Уринотерапия — ҳақиқатми ёки афсона?

Айрим манбаларда келтирилишича, уринотерапия, яъни пешоб билан даволаш Ҳиндистондан кириб келган. Пешобни кучли даволаш хусусиятига эга, деб ҳисобловчилар унинг ёрдамида қарийб барча касалликларни — шамоллашдан тортиб, саратонгача даволаш мумкинлигига қаттиқ ишонишади. Теранроқ фикрлайдиган кишилар эса у шунчалик фойдали бўлса, нима учун организм пешобдан тезроқ қутулишга ҳаракат қилади, деган саволни ўртага ташлайди. Кўриниб турибдики, пешобни оби ҳаёт дейдиганлар ва ундан буткул жирканадиганларнинг ҳам ўзи ишонган аргументлари бор. Замонавий тиббиёт эса уринотерапияни қарийб қоралайди.

Россиялик машҳур телебошловчи Малахов дастурларини томоша қилувчилар бўлса, пешобнинг тиббий хусусиятларига чиппа-чин ишонса керак. Ростдан ҳам, унинг “қудрати”га ишонган кўплаб одамлар топилади, тан олишим керак, болаликда биз ҳам ундан “шифо” кўрганмиз. Қандай қилиб, дейсизми, далада мол боқиб юрган вақтларимиз бирор жойимиз кесилиб кетса, жароҳат жойини у билан ювиб, устидан қалин қилиб тоза тупроқ сепиб қўярдик.

Унинг бу каби даволаш хусусиятининг сири бугунга келиб ечилган. Гап шундаки, унинг таркибида кўп миқдорда кортикостероид гормонлар мавжуд бўлиб, улар буйрак усти безлари пўстлоғида ишлаб чиқарилади. Бундай гормонлар кўплаб жиддий касалликларда яллиғланишларга қарши восита сифатида қўлланилади. Дейлик, шифокор сизга преднизолон препаратини буюрган бўлса, билингки, унинг таркибида 1 ва 5 мг кортикостероид гормонларидан бўлади. Унинг кунлик меъёри эса 4-20 мгни ташкил этади. Пешоб билан эса суткасида 20дан 40 мггача гормонлар ажралиб чиқади. Кўриниб турибдики, кимдир пешоб билан даволаниш истагида бўлса, организмига меъёридан икки баробар ортиқ кортикостероид гормонларини қабул қилади. Яъни, уринотерапия талабларига кўра, кунлик пешоб тўлиқ ичкарига қайтиши керак (дахшат). Юқорида айтилганидек, кортикостероид гормонлари буйрак усти безларида ишлаб чиқарилади. Агарда организмга ортиқча гормонлар қабул қилинса, буйрак усти безлари уларни ишлаб чиқаришни тўхтатади. Бу эса биринчидан, гормонал мувозанатни бузса, иккинчидан, буйрак усти безлари фаолиятида ҳам муаммоларни келтириб чиқара бошлайди. Кортикостероидлар қандли диабет, қон босимининг ортиши (гипертония), остеопороз, нефрит (буйрак яллиғланиши), ҳомиладорлик, герпес (учуқ), терининг замбуруғли касалликлари, юрак фаолиятининг декомпенсацияси (бузилиши) ва психологик касалликларда тавсия қилинмайди. Болаларда эса кортикостероид гормонларининг узоқ вақт қабул қилиниши ривожланишдан тўхташ, бўй ўсмай қолишини келтириб чиқаради.

Тиббиётда уринотерапия климакс даврининг эрта бошланиши, семизлик, ошқозон-ичак хасталикларига сабаб бўлиши аниқланган. Уринотерапия натижасида сурункали қайт қилиш, диарея, ошқозон ва ичаклар қўзғалишлари ҳам келиб чиқиши исботланган. Айрим ҳолларда уринотерапия қабул қилган кишилар дизентерия, ичтерлама, ҳаттоки вабо аломатлари билан шифохонага ётқизилган. Уларда ҳеч қандай вирус аниқланмаган ва касаллик белгилари пешоб ичишни тўхтатиши билан йўқолган.

Унутмаслик лозимки, пешоб фақатгина яллиғланишлар даражасини камайтиради, лекин касалликни бутунлай даволамайди. Шунинг учун ҳам пешобнинг “фойдаси”ни сезсангиз, бу сизнинг буткул тузалиб кетганингизни англатмайди. Яллиғланиш яна қачондир қайталанади ва яна пешоб ичишингизга тўғри келади.

Пешобни ташқи томондан қўллаш ҳам тиббиётда тавсия қилинмайди. Ундаги гонококклар тери ва шиллиқ қаватлар(масалан, кўз)нинг йиринглашига сабаб бўлиши мумкин. Фавқулодда ҳолатларда яшаб қолиш бўйича кўплаб қўлланмалар, жумладан, АҚШ армиясининг дала қўмондонлиги кўрсатмаларида пешобдан ичимлик суви сифатида фойдаланиш қатъий тавсия қилинмайди.

Энди унинг кимёвий таркибига эътибор қаратсак. Пешобнинг таркиби турли омилларга боғлиқ. Масалан, инсон ёши, турмуш тарзи, фаолият тури, жинси, тана вазни ва ҳоказо. Унинг 97 фоизи сувдан иборат. Қолгани эса мочевина (карбомад — пешоб таркибида учрайдиган кристалл модда), сийдик кислотаси, гиппур кислотаси (N-бензоилглицин), креатинин, ксантин, уробилин, индикан, аминокислоталар, оқсил, глюкоза, ацетон, катионлар (K+, Na+, Ca2+, Mg2+, NH4+), анионлар (Cl−, SO42−, НРО42−), аммоний ионлари, шунингдек, хлорид, сулфат, фосфат ва бошқа оғир металларнинг тузлари, аммиак ва ҳоказолардан иборат. Пешобда касаллик қўзғатувчи хламидия ва гонококк вируслари ҳам учрайди.

Бу гапларга ишонмайдиган кишилар учун эса айрим тавсияларни бериб ўтиш жоиз. Уринотерапияни бошлашдан олдин албатта шифокор билан маслаҳатлашинг. Бу билан ўз-ўзини заҳарлар (атравления), қоннинг заҳарланиши, ички аъзоларнинг шикастланиши, ошқозоннинг ўткир яллиғланиши, колит ва энтероколит, ҳомиладорлик даврида ҳомиланинг нобуд бўлиши каби касалликларга олдиндан руҳий тайёргарлик кўрган бўласиз. Шифокор эса бу пайтда нималар қилишингиз лозимлигини эслатиб қўяди. Шунингдек, истеъмол қилинидагин пешобни «оқим»нинг ўрта қисмидан олинг. Чунки дастлабкиси чиқиш йўлларидаги заҳарли моддаларни ювади.

Маълумот учун: сутка давомида 1500 литр миқдоридаги қон томирлар бўйлаб айланиб, ҳужайралардаги ортиқча моддаларни ортга олиб қайтади. Натижада 180 литр миқдорида бирламчи пешоб ҳосил бўлади. У ўз таркиби билан қон плазмасини эслатади. Буйрак каналчалари бўйлаб ҳаракатланган пешобдан организм учун зарур бўлган моддалар ва сув ўзлаштирилиб, яна қонга қайтади. Сувда эриган заҳарли ва кераксиз моддалар эса ташқарига чиқариб юборилади. Улардан мочевина, креатинин, сийдик кислотаси, аммиак инсон организми учун жуда хавфли.

sanjarsaid