Энг «ноёб» китоб

6 й. аввал Мулоҳаза84

Олмон файласуфи Артур Шопенгауэр дўстига ўз кутубхонасини таништирар экан, жавондаги бир китоб олдида тўхтаб: — Бу кутубхонамдаги энг ноёб китоб, чунки уни ўқиш учун сўраб олиб, қайтариб беришган, — деган экан. Ҳа, англаган бўлсангиз, гап дунёдаги энг қиммат, бебаҳо бўлган қадимий қўлёзмаю, нодир асарлар ҳақида кетмаяпти. Шунчаки, кимнингдир китобини вақтинчага олиб, кейин уни қайтаришни бутунлай «унутиш» тўғрисида ёзмоқчиман. Одатда ҳар кимнинг жавонида фақатгина ўзи севиб ўқийдиган адабиётлар ўрин эгаллайди. Уларнинг кўриниши, ҳажми ёки  муаллифи  туфайлигина сақлайдиган одамлар жуда кам. Хуллас, китоб ўқийдиган ҳар бир инсон учун уларнинг нархи қанча бўлмасин, бебаҳо! Энди тасаввур қилинг, уйингизга ўзингизга ўхшаган «китоб қуртлари»дан бири меҳмон бўлиб келди. Унга хонадонингизнинг серҳашамлигию, қимматбаҳо мебель, деворнинг ярмини эгаллайдиган телевизор ёки компьютерингиз эмас, шкафга тахлаб қўйган китобларингиз қизиқ. Дастурхонингизгаям қарамайди: икки кўзи китобларда. Амал-тақал қилиб сиздан бир-икки китобни ўқишга сўрайди. Юзи иссиқлик қилиб ўқишга берасизу… У ёғи кўпчиликка таниш ҳолат — на китобни қайтариб оласиз, на уни берган одамни топасиз, топсангизам ана-мана қилиб юраверади.

Бир сафар уйимизга ана шундай ишқибоз китобхон меҳмонга келди. Журналист, шоир акахонимизга бизнинг мўъжазгина кутубхонамиз бағоятда ёқди. Жавондан китобларни бирма-бир олар, варақлар, сўнг бошқасига эътибор қаратарди. “Тафтиш” ишларидан сўнг тўрт-бешта китобни саралаб олди. Улар орасида жаҳон классик адабиётининг дурдоналари, миллий адабиётимиз жавоҳирлари ҳам бор. Жеймс Жойснинг “Улисснинг саргузаштлари” ҳам унинг қўлида турган эди. Нима ҳам дердик, у меҳмон, бунинг устига шоир, катта газетанинг бош муҳаррири. Орадан ярим йилдан ортиқроқ вақт ўтди. Китоблар шоир акамизнинг ёдига бир неча марта солинса ҳам ҳаракатларимиз зое кетди; китобларни йўқотдик, деб қўя қолдик. Энди Жеймс Жойсни эсласак шоир акамиз, шоир акани эслаганда эса “Улисс” ёдга келадиган бўлиб қолди…

Китоб расталарига кириб, биринчи бўлиб ёқтирган китобнинг нечта варақли эканигамас (шундай одамлар борлигига ҳам кўп марта гувоҳ бўлганман. Уларга асарнинг нархи муҳиммас, муҳими, ҳам машҳур, ҳам кам саҳифали китоб бўлсин), неча пуллигига биринчи эътибор қаратадиган биз каби одамлар учун китоб жавонининг сурбет ва масъулиятсиз одамлар нигоҳидан узоқроқ бўлгани яхши. Тили куйган одам қатиқни ҳам пуфлаб ичади. Бир-иккита севимли китобни “йўқотгандан” кейин ҳар хил усулларни қўллашга одам мажбур бўлади ҳам. Бир вақтлар дадамдан нима учун ҳамма яхши кўрган китобларини орқа тарафага териб қўйганини сўрагандим. “Бу китобларни кўрган одам ўқигиси келади. Олиб кетади-ю қайтариб бермайди. Қанчадан-қанча китобларим шундай қилиб йўқолиб кетди”, деб жавоб берган эди дадам.

Машҳур адибимиз Асқад Мухтор китоб бойлик, лекин сотиб олингани эмас — ўқилгани, деганда ҳақ эди. Китоб жавонимиздаги баъзи асарларни бир неча марталаб ўқиб чиққанмиз. Воқеа-ҳодисалар ривожи бизга қанчалик таниш бўлмасин, уларни яна ва яна ўқигимиз, унинг ичидаги маънолар мағзини қайта-қайта чаққимиз келаверади. Шунинг учун ҳам бисотимиздаги асарларнинг қадр-қиммати биз учун ҳар доим юксак бўлиб қолаверади. Бироқ, бир неча китобни бериб юбориб улардан ажралганингиз аниқ бўлиб қолса, кейинчалик ҳеч кимга китоб бергингиз келмай қолар экан. Шундай экан, қачондир, кимдандир вақтинчага китоб олган бўлсак, уни эгасига қайтаришга одатланайлик. Шунда қайсидир китобни олишга моддий имконият етмаётган ёки уларни излаб тополмаётган одамларнинг аҳволини мураккаблаштирмаган бўламиз.

sanjarsaid