Фрилансер бўлмоқчиман

3 й. аввал Жамият, Слайд80

Сўзим аввалида фрилансер истилоҳини билмайдиганлар учун унинг нималиги тўғрисида маълумот бериб ўтсам. Фрилансер сўзи инглизчада «freelancer» — штатсиз ишчи, хусусий мутахассис маъносини англатиб, бу истилоҳ илк маротаба Волтер Скотнинг “Айвенго” романида “Ўрта асрлардаги ёлланма аскар” маъносида қўлланилган. Бугун эса интернет, босма эълонлар ёки шахсий алоқа каналлари орқали ўз хизматларини таклиф қилувчи турли соҳа мутахассислари фрилансер деб аталади. Улар одатда журналистика (ёки матн ёзиш билан боғлиқ бошқа фаолият шакллари), ҳуқуқшунослик, компьютер дастурлаш, архитектура, барча йўналишлардаги дизайн (реклама, веб-дизайн, интерьер дизайни), таржимонлик, фото ва видео тасвирга олиш, экспертлик ва маслаҳатчиликнинг турли шаклларини ўз ичига олган соҳаларда хизмат кўрсатишади. Қурилиш соҳасида ҳам фрилансерлик кенг тарқалган бўлиб, айрим ташкилотлар қурувчилар учун иш ўрни очмасдан, мавсумий фрилансерлар меҳнатидан фойдаланишни маъқул кўрмоқда.

Фрилансерликнинг кўпгина ижобий жиҳатлари бор. Улар қаторига эркин иш тартиби, уйда меҳнат қилиш имконининг мавжудлиги (айниқса ёш оналар ва кўп ҳаракат қилишга имконсиз кишилар учун мақбул хизмат), катта фойда (идора ижараси, ҳар кунлик йўл ва овқатланиш харажатларининг тежалиши), фақатгина ўз юмушига масъуллик, шарт-шароитларни ўзи истагандек қулайлаштириш, жамоат тадбирларида фаол қатнашиш, лойиҳаларни ва ҳамкорларни мустақил танлаш кабиларни санаб ўтиш мумкин.

Иш берувчиларга эса вақт ўтказиш ёки ишчи ўрни эмас, балки фақатгина бажарилган иш учун пул тўланиши маъқул келади. Шунингдек, маҳаллий мутахассисларга боғланиб қолмасдан, турли ҳудудларда яшовчи юқори малакага эга ходимлар билан ишлаш мумкинлиги, ижтимоий кўмак, меҳнат таътили ва ходимлар саломатлиги учун маблағ сарфламаслик каби қулайликлари ҳам бор.

Фрилансерликнинг салбий жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Масалан, фрилансер учун доимий равишда янги буюртмалар ва мунтазам даромад манбаининг йўқлиги, ишни мустақил қидириб топиш бир оз қийинчилик туғдириши мумкин.frilanser2

Бугунги кунда тараққиётни фрилансерлар иштирокисиз тасаввур қилиш мушкул. Буни ривожланган Ғарбий Европа мамлакатлари ва АҚШда фриланс-хизмат кўрсатиш бозорининг кенг тараққий этгани ҳам исботлаб турибди. Улар томонидан орттирилган бой тажриба асосида дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатларида ҳам ушбу хизматдан фойдаланиш тобора кенг қулоч ёймоқда. Бундан ўн йил муқаддам АҚШ Меҳнат департаменти мамлакатда қарийб 10,3 миллион ишчи фрилансерлик билан шуғулланишини маълум қилган эди. Бу меҳнатга жалб этилган умумий ишчиларнинг 7,4 фоизини ташкил этади. Фрилансерликка асос солинган АҚШ ҳозирга қадар фрилансер-мутахассислар сони бўйича дунёда яққол пешқадамлик қилиб келмоқда. АҚШ Фрилансерлар уюшмаси (Freelancers Union) ҳамда «СЕО Elance-oDesk» компанияси маълумотларига кўра, айни пайтда 53 миллион америкалик фрилансер сифатида фаолият юритмоқда. Бу эса мамлакат меҳнат ресурсларининг қарийб 34 фоизини ташкил этади.

Компаниянинг 2014 йил III чораги бўйича ҳисоботида келтирилишича, фрилансерлар дунё миқёсида 2,9 миллиард АҚШ доллари миқдорида фойда кўришган. Топилган маблағларнинг қарийб ярми технологиялар соҳасига тегишли бўлса, муаллифлик ишлари ва таржималар орқали ҳам каттагина фойда кўрилган.

Ҳар қандай фрилансер меҳнат бозорида унинг хизматларига бўлган талабнинг қай даражада экани билан қизиқиши табиий. Бу борада ахборот технологиялари бўйича кўрсатилаётган фриланс хизматлар яққол пешқадам эканини айтиб ўтиш жоиз. Айниқса, web ва app-development (веб-сайт ва мобил иловалар яратиш), дизайн, шу жумладан, савдо белгилари, логотиплар яратиш, график дизайн, сайтлар дизайни, уларга контент — блоглар, мақолалар, маркетинг материалларини жойлаштириш кабилар бўйича масофадан туриб кўрсатиладиган хизматларга эҳтиёж юқори.

Буюртма берувчиларни жалб қилиш борасида фрилансерлар учун кўплаб қулайликлар яратилганини ҳам айтиб ўтиш лозим. Масалан, фрилансерлар учун махсус интернет ресурслар, ҳар хил меҳнат биржаларида махсус лойиҳалар агрегатлари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар орқали буюртма берувчиларга масофадан туриб кўрсатилувчи хизматлар, турли таклиф ҳамда йўл-йўриқлар бериб борилади.

«Freelancer.com» сайтининг минтақавий директори Никки Паркернинг таъкидлашича, бу борада энг катта муаммо фаолиятни бошлаб олиш. “Маҳаллий миқёсда иш олиб бориш учун яхшигина обрў-эътибор ҳамда мижозлар сизни танлашга кўзи етадиган даражада алоқа каналларига эга бўлиш талаб этилади. Жаҳон миқёсида ишлаш учун эса биринчи ўринда хизматингиз учун мижозлар томонидан қолдирилган фикр-мулоҳазалар ва онлайн-репутация зарур”, дейди у.

112476_orХулоса қилиб айтсам, фрилансерлик катта таваккал дегани. Доимий изланиш, ўз устида ишлаш, даромад манбаларини қидириш, бир сўз билан айтганда, ризқини кўчадан топиб юрган қуш каби яшаш керак бўлади. Бир қараганда қўрқинчлидек туюлса-да мен ҳам фрилансер бўлмоқчиман.

sanjarsaid