Ник Вуйчичнинг синмас иродаси

5 й. аввал Жамият, Слайд94

Ник Вуйчич – ўзининг мустаҳкам иродаси билан дунёга танилган инсонлардан. У қўл-оёқсиз бўлса ҳам яшашга, яшаганда ҳам сабот ва матонати билан инсонларга, биз — турт мучаси соғ бўла туриб ҳаётдан нолийдиган кишиларга ибрат-намуна кўрсата олди. У доим кулиб, жилмайиб юради. Гоҳида жилмаявериб чарчаб кетишидан нолиб ҳам қолади.

Ник 1982 йилнинг 4 декабрида Австралиянинг Брисбен шаҳрида, серб муҳожирлари оиласида дунёга келган. Онаси ҳамшира, отаси черков хизматчиси. Ирсий жиҳатдан ҳаммаси жойида эди, ҳомилалик даври ҳам меъёрида кечди. Ота-она биринчи фарзандининг дунёга келишини орзиқиб кутишди. Туғруқ пайтида Никнинг отаси ҳам ўша ерда ҳозир эди. Дунёга келган боланинг қўлсиз эканини кўрган отаси дахшатга тушган қиёфаси билан турмуш ўртоғини қўрқитиб юбормаслик учун хонадан секин чиқиб кетади. Туғруқдан сўнг ҳузурига кирган шифокордан “Менинг ўғлим… Унинг қўллари йўқмиди?!” деб сўрайди. “Йўқ, ўғлингизнинг қўллари ҳам, оёқлари ҳам йўқ…” деган жавобни олганида эса янада тушкун ҳолатда қолади. Унинг фарзанди жуда ноёб хасталик — Тетраамелия синдроми билан дунёга келганди.

PR20130414221424Аввалига гўдакни онасига кўрсатишмади. Бу ҳақда айтишганидан сўнг эса қўл-оёқсиз болани дунёга келтирганига кўникиш учун тўрт ой керак бўлди. Бу вақт ичида у фарзандини қўлига олмади, кўкрак сути билан боқмади… Бироқ вақт ўтиши билан она тақдирга ёзилганига кўнишга қарор қилди. Аста-секин вояга етаётган Ник чап сонида яхши ривожланмай қолган оёқчаси билан ёзиш-чизишни ўрганди. У юриш, компьютер ўйнаш ва сузишни ҳам ўзлаштирди. Унинг ота-онаси фарзандини одатий мактабда ўқишига эришиш учун анча вақт ҳаракат қилишди. Ниҳоят Ник Австралия мактабларига қабул қилинган биринчи ногирон бола бўлди.

10 ёшга кирганида Никнинг синфдошлари унинг устида кулишади. Шунда онасидан ўзини ваннага олиб киришни сўраб, чўмилиш истаги борлигини айтди. У сувда ўзини ўзи чўктирмоқчи эди. Аммо сувда чўкиш истаги амалга ошмади. “Мен сувда юзтубан ётдим, бироқ бу ҳолатда туриб жуда қийин эди. Бу вақт ичида ўзимнинг кўмиш маросимимни кўз олдимга келтирдим, мана — менинг отам ва онам… Шу вақтда англаб етдимки, мен ўзимни ўлдира олмайман”, дея хотирлайди Ник.PR20130413212850

Уни бутун умр ишлай олмаслик, бошқа одамлар каби тўлақонли ҳаёт кечиролмаслик, турмуш ўртоғининг қўлларидан ушлаб, фарзанди йиғласа, кўтариб, эркалашнинг имконсиз  эканлиги ҳақида ўйларди. Бироқ Ник 19га кириб университетда таҳсил олаётганида ундан талабалар олдида сўзга чиқишни сўраб қолишди. Учрашувнинг учинчи дақиқасиданоқ қизлар йиғлашни бошлашди. Улардан бири узоқ вақт ўзини тута олмади ва унинг ёнига бориб уни қучишга изн сўради. Ник ҳайратда эди. Қиз унинг олдига келди ва қучиб, ҳеч қачон, ҳеч ким шу вақтгача унга севги изҳори қилмаганини айтди. Қиз жуда гўзал ва латофатли эди. Шу лаҳзалардан Никнинг ҳаёти буткул ўзгарди. Бугун у профессионал нотиқ. Ник йилига 250 марта нутқ сўзлайди. У дунёнинг 55дан зиёд мамлакатида маъруза қилган. Мактаблар, қамоқхоналар, стадионлар, меҳрибонлик уйларида одамларга ўзига ишониш, ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасидан баҳра олиб яшаш, ҳар қандай ҳолатда ҳам Худога суянишни тарғиб қилади.

3306_Nik_Vuychich_U_-o Кўча-кўйда болалар ундан нима сабабдан бундай эканлигини сўраб қолса, у “ҳаммасига сигарет айбдор” деб жавоб беради. Балки ишонмассиз, у ўз оёқчаси билан компьютерда “Чегарасиз ҳаёт” деб номланган китоб ёзган. Бу китоб 2010 йилда чоп этилган бўлса, ундан кейин “Тўхтатиб бўлмас. Ҳаракатда ироданинг мислсиз қудрати” (2013), “Кучли бўл. Сен зўравонликка қарши тура оласан (ва яшашингга халал бераётган ҳамма нарсага)” (2014) ҳамда “Чегарасиз муҳаббат. Бетакрор кучли муҳаббат сари йўл” номли асарлари дунё юзини кўрди.1131

12363510.cover

Бўш вақтларида Ник балиқ овлаш, голф ўйнаш ёки денгиз тўлқинларида серфинг учишни ёқтиради. У ривожланмай қолган чап оёғининг қўшилиб кетган икки бармоғи жарроҳлик йўли билан ажратилгач, компьютерда дақиқасига 40тагача сўз ёзадиган даражага етган.

2012 йилнинг февралида Ник Вуйнич ҳаётида унутилмас воқеалардан бири содир бўлди. У Канаэ Миахарега уйланди.2

Орадан роппа-роса бир йил ўтиб эса Вуйчичлар хонадонида мутлақо соғлом боланинг йиғиси янграй бошлади. Унга Киеши Жеймс Вуйчич дея ном беришди. Бахтиёр оила номига дунёнинг барча қисмларидан табрикномалар, қутловлар ёғилди.

1

Ник Вуйчик фикрларидан:

Уйланмасимдан олдин турмуш ўртоғимни қўлимда тута олмасам қандай оила бошлиғи бўлар эканман, деб ўйланар эдим. Бироқ сен унчалик яхши эмассан, деб ўйлаш — ёлғон. Сен ҳеч нимага қодир эмассан, деб ўйлаш ҳам ғирт ёлғон. Ҳа, хотинимни кўтариш учун менинг қўл-оёғим йўқ. Бироқ қачонки Худо менга турмуш ўртоқ насиб этса, уни юракларим билан кўтараман дегандим!

Менинг ўйлашимча, энг катта ногиронлик, бу — қўрқув. Келажакдан қўрқиш. Омадсизликларга чидашдан қўрқиш. Ёлғизликдан қўрқичш.

Болалигимда катта бўлсанг ким бўласан, дея сўрашарди. Мен полициячи, жарроҳ ёки сураткаш бўла олмаслигимни яхши билардим. Келгусидаги ҳаётимни тасаввур қилолмасдим. Яшашдан мақсад қидирардим. Ва тушуниб етдимки, нима қилишим мумкинлигини аниқ билмагунимча бахтли бўла олмайман. Энди эса қачондир мени тобутимга қўяётган вақтда одамлар менинг ким бўлганим, қандай натижаларга эришганим эмас, балки одамлар билан қандай муомалада бўлганим, уларни қанчалик яхши кўрганим, руҳлантирганим, қўллаб-қувватлаганим ҳақида сўзлашишини тушуниб етдим.

Умид ҳамма нарсага қодир. Мени Худога бўлган ишончим, эътиқодим ва оилам қўллаб-қувватлайди.

Агар мағлубиятлар тажрибаси бўлмаганида, бугунги даражага ета олмасдим.

Қачонки биз кимгадир ёрдам берсак, ўша лаҳзалар ҳаётнинг энг тотли онларидир. Худони ва бир-биримизни севиш — шуларда мен ҳаётдаги мақсадимни, куч, қувонч ва қалб гармониясини кўраман. Менга қўл-оёқлар керак эмас. Менга ҳаёт ва ҳеч қачон таслим бўлмаслик керак.

sanjarsaid