Доллар нима учун (ш)ошаяпти?

6 й. аввал Жамият, Мулоҳаза98

Кун эмас, соат сайин ошиб бораётган долларнинг «қора бозор»даги нархи ҳақидаги бир-биридан совуқ хабарларни эшитар эканман, кўпгина ўй-фикрлар исканжасида қолиб кетаяпман. Бу мен каби маошини сўмда олиб, уни долларга айлантиришга мажбур бўлган кўплаб кишилар учун ёқимсиз ҳолат ахир. Унинг бу қадар кескин ошиб кетишига нима ёки кимлар сабаб бўлаяпти, бу кетишда турмуши доллар билан боғлиқ одамларнинг тақдири қандай кечаркин? Саволлар кўп, аммо аниқ ва ишонарли жавоблар йўқ.

Маълумотларга кўра, 1995 йилнинг 14 июлида долларнинг расмий курси 26 сўм 50 тийин бўлган, «қора бозор»да эса 47-49 сўм атрофида баҳоланган. Орадан роппа-роса 20 йил ўтганидан сўнг эса долларни Марказий банк 2522.73 сўм (2015 йил 18 майдаги ҳолат) дея белгилаган бўлса, «қора бозор»да 4700-5000га чиқиб кетди. Орадаги фарқни оддий арифметик амаллар билан чамалаб кўрамиз — 2522.73/26.50=97.2. Демак, доллар 20 йил ичида 97 баробарга қимматлашган. «Қора бозор»да ҳам вазият шундай: 5000/49=102. Агар бу кўрсаткични ўтган йиллар билан қиёсласак (102/20), йилига долларнинг ўсиш кўрсаткичи 511 фоизни ташкил этади.

Хўш, доллар ҳам расмий, ҳам норасмий бозорда бу даражада кўтарилиб кетаётганига нималар сабаб бўлмоқда? Айтиш мумкинки, бунда энг биринчи омил одамлардаги руҳий ҳолат билан боғлиқ. Буни «паника», жазава, ваҳимакашлик дейиш мумкин. Бир-икки сўм ортиқча пул топган одам уларни долларга айлантириб, ҳеч кимга, ҳатто ўзига ҳам ёрдам бермайдиган ҳолатга келтириб, «ҚОРА КУНИ»га сақлаб қўймоқда.

Давлат банкларида доллар сотилмайди, бозор билан банк нархлари ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Энг ҳайратланарлиси, қонун йўли билан доллар олди-берди қилиш қарийб имконсиз бўлган мамлакатимизда машина, уй-жой, мол-мулк, авиачипталар ва бошқа кўплаб савдолар қонун йўли билан долларда амалга оширилади. Булар балки чет элда юрган 3-4 миллион одам юбораётган «кўкат»ларни кўзда тутиб йўлга қўйилгандир. Лекин Ўзбекистонда яшаётган, маош-даромади сўм, унинг устига нақт бўлмаган шаклдаги «пул»га боғлиқ одамлар нима қилиши керак? Нега улар манфаати ҳеч қаерда кўзда тутилмаяпти?

Албатта, бугун давлат шундай пул-молия сиёсатини юритишга мажбур бўлаяпти. Чунки ўша сиёсатни юритаётганлар муаммонинг бошқача ва адолатлироқ ечимлари борлигини билмайди ёки буни амалга оширишдан очиқчасига қўрқади. Эҳтимол, биз тушунмаётган, англашга қодир бўла олмаётган бошқа сабаблар ҳам бордир. Бу ҳақда ўша соҳанинг мутахассислари асосли чиқишлар қилиб, бизга мантиқсизликдек кўринаётган ҳолатларга изоҳ берса, масалага ойдинлик киритсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки вазият кундан-кунга ёмонлашиб бормоқда. Тушунмовчиликлар, жавобсиз саволлар, норозилик кайфияти ортиб бораяпти.

Ахир бу адолатсизлик, ноҳақлик ва зулм. Имконлиларнинг имконсизларга нисбатан зулми бу…

sanjarsaid