“Камолот” медиатренинги: улар ишончни оқлайдими?

6 й. аввал Жамият, Слайд50

Хабарингиз бўлса керак, 14-17 июнь кунлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Камолот” оромгоҳида “Ёш репортёрлар — 2015” медиатренинги бўлиб ўтди. 150 нафарга яқин ёшларга тўрт кун давомида репортёрлик сирларидан сабоқ берилди. Айтишим мумкинки, медиатренингга ўз ишининг устаси бўлган ва мен шахсан таниган ҳамда ҳурмат қилган тренерлар таклиф этилибди. Интернет журналистикаси йўналишида Наргиз Қосимова (nargis.uz), матбуот йўналишида Фарруҳ Жабборов (“Маърифат” газетаси бош муҳаррир ўринбосари), телевидение йўналишида Қуддус Аъзам, радио соҳасида “Орият доно” радиоканали бош муҳаррири вазифасида меҳнат қилган Ирода Исмоилова, матбуот хизмати йўналишида эса Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати ходими Шуҳрат Сатторов каби профессионал мутахассислар машғулот олиб боришди.

Тренерларку, ўз ишини яхши билишади, лекин тренинг қатнашчилари бу ерга нима мақсадда жамланганини, зиммаларига юклатилаётган масъулиятинг қанчалик баланд эканини ҳис қилишдимикан? Менимча, тўлиқ эмас. Сафар жараёнида улардаги ўзини кўрсатиш, баландпарвоз сўзларни ишлатишга кучли мойилликни сезгандек бўлдим. Айниқса, шеърхонлик бобида бир неча бор ўринсиз чиқишларга гувоҳ бўлдим. Масалан, маҳоратли актёр, таржимон, журналист ва ҳуқуқшунос Отабек Маҳкамов ёшларга интервью олиш сирлари ҳақида маъруза қилаётган пайтда икки “шоир” ўша жойнинг ўзида Отабек акага бағишлаб шеър ёзишга баҳслашибди. Нутқ охирида улар шеърни ўқиб беришди. Менимча, бу медиатренинг мақсадларига унчалик ҳам тўғри келмайдиган ҳолат. Ахир журналист интервью олишнинг нозик сирлари ҳақида сўзлаётган эди, адабиёт ёки шеър ҳақида эмас. Агар адабиёт, шеърият тренинги бўлганида ҳам майли эди, қаршиликсиз қабул қилинарди.

Дарвоқе, медиатренинг иштирокчилари зиммасига қандай масъулиятли иш топширилди? Улардан нима кутилаяпти? Англашимча, 150 нафар репортёр ўзи яшайдиган жойга бориб, ахборот бозорини тезкор, холис, баландпарвоз, олди-қочди гаплардан ҳоли бўлган ахборотлар билан таъминлаши керак. Ёшлардан энг охирги воқеа-ҳодисалар, улар хоҳ “Камолот”га алоқадор бўлсин, хоҳ бошқа мавзуда, ижтимоий тармоқлар, ўз блоглари ва бошқа каналлар орқали ёритиб бориш талаб этилади. Менга ёққан нарса шундаки, “Камолот” уларга моддий-техник, услубий кўмагини аямайди. Ўзлари фейсбукда саҳифа очиб берса, блог юритиш учун текиш домен, бепул хостинг таклиф қилиб турган бўлса, керак бўлса ишлаш учун жою интернетга уланган компьютерлар берса, ёш репортёрга мақола, янгилик, репортаж тайёрлаш қолди холос. Менимча, бу унчалик қийин иш эмас. “Камолот”чи бўлиш мазза, ҳар куни тадбир, тренинг, давра суҳбати, оромгоҳу ҳашамдор меҳмонхоналардаги зиёфат, кофе-брейклар, ўйин-кулгу, юртимизнинг энг хушманзара масканларига сафару саёҳатлар, деб ўйлайдиганларга аслида “Камолот” фаоли қандай имкониятларга эга эканини амалда кўрсатиш вақти келди.

sanjarsaid