Ҳожатхона давлат қиёфасими?

6 й. аввал Мулоҳаза68

Одатда бу жой ҳақида очиқчасига гапиришдан истиҳола қиламиз. Кимдир “бурчак”, кимдир яна бошқа бирор сўз билан ишора қилиб қўяди холос. Бироқ инсон яшаши учун (чин маънода) биринчи ўринда таом ва сув зарур бўлса, иккинчи ўринда ўша жойни тилга олсак, адашмаган бўламиз. Англаган бўлсангиз, гап ҳожатхоналар тўғрисида кетаяпти. Агар ушбу мавзу сиёсий, ижтимоий, маданий ва тиббий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлмаганида, балки эслаб ҳам ўтирмасдим. Бу гапимдан кейин айримларда савол туғилган бўлса ажабмас: ҳожатхонанинг сиёсатга қандай алоқаси бор? Жанубий кореялик бир танишим айтганди: давлатнинг даражаси билан ҳожатхонанинг даражаси бир туради, деб. Ўйлаб кўринг, қайси давлатнинг қай даражада ривожланганини билиш, ўша миллатнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий қиёфасига баҳо бериш учун у ерда ҳожатхоналарнинг аҳволига назар ташлашнинг ўзи кифоя қилади. Халқимизда ҳам худди шу масалага жиддий эътибор қаратилади. Айниқса, совчиликка борган ақлли онахонлар ими-жимида ҳожатхонага чиқиб келишади. Унинг тозалиги, қандай тутилишига қараб ўша хонадонда улғайган қизнинг тарбиясига баҳо берилади. Сиз ҳам ҳаётда бунинг кўп исботини топишингиз мумкин. Бирор кафе ёки ресторанга бориб, аввал ҳожатхонасини кўздан кечиринг, у ердаги санитария-гигиеник ҳолат бутун ошхонага холис баҳо бериш учун етарли бўлади, назаримда.

Бир домламиз айтганди, хизмат сафари билан АҚШга боришганда, Ўзбекистонда ишлаб кетган америкаликдан ҳожатхона қаерда, деб сўраган экан. Шунда у “Ҳавони ҳидлаб кўринг-чи, Ўзбекистондагидек топа олармикансиз” тарзида жавоб берган экан. Чиндан ҳам, бугун Ўзбекистонда жуда кўп ташкилотлар, университет, институтларда ҳожатхонанинг қаерда эканини сўраш шарт эмас. Бирров “ташриф буюриб”, ўша ерда умрининг кўп қисмини ўтказаётганларнинг асл қиёфасига баҳо бериб чиқаверасиз… Агар пойтахтнинг кўзга кўринган жойларига сайрга чиқмоқчи бўлсангиз, бунинг учун аввалдан “тайёргарлик” кўришингиз керак. Масалан, бир вақтлар Амур Темур ҳиёбонида кўздан панароқ жойда, ер остида ҳожатхона бор эди. Ҳозир эса ёпиб қўйилган. Бу атрофда айланиб юрганлар табиий эҳтиёжини қондиришларига имкон йўқ. (Агар бети қаттиқ бўлмаса)

Масаланинг тиббий жиҳатлари ҳам ҳеч қайси жиҳатдан эътибордан четда қолиши мумкин эмас. Зеро, бугун кўплаб ОАВда тарқалаётган қўрқинчли статистик маълумотларнинг мазкур масалага билвосита алоқаси бор. Масалан, ҳожатхонада тик туриб ҳожат ушатиш саломатлик учун ўта зарар. Эркаклардаги простата бези саратони ва жинсий заифликнинг йил сайин ортиб бораётганига ушбу ҳолат чамбарчас алоқадор. Зеро одам организми табиий эҳтиёжни ўтирган ҳолда амалга оширишга мосланган. Буни яхши англаган Япония, Швеция ва Тайвань сингари давлатларда ҳожатни ўтирган ҳолда амалга ошириш кенг тарғиб қилиниб, жамоат ҳожатхоналари айни шу талабдан келиб чиққан ҳолда жиҳозланган. Манба: http://med-info.ru/content/view/2102

Шу ўринда, ислом шариатида ҳожатхонага оид қоидалар ҳар жиҳатдан пухта ва мукаммал эканини айтиб ўтмоқчиман. Келинг, Бухорий, Термизий, Муслим, Аҳмад сингари улуғ муҳаддислар ҳадислари асосида тўпланган айрим ҳожатхона одобларини эътиборингизга ҳавола қилсам.

Аввало, ҳожатхона нопок жой. Мусулмон киши бу ерга кирар экан, уни қўриқлаб юрувчи фаришталар ташқарида қолади. Шунда у фақатгина Худодан паноҳ сўраши, унинг паноҳи остидагина бўлиши мумкин. Шундай экан, қуйидаги дуони (ҳеч бўлмаса унинг маъносини) ёдлаб олиш керак:

Анас розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатхонага кирсалар: “Аллоҳумма инний аъувзу бика минал хубуси вал-хобааис”, деб айтардилар” (Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Доримий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти). Дуонинг маъноси қуйидагича: “Эй Аллоҳим, мен Сендан эркак ва аёл жинлар ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман!”

Шунингдек, ҳожатхонага чап оёқ билан кириб, ўнг оёқ билан чиқиш, оёқ ва бош кийим ила кириш, чап қўл билан истинжо қилиш, истинжода тош ёки кесакни тоқ ишлатиш, иложи бўлса, учтадан кам ишлатмаслик, қазои ҳожатни ўтирган, чап оёққа суянган ҳолда бажариш, заруратсиз гапирмаслик, ҳожатдан ташқари кўп ўтириб қолмаслик зарур. Манба: http://muxlis.uz/uz/article/134/

Агарда ушбу маслаҳатларга амал қилсангиз, ўз саломатлигингизни узоқ вақт сақлашга хисса қўшган бўласиз.

sanjarsaid