MERS ёки туяни қулатган хасталик

Куни кеча Жанубий Корея соғлиқни сақлаш ва фаровонлик вазирлиги мамлакатда Яқин шарқ респиратор синдроми хасталигидан икки кишининг ҳаётдан кўз юмганини расман тасдиқлади. Шунингдек, хасталик билан боғлиқ яна 25та ҳолат аниқланиб, беморлар билан мулоқотда бўлган қарийб 700 нафар киши карантинга олингани маълум қилинди. Бу янгилик фақатгина Жанубий Корея эмас, балки бутун дунёда катта шов-шувларга сабаб бўлмоқда, ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда. Хўш, MERS коронавируси нимаси билан бунчалик ваҳимага сабаб бўлмоқда? Жанубий Кореяда ўқиётган, меҳнат қилаётган минглаб юртдошларимизга бу касаллик қандай хавф туғдириши мумкин?

2012 йили Саудия Арабистонида илк бор аниқланган туя гриппи касаллиги ҳаво-томчи йўли билан юқиши мумкин ва охири ўлим билан якунланмоқда. Яъни, касалликка қарши ҳозирча ишончли даво чораси топилмаган.

2014 йил ўрталарида С.Арабистони ва БААда ушбу касаллик билан боғлиқ 44 ҳолат маълум бўлган эди. Йил охирига бориб эса у Филиппинда ҳам қайд этилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 2015 йилнинг 1 июнь ҳолатида дунё бўйича жами 1154 ҳолат рўйхатга олинди. Беморларнинг 431 нафари ҳаётдан кўз юмган. Бунда ўлим ҳолати 40 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда. Бу эса ўтган йилнинг топ-хасталиги Эбола билан деярли бир хил кўрсаткичдир.

2012 йил олиб борилган тадқиқотларда MERS вирусининг асл манбаси сифатида Миср қабристон учар сичқонлари — Taphozous Perforatus кўршапалаклари эканлиги аниқланган эди. Ундаги олинган вирус намуналари инсондаги билан деярли бир хил эди. Яна бир тахминга кўра, вируснинг бошланғич нуқтаси бир ўркачли нортуяларга бориб тақалади. Улардаги вируслар ўхшашлиги ҳам 99,99 фоизни ташкил этган. 2013 йилги изланишларда эса 90 фоиз араб нортуяларида мазкур вирус мавжудлиги аниқланди.

MERS-CoV касаллигининг хавфли жиҳати шундаки, вируслар нафас олиш эпителий тўқималари ҳужайраларини шикастлаб, жуда тезлик билан кўпаяди. Асосий муаммо шундаки, инсоннинг табиий ҳимоя воситаси — иммун тизими улар олдида ожиз қолмоқда. Вирусологларнинг таъкидлашича, коронавирус янги ҳужайрага кирса, ўз генларини мунтазам равишда ўзгартириб туради.

Касалликнинг дастлабки кунлари оддий шамоллаш кўринишида ўтади. Тахминан бир ҳафтадан сўнг у ўткир буйрак етишмовчилиги ва ўткир пневмония кўринишига келади. Организм ҳолсизланиб, ўлимга олиб келади.

Юқорида таъкидланганидек, касаллик ҳаво-томчи йўллари билан юқади. Бошқа “атипик пневмония” касалликлари (товуқ, чўчқа ва бошқаларни эсланг)дан фарқли равишда, туяни қулатган бу хасталик янада юқувчанлиги айтилмоқда. Ушбу вирусларнинг бошқа турдошларидан асосий фарқи инсон ўпкасидаги ҳужайраларнинг юқори қисмида жойлашган махсус рецепторларидан фойдалана олади.

Даво топилдими?

Ҳозирча ушбу касалликка қарши бирор дори воситаси ишлаб чиқилгани йўқ. Шифокорлар интерферон (касалликларга қарши кураш учун ишлаб чиқарилувчи бир қатор оқсиллар бирикмаси)га таъсирчан эканини айтишмоқда. Баъзи мутахассислар эса дипептидил-пептидаз-4 (DPP-4 ингибиторлари) ингибиторларини чора сифатида тавсия қилишмоқда. Масалан, ситаглиптин, анаглиптин ва бошқа дори воситаларини санаб ўтиш мумкин.

MERSни даволашда асосий вазифа организмда вирусларнинг кўпайиши(репликация)га йўл қўймасликдир. Бунинг учун a2б-интерферон ва рибавирина препаратлари тавсия қилинмоқда. Унинг аломатларига қарши курашиш учун эса зирк (барбарис) ва момоқаймоқ илдизидан тайёрланган махсус дамламалар ичиш тавсия қилинган. Улар таркибидаги бербедин (алкалоид) ва лупеол (терпеноид) DPP-4 ингибитори азифасини бажариши мумкин.

Энг муҳим чора сифатида эса касалликнинг мамлакатга кириб келмаслиги йўлларини кўриш ҳамда карантин олиб бориш айтилмоқда.

Касалликка чалинмаган фуқароралар, жумладан, унинг ўчоқлари аниқланган давлатларда истиқомат қилаётган фуқароларимиз эса янада эҳтиёткор бўлишлари, соғлом турмуш тарзига риоя этиб, нотаниш кишилар билан мулоқотни имкон қадар камайтирганлари маъқул. Профилактика мақсадида иммун тизимини кучайтирувчи маҳсулотлардан истеъмол қилиб, спорт билан шуғулланиб боришни тавсия қилган бўлардим.

Қирқ йил қирғин бўлса ҳам ажали етган ўлади, дейишади. Қандай янги турдаги касаллик бўлмасин, биринчи навбатда ваҳимага йўл қўймаслик керак. Шифокорлар, мутахассилар томонидан ишлаб чиқилган тавсияларга риоя қилган ҳолда хуш кайфият билан яшаш, иштиёқ билан меҳнат қилишда давом этаверинг.

sanjarsaid