максимал) (бир узел – 1,852 км/с)

18 узел (33 км/с) (крейсер)

Сузиш масофаси: 18 узел тезликда 5800 миль (10800 км)

15 узел тезликда (28 км/с) 10700 миль (19800 км)

Мухтор (автоном) сузиш муддати: 30 сутка

Экипаж аъзолари: 160 киши (20 офицер) + 450 нафар денгиз пиёдаси (унча узоқ бўлмаган масофалар учун 900 нафар денгиз пиёдаси)

Қуролланиши

Радиолокацион қуролланиши: 2 та навигацион DRBN-38A Decca Bridgemaster E250 радиолокацион тизим (РЛС), 1 та мақсадларни аниқловчи MRR3D-NG радиолокацион тизим.

Тактик зарба берувчи қуроллар: йўқ

Артиллерия   АК-630

Зенит артиллерияси 2 × 30-мм Breda-Mauser артустановкалар,

4 × 12,7-мм «Браунинг» пулемёти; «3М47» Гибка

Ракетали қуроллар   2 × 2 — ПУ ЗРК Simbad

Авиацион гуруҳ: 16 та оғир ёки 32 енгил вертолёт.

 

sanjarsaid