Франчайзинг

2 й. аввал Жамият, Илм-фан46

Бу тизим қарийб 150 йилдан буён мавжуд бўлиб, турли мураккаб вазиятлар, иқтисодий инқирозлар даврида ҳам йўқолиб кетмади, аксинча, янада такомиллашди. Йиллар ишончини қозонган бизнес шаклидан айни пайтда дунёнинг 80дан зиёд мамлакатида 70дан ортиқ соҳаларда муваффақиятли қўллаб келинмоқда. Маълумотларга кўра, франчайзинг усулида ташкил топган фирма ва компанияларнинг 92-95 фоизи фаолияти бошланганидан 5 йил ўтиб ҳам уни тўхтатмаган, балки янада гуллаб-яшнаган.

Франчайзинг (ингл. franchise, «лицензия», «енгиллик») ёки франшиз (фр. franchise — имтиёз, енгиллик), бозор субъектлари ўртасидаги муносабатларни ҳужжатлаштирувчи тижорий шартнома тури бўлиб, бир томон (франчайзер) иккинчи тараф (франчайзи)га маблағ (роялти) эвазига муайян тадбиркорлик кўринишини уни юритиш учун ишлаб чиқилган бизнел моделидан фойдаланиш ҳуқуқи билан биргаликда бериб туришни англатади. Яъни, франчайзинг — савдо белгиси, ғоя, тажриба, билим, ишлаб чиқариш ва бошқариш технологияларидан фойдаланиш ҳуқуқининг сотиб олинишидир. Ўз ишини яхши ташкил этган франчайзерлар таркибида ўнлаб ва юзлаб франчайзилар фаолият олиб боради, алоҳида вазиятларда эса, бир франчайзернинг франчайзи тармоғи таркибида минглаб корхоналар бўлиши мумкин. McDonald’s дунёдаги энг машҳур ана шундай франшизлардан бири ҳисобланади.

Бугунги замонавий кўринишдаги франчайзинг илк маротаба жаҳонга машҳур зингер тикув машиналарини сотиш ва уларга хизмат кўрсатишда қўлланилган. Шу боис ҳам «Singer Sewing machine company» компанияси асосчиси Исаак Зингерни франчайзинг отаси дейиш мумкин. Зингер 1851 йилдан бошлаб фирма маҳсулотларини тарқатувчилар — дистрибьюторлар билан франшизни етказиш бўйича ёзма шартнома тузиб, унга АҚШ белгиланган ҳудудларида маҳсулотни сотиш ва тикув машиналарига хизмат кўрсатиш бўйича қоидаларни киритади.

Тўлақонли франчайзинг тизимидан фойдаланиши Зингер компаниясига тикув машиналарини оммавий ишлаб чиқариш, мамлакатнинг барча ҳудудларига уларни осонгина етказиш ҳамда маҳсулот нархини рақобатбардош меъёрда ушлаб туриш имконини берди. Бироқ ҳудудларда тикув машиналарига хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш бўйича айрим муаммолар йўқ эмасди. Айни шу сабаб билан франчайзинг тизими ишлаб чиқилиб, муайян ҳудудда маҳсулотларни сотиш ва уларга хизмат кўрсатиш борасидаги чекланган ҳуқуқлар молиявий жиҳатдан мустақил фирмаларга юклатила бошланди.

1920 йилларда АҚШда маҳсулот франчайзинги кенг ривожланишни бошлади. Франчайзинг тамойилларига биноан, чакана савдо шаҳобчалари эгалари билан маҳсулотларни улгуржи етказиб берувчилар ўртасида ўзаро мустаҳкам алоқалар ўрнатилди. Улгуржи савдогар (ёки франчайзер) унча катта бўлмаган чакана савдо дўконларига ўз мустақиллигини сақлаган ҳолда савдо белгиларидан фойдаланишда кўп сонли қўшимча чегирмалар тақдим этган.

АҚШ иқтисодиётида бўлиб ўтган инқироздан сўнг 1930 йили франчайзинг нефтни қайта ишлаб компаниялари томонидан ҳам қўлланила бошланди. Бунда илк маротаба автомобилларга ёнилғи қуйиш шаҳобчалари тармоқлари вужудга келди. Яъни, шаҳобчалар маҳаллий майда ташкилотларга ижара шартлари асосида тақдим этила бошланди.

1945 йили МакДональдс компанияси асосчиси Рэй Крок АҚШ ғарбида “San Bernardino” деб номланган чоғроққина ресторанини қандай қилиб машҳур қилиш ҳақида бош қотира бошлайди. Сўнгра муваффақиятли фаолият кўрсатаётган ресторанлардан бирининг хўжайини билан шартнома тузиб, худди шундай ресторанлар олди-соттиси билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлди. 1955 йили Рэй Крок мутлақо замонавий кўринишдаги франчайзинг, яъни бизнес юритишнинг тўлақонли тизимини ижарага беришга асосланган янги шакл (Business Format Franchisings)ни ташкил этиб, ўзининг “МакДональдс Систем, Инк.” компаниясига асос солди. Бунда савдо белгиси билан биргаликда бутун бошли бизнес технологияси, жумладан, савдо матрицаси, хоналар безаги, осма эълон ва ходимларнинг махсус либорслари ҳам тақдим этила бошланди. Шу билан франчайзинг мавжуд маҳсулотни тарқатиш усулигина эмас, балки янги бизнес ташкил этишнинг ўзгача шакли сифатида ҳам қўллаш йўлга қўйилди.

Халқаро франчайзинг уюшмаси маълумотига кўра, XXI аср аввалида дунё миқёсида 16,5 минг франчайзер ва 1,2 миллион франчайзи мавжуд бўлган. Бу соҳада АҚШ (2000 франчайзер), Жанубий Корея (1300), Канада (1200), Бразилия (1000), Япония (1000) каби мамлакатлар етакчилик қилиб келмоқда.

Ўзига хос жиҳатлари

Франшиздан фойдаланиш тартиб-қоидалари, юқорида таъкидланганидек, икки томон ўртасида тузилган шартномада батафсил қайд этилади. Шартномадан ўрин олган бандлар турлича — оддийдан ўта мураккабгача бўлиши мумкин. Унда товар белгисидан фойдаланишда аҳамият қаратилиши лозим бўлган барча тафсилотлар ўрин олади. Умумэътироф этилган қоидага биноан, франшиздан фойдаланиш учун тўланадиган маблағ аниқ белгиланиб қўйилади. У белгиланган миқдордаги маблағ ёки маҳсулот сотувидан тушган даромаднинг маълум фоизи ҳам бўлиши мумкин. Бироқ маҳсулот белгисидан унинг учун пул тўланмасдан фойдаланиш ҳолатлари ҳам учраб  туради. Буларнинг барчаси томонларнинг ўзаро келишувига боғлиқ.

Шунингдек, шартномага маҳсулот белгиси ёки бренддан фойдаланиш шартларидан иборат алоҳида банд киритилади. Жумладан, франчайзи бренддан муайян соҳадагина фойдаланиш мумкин, қабилидаги оддий ёки франчайзи ўз савдо шаҳобчаларида франчайзер талабларига жавоб берувчи шароит (савдо майдонининг ҳажми, унинг дизайни ва рангидан тортиб, ишчиларнинг хизмат либосигача)ларни яратиши ва унинг ускуналаридан фойдаланиш шарт, мазмунидаги мураккаб шартлар ҳам ўрин эгаллаши мумкин.

Франчайзингнинг афзалликлари

Ушбу фаолият тури франчайзер учун ҳам, франчайзи учун ҳам бирдек манфаат келтиради. Ўз товар белгисини ижарага берар экан, маҳсулотлар сотувидан кафолатланган доимий даромад олиб туради. Шу билан биргаликда, тайёр маҳсулот белгиси ва брендни оммага танитиш, реклама-маркетинг сиёсатини олиб боришда қийинчиликларга дуч келмайди. Умуман олганда, франчайзинг мамлакат иқтисодиёти учун катта фойда келтириб, муваффақиятли иш олиб бориш моделлари ва замонавий технологияларнинг тарқалиши ҳамда кўпайишига хизмат қилади. Кичик бизнес учун эса самарали «тарбия мактаби» бўлиб, амалий натижа берадиган тадбиркорларнинг кўпайишига, иқтисодиётган одамлар ва улар жамғармаларининг жалб қилинишига олиб келади.

Ўз франшизини бозорга тақдим этар экан, франчайзер бизнес-тизимини, унинг самарадорлигини кўрсатиб бера олиши лозим. Шу билан ижарага олувчилар учун ўз самарадорлигини амалда кўрсата олган, текширилган ва фойдаланиш учун шай ҳолга келтирилган бизнес-модел имкониятлари намойиш этилади. Ўз-ўзидан, франчайзилар бозордаги тайёр ўрнига, потенциал харидорлар гуруҳига ҳам эга бўлади.

Франчайзер ҳамкорига бизнес-шаклни тақдим этар экан, нафақат механизмнинг ўзини, балки ундан самарали фойдаланиш қоидаларини ҳам тақдим этади. Шунингдек, у ўз ҳамкорларини бизнесни қандай қилиб юритиш, унинг нозик жиҳатларини ҳам ўргатади. Керак бўлса, ходимларининг малакасини оширишга кўмаклашади.

Франчайзингнинг яна бир афзал жиҳати шундаки, у орқали “қароқчилик”, яъни, савдо белгисидан ноқонуний фойдаланиш, сохта маҳсулотларни ишлаб чиқаришга қарши самарали кураш олиб бориш мумкин. Чунки франчайзи франчайзер “оёғи етмайдиган” ҳудудларда фаолият кўрсатиб, унинг савдо белгиси ҳамда тижорий манфаатларини ҳимоялайди.

Франчайзингнинг камчиликлари

Ўзгалар томонидан ишлаб чиқилган ва оёққа турғизилган фаолият асосида табдиркорлик билан шуғулланиш муайян тартиб-қоидалар ва чекловларга риоя қилиш заруратини ҳам келтириб чиқаради.  Ижарага олувчи шахс кўп ҳолларда франчайзер томонидан белгиланган етказиб берувчилардан хомашё ва маҳсулотларни сотиб олишга мажбур бўлиб қолади. Натижада эркин бозорга чиқиш, ўзи истаган нархда хомашё ва маҳсулотларни сотиб олиш имкониятидан маҳрум бўлади.

Машҳур франчайзинг компаниялар

Бугунги кунда дунё миқёсида тайёр бизнес шаклини тақдим этувчи кўплаб компаниялар фаолият юритмоқда. Шу ўринда, “франчайзер-компания”ларнинг ҳаммаси ҳам ўз имкониятларини тўлиқ франчайзинг учун сарфламайди. Улар бир қатор объектлар ва “шахсий” мол-мулклари назоратини ўзларида сақлаб қолади. Масалан, McDonald’s ресторанларининг 15 фоизи бевосита McDonald’s корпорациясига тегишли бўлса, қолганлари франчайзилар мулки ҳисобланади.

Спорт либосларини ишлаб чиқарувчи машҳур “Columbia sportswear company” компанияси эса тўлиқ франчайзинг услубида фаолият кўрсатишга ўтган. Ушбу компания шартлари унчалик мураккаб эмас. Асосий шартлари — савдо шаҳобчасининг 100 кв метр майдонга эга эканлиги, унинг савдо маркази ёки махсус ташкил қилинган кўчалардаги алоҳида бинода жойлашгани ҳамда аввал-бошдан 80 минг доллар миқдоридаги маҳсулот сотиб олиш.

Франчайзингнинг энг кенг тарқалган кўринишларидан бири, франчайзер томонидан патентланган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи технология ижарачига тақдим этилади. Асосий шарт эса франчайзер уни хомашёни таъминлайди ва ишлаб чиқариш жараёни устидан назорат ўрнатади. Бундай услуб асосан ҳудудлардаги алкоголсиз салқин ичимликлар ишлаб чиқариш соҳасида кенг тарқалган. Маҳаллий франчайзилар асосий компания билан шерикликда унга тегишли бўлган бренд остида маҳсулот ишлаб чиқариб фойда кўраверади.

Франчайзинг хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам кенг тарқалган. Бунда франчайзи реклама фонди учун маълум миқдорда қўшимча маблағ тўлаб туришига тўғри келади. Айниқса, тез тайёр бўлувчи таомлар савдоси билан шуғулланадиган кичик кафелар тармоғида франчайзинг кенг тарқалган бўлиб, улар асосий компания қўган умумий талаблар асосида фаолият кўрсатади. Бу шартлар қаторида ишчи-ходимларнинг бир хил либосда бўлиши, кафе дизайни, рангларнинг ўхшашлиги, таомларни тайёрлаш технологиясидаги умумийликларни санаб ўтиш мумкин.

Йирик компаниялар учун франчайзинг ўз маҳсулотларини ҳудудларда сотишда жуда қўл келади. Бунда франчайзер қўшимча даромадга ҳам эга бўлади, яъни, ўзига тегишли бўлган бренд остида иш олиб борилгани учун ҳам тўловларни қабул қилиб олади. Унинг ҳамкори бўлган франчайзи эса унча катта бўлмаган маблағ билан ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб олиш имконини қўлга киритади. У биратўла бозордаги ўрнинига ҳам эга бўлади. Амалиётда йирик франчайзерлар ўз ҳамкорлари учун банкдан имтиёзли, қулай шартлар асосида кредит маблағларини олиш ҳоллари ҳам кузатилган.

Франчайзинг хизмат кўрсатишга чет элдаги йирик компаниялар маҳаллий тадбиркорлар билан шартнома тузиб, ишчи-ходимларни ўқитиш, ускуналарни етказиб бериш, бино ва иншоотларни ижрага олиш ва ишлаб чиқариш устидан назорат ўрнатишни мисол қилиб келтириш мумкин. Маҳсулотлар франчайзингига эса ишлаб чиқарилган товарларни сотиш тармоғини вужудга келтириш ҳамда уларга турли хизматларни кўрсатишни айтиш мумкин. Асосий компания франчайзиларни ускуналар, эҳтиёт қисмлари, ноу-хаулар билан таъминлайди, реклама-маркетинг сиёсатини молиялаштириб туради.

Бугунги кунга келиб франчайзинг 70дан зиёд соҳаларда самарали қўллаб келинмоқда. Дунёнинг 80дан зиёд мамлакатида у бизнес юритишнинг энг самарали усулларидан бири сифатида эътироф этилган. «PizzaHut», «Kodak», «McDonalds», «Coca-Cola» ва бошқа кўплаб дунёга таниқли компаниялар айни шу усулдан фойдаланган ҳолда фаолият юритиб келмоқда.

Франчайзинг Ўзбекистонда

Ўзбекистонда ҳам франчайзинг тизими бизнес юритиш модели сифатида амалда қўлланиб келинмоқда. Айниқса, умумий овқатланиш, автомобилсозлик, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш каби ўнлаб соҳаларда кўплаб франчайзерлар муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, “Caravan Group” ресторанлар тармоғи 15 йилдирки, франчайзиларга ўз хизматлари, бизнес шаклларидан фойдаланишни таклиф этиб келмоқда. Улар ўртасидаги барча муносабатлар эса Фуқаролик Кодекси, хусусан, унинг 50- боби (франчайзинг) ҳамда 59, 62, 64, 65 боблари (интеллектуал мулк) асосида тартибга солинади. Амалдаги қонунчилик талабларига биноан, фақат тижорат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектлари сифатида рўйхатдан ўтган фуқаролар франшиза шартномаси иштирокчилари бўлишлари мумкин.

sanjarsaid