Электромобиллар

2 й. аввал Жамият, Илм-фан13

Илк электромобиллар тарихи ички ёнув двигатели асосида ҳаракатланувчи автомобиллардан ҳам узоқроққа бориб тақалади. Википедиа электрон қомусида келтирилишича, тиркама кўринишидаги электромоторли биринчи автомобил 1841 йилда кашф қилинган.

Икки ўриндиқли, тўрт ғилдиракли дастлабки электромобилларнинг олд ғилдираклари ортдагиларига қараганда нисбатан каттароқ бўлган. Улар 36 бўлмали Бари тизимига асосланган қўрғошин аккумуляторлар кучи билан ҳаракатланган. Бундай аккумуляторлар ҳар 64 километр масофада қувватлашни талаб қилган. Ўша вақтларда электромобиллар 4 от кучига эга бўлиб, соатига 37,4 километргача тезликда ҳаракатланган бўлса ҳам, ўз даврида оламшумул кашфиёт сифатида тан олинган.

1899 йилнинг 1 майида La Jamais Contente электромобили қуруқликда илк бор тезликни 100 километр-соатдан ошириб, рекорд натижа — 105,882 километр-соатга чиқарган. Америкалик муҳандис Уолтер Бейкер эса ушбу кўрсаткични 130 километр-соатгача етказа олди. «Борланд Электрик» фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган электромобил илк бора Чикагодан Милуокига бўлган 167 километрлик масофани бир марталик қувват билан босиб ўтди. Унинг ўртача тезлиги соатига 55 километрни ташкил этди.

Дастлаб бензин ва электр токида ҳаракатланувчи автомобилларнинг ўртача тезлиги бир хил бўлган. Бироқ электромобилларнинг энг катта камчилиги қувватлаш жараёнининг мураккаблигида эди. Ўша вақтларда ўзгарувчан токни ўзгармас токка айлантириб берувчи мосламалар бўлмагани боис, қувватлаш жараёни электромотор ёрдамида амалга оширилган. Ўзгарувчан ток билан ишловчи мотор электромобил аккумуляторига уланган вални ҳаракатга келтирган. 1906 йилда ўзгарувчан токни ўзгармас токка айлантириб берувчи нисбатан содда кўринишдаги мослама яратилган бўлса ҳам, қувватлаш муаммоси етарлича ҳал этилмади.

ХХ асрнинг биринчи чорагида автомобиллар асосан электр токи ва буғ асосида ҳаракатланарди. 1910 йилда биргина АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида 70 минг дона электромобил-таксилар ҳаракатланар эди. Шунингдек, электр юк машиналар ва электр омнибус (электр автобуслар)лари сони ҳам кўпчиликни ташкил этарди.

1960 йилларга келиб автотранспортлар билан боғлиқ равишда вужудга келган экологик муаммолар ҳамда ёнилғи маҳсулотлари нархининг кескин ошиб кетиши электромобилларнинг такомиллашган кўринишларини яратиш устида олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириб юборди.

1990- йилларда АҚШнинг Калифорния штати атмосфераси энг кўп ифлосланган ҳудуд сифатида тилга олингач, Калифорния Ҳаво ресурслари қўмитаси томонидан 1998 йилдан бошлаб жами автомобилларнинг 2 фоизи, 2003 йилдан эса 10 фоизи атмосферага зарарли газларни чиқармайдиган электромобиллардан иборат бўлиши лозимлиги ҳақида қарор қабул қилинди. Шу мақсадда General Motors компанияси 1996 йилдан бошлаб EV1 электромобилларининг кенг кўламда ишлаб чиқаришни бошлаб юборди. 1997 йилда Калифорнияда 5500тадан зиёд ана шундай электромобиллар савдога чиқарилди.

2002 йилда электромобиллар аккумуляторлари билан боғлиқ муаммо туфайли қарийб барча шу каби автомобиллар ишлаб чиқарувчилар томонидан йиғиб олиниб, йўқ қилинган бўлса, нефть нархининг кескин кўтарилгани 2007 йилга келиб электромобилларга бўлган эътиборни яна жонлантирди.

Бугунги кунда электромобиллар нафақат шахсий транспорт воситаси сифатида, балки вокзал, ишлаб чиқариш цехлари ва йирик савдо тармоқларида юкларни ташиш, аттракционларда кўнгилочар мақсадларда ҳам кенг фойдаланилмоқда.

Янги кашфиётлар, янги рекордлар

Кўпчиликнинг назарида электромобиллар секин ҳаракатланувчи, тез-тез қувватлаш зарур бўлган, устига-устак жуда қиммат транспорт воситаси ҳисобланади. Аслида эса электромобилларнинг ўртача тезлиги ички ёнув двигателли автомобиллардан қолишаётгани йўқ. Жумладан, 2010 йилнинг 22-23 май кунлари япониялик электромобил ишқибозлари клуби томонидан ишлаб чиқарилган Daihatsu Mira EV автомобилибир марталик қувват билан 1003,184 километр масофани босиб ўтди. Шу йилнинг 24 августида эса литий-ионли аккулмулятор билан жиҳозланган «Venturi Jamais Contente» электромобили АҚШнинг Юта штатида 1 километр масофа оралиғида тезликни соатига 495 километрга олиб чиқди. Унинг максимал тезлиги эса 515 километр-соатни ташкил этди. 27 октябрь санасида «lekker Mobil» электромобили барча имкониятлар, жумладан, иситиш тизими ёқилган ҳолда Мюнхендан Берлингача бўлган 605 километрлик масофани бир марталик қувват билан босиб ўтди. Мазкур электромобил 55кВт қувватга эга двигател ва 115 кВт-соат сиғимли «DBM Energy» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Kolibri» аккумуляторлари билан таъминланган бўлиб, ўртача тезлиги соатига 90, баъзи жойларда 130 километрга етди. «DBM Energy» мутахассисларининг таъкидлашларича, бундай аккумуляторлар билан электромобил эгалари 32 соатгача тинимсиз ҳаракатланиши, умумий ҳисобда 500 минг километр масофани босиб ўтишлари мумкин.

«Қуёшмобиллар» ва «шамолмобиллар»

Амалиётда электромобилларнинг Қуёш батареялари ва шамол энерагияси асосида ҳаракатланувчи турлари ҳам ишлаб чиқарилган. Бироқ бундай автомобиллар фойдали иш коэффициентининг пастлиги (10-15 фоиз), суткалик энергия жамғариш имконининг мавжуд эмаслиги сабабли унчалик оммалашмади. Шунингдек, «қуёшмобиллар»нинг тунда ва об-ҳаво ноқулай бўлган кунларда ҳаракатланиши чекланган бўлиб, Қуёш батареялари таннархининг баландли ҳам бу борада катта муаммоларни туғдирмоқда.

Шундай бўлса ҳам, Venturi Eclectic компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Venturi Astrolab модели автомобил ишқибозлари ўртасида анчагина танилди. Ушбу модел қўшимча равишда шамол энергияси асосида ҳаракатланиши билан ҳам бошқа турдошларидан ажралиб туради.

Италиялик мутахассислар томонидан ишлаб чиқарилган SolarWorld GT электромобили эса Қуёшдан қувват олган ҳолда 2012 йили дунё бўйлаб сайёҳатни амалга оширди.

11,42 от кучига эга, қуввати 4,2 кВт бўлган иккита мотор-ғилдирак билан ҳаракатланувчи Loebbemotor автомобили ҳам бу борада кўпчилик эътиборини ўзига қарата олди. У ўзининг енгил вазни (умумий ҳисобда 260 кг), аэродинамик кўриниши туфайли «қуёшмобиллар» ўртасида рекорд тезликни қайд этди. Унинг энг юқори тезлиги соатига 120 километргача кўтарилди. Мазкур автомобил 21 килограмм вазнга эга бўлиб, қуввати 4,9 кВт-соатни ташкил этувчи литий-ионли аккумулятор билан таъминланган.

Шунингдек, айни пайтда гибрид-«қуёшмобиллар» ҳам мавжуд бўлиб, улар бир вақтнинг ўзига ҳам Қуёш энергиясидан, ҳам оёқлар билан педалларни айлантириш ҳисобга ҳаракатланади.

Афзаллик ва камчиликлари

Электромобиллар бошқа транспорт воситаларига қараганда камхаржлиги билан ажралиб туради. Масалан, Ford Ranger электромобили бир километр масофа учун 0,25 кВт-соат энергия сарфласа, Toyota RAV4 EV учун 0,19 кВт-соат кифоя қилади.

Бугунги кунда электродвигателларнинг фойдали иш коэффициенти 88-95 фоизни ташкил этмоқда. Ички ёнув двигателларидан эса бу кўрсаткич 22-42 фоизни ташкил этади холос. Электромобилларнинг яна бир афзаллиги шундаки, улар кам миқдорда шовқин таралади. Бироқ кўпчилик томонидан электромобилларнинг шовқинсиз ҳаракатланиши пиёдалар учун сезиларсиз бўлгани туфайли йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлиши мумкинлиги эътироф этилмоқда. Шу боис ҳам айрим ишлаб чиқарувчилар электромобилларга тезлик соатига 30 километрдан ошгандан сўнг сунъий равишда шовқин чиқариш мосламаларини ўрнатмоқда.

Электромобилларнин яна бир устун томони шундаки, уларда атроф-муҳитни ифлослантирувчи нефть маҳсулотлари, мотор мойлари ва улар учун зарур бўлган фильтрлар, антифриз талаб этилмайди. Шунингдек, техник кўрикдан ўтказишнинг соддалиги, йўл-транспорт ҳодисалари вақтида ёнғин ва портлаш хавфининг паст экани ҳам таъкидланмоқда. Электромобилларнинг одатий электр тармоқлари орқали қувватлаш мукин, бироқ бу махсус юқори қувватли ускуналарга қараганда кўпроқ вақтни олади.

Электромобилларга оид энг катта муаммо эса уларнинг аккумуляторлари билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Асосан уларни ишлаб чиқариш ва утилизация қилиш муаммоси ҳозирча ижобий ечим топгани йўқ. Сабаби бундай аккумуляторларда атроф-муҳит учун зарарли бўлган кимёвий моддалар, жумладан, қўрғошин, литий ва турли кислоталар қўлланилади.

Электромобилларнинг кенг кўламда ишлаб чиқариш учун уларни қувватловчи тузилмаларни яратиш муаммосини ҳам ўз ечимини кутмоқда. Оммавий тарзда электромобилларнинг уй шароитида қувватланиши эса электр энергияси таъминоти тизимларида зўриқиш ва узилишларни келтириб чиқариши эҳтимолдан йироқ эмас. Шунингдек, қувватлаш жараёни кўпроқ вақтни талаб этиши бор гап.

Кўпчилик электромобиллар бир марталик қувват билан кам масофани босиб ўтади. Қуввати 24 кВт-соат бўлган батареялар узоғи билан 160 километр масофани босиб ўтиши мумкин. Кондиционер ва иситиш тизимлари, электромобиллардан ўрин олган йўловчилар сони ва юк ҳажми, автомобил тезлигининг 90-100 километрга кўтарилиши ушбу масофани 2 баробаргача қисқартирмоқда.

Шунингдек, электромобиллардан қўлланилувчи литийли аккумуляторлар таннархи баланд бўлса, қўрғошинли аккумуляторлар ҳажми катталиги ва оғир вазни билан муаммолигича қолмоқда.

Бугунги бозор

Айни пайтда электромобиллар ишлаб чиқаришга Nissan, BMW, Mitsubishi, Сhevrolet сингари йирик автоконцернлар катта қизиқиш билдиришмоқда. Энг кўп сотилган моделлар сифатида эса Toyota RAV4 EV, ZENN, ZAP Xebra, General Motors EV1, Chevrolet Volt, Volvo C30 BEV, Tesla Roadster, Modec, Reva NXR, Renault серия Z.E, Nissan LEAF, Tazzari ZERO электромобилларини санаш мумкин.

2011 йилда электромобиллар бозорида Япониянинг Mitsubishi компанияси етакчиликни қўлга олди. Ушбу компаниянинг Mitsubishi i MiEV электромобили 2011 йилнинг сентябр ойида  Европа ва Японияда 15000тадан зиёд сотилди.

«IDTechEx» компанияси мутахассислари томонидан ўтказилган тадқиқотлар 2005 йилдаёқ электромобиллар савдо айланмаси дунё миқёсида гибрид автомобиллар (ҳам электр, ҳам ики ёнув двигатели мавжуд автомобиллар)ни қўшиб ҳисоблаганда 31,1 миллард долларга етганини кўрсатди. 2015 йилга келиб эса электромобиллар савдоси 7 баробар ортиб, 227 миллард долларни ташкил этиши таъкидланмоқда. PriceWaterhouseCoopers компанияси ҳисоб-китобларига кўра эса 2015 йилда дунё миқёсида электромобиллар ишлаб чиқариш ҳажми йилига 500минг донага етади. Бу борада Германия, Япония, Хитой, Жанубий Корея каби мамлакатларда электромобил саноатини жадал ривожлантиришга қаратилган қарорлар қабул қилинган бўлиб, яқин келажакда ушбу давлатларда электромобиллар улуши сезиларли даражада ортиши, шунингдек, уларни қувватловчи станцияларнинг кенг кўламда қурилиши, шу каби автомобил эгаларига бир неча йиллик солиқ имтиёзлари жорий этилиши ҳамда соҳани янада ривожлантириш юзасидан катта миқдордаги ҳукумат маблағлари ажратилиши белгиланган.

sanjarsaid