Улфатларим

5 й. аввал Мулоҳаза72

Дунёда кўзга қувонч, қалбга шодлик улашувчи неъматлар бисёр. Улар орасидан энг қадрлиларидан бири, шубҳа йўқки, дўстлик, улфатчиликдир. Рўдакий ҳазратларининг:

Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун,

Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун.

сатрларида ҳам айни шу ҳақиқат мужассам. Қизиқ, дунёда неки шодлик жам бўлса-да дўстлар, улфатлар дийдоридан устун бўла олмаслигининг сири нимада экан-а? Не мўъжиза мужассамки, дўсту биродарлар учрашганида бор ғам-қайғулар унут бўлиб, юзларга табассум, қалбларга сокинлик инади? Балки бу Яратганнинг инсонлар қалбига жо этган илоҳий инъомидир. Йўқса дунёда қанчадан-қанча шодлигу неъматлар бор: фарзанд, ота-она, бойлик, мансаб…

Ўз ота-онаси, қариндош, болаликдаги дўстларидан олисда яшаётган турли касб, турли ёшдаги, турлича дунёқарашга эга улфатларим даврасида шундай хаёллар оғушида қоламан. Бу инсонларнинг бир жойда жам бўлиши, қалбдан суҳбат қуриб, бир-бирига таян, суянч бўлиши Яратганнинг илоҳий неъматининг шарофати эмасмикан? Худонинг бетакрор неъмати эканини бекорга тилга олмадим. Зеро, буюк саҳоба Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деган: «Баъзан неъматларга ношукрчилик бўлади. Гоҳида қариндошлик алоқалари узилади. Бироқ қалб яқинлиги каби нарсани кўрганимиз йўқ». Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Мўминларнинг руҳлари бир кунлик масофадан туриб ўзаро мулоқотда бўлади. Ўзлари бир-бирини кўрмаса ҳам», дедилар».

Умайр ибн Исҳоқ: «Биз ўзимизча, одамлар ўртасида биринчи бўлиб улфатчилик кўтарилса керак, деб юрардик», деди».

Ҳа азизлар, улфатчилик бор экан, инсонлар қалбига яқин қадрдонлар билан жамланаверар экан, Қиёмат қойим бўлмайди, оламда эзгулик, меҳр-оқибат давом этаверади.

sanjarsaid