Шаҳарда яшайсизми?

6 й. аввал Жамият71

Шаҳарда яшашнинг қулай томонлари кўп. Қулай шароит, транспорт воситаларнинг сероблиги, илм-фан, маданият ва савдо-сотиқ маркази эканлиги кўпчиликни ўзига тортади. Кимдир ўқиш, кимдир иш ва яшаш истагида шаҳар сари йўл олар экан, унинг яхши ва ёмон томонлари ҳақида тўлароқ маълумотга эга бўлиши зарар қилмайди. Шаҳарда автомобиллар шовқин-сурони, тезкор, шиддатли ҳаёт тарзи кишига бир лаҳза бўлса ҳам ором бермайди. Ана шундай пайтларда кўпчилик  узоқ-узоқларга — чўққилари осмонга етган тоғлар бағрига, тинч ва сокин кенгликларга йўл олгиси келади…

Нечанчи қаватда яшаган маъқул?

Инсон табиатнинг бир бўлаги. Одамзод она Замин билан ҳам жисман, ҳам қалбан боғланган ҳолда яшайди, кўринмас ришталар орқали ундан қувват олади. Илм-фан эса инсон ва табиат ўртасидаги кўринмас ришталарга аниқлик киритди, уларга ном берди. Шундай ришталардан бири — Ернинг магнит майдонидир. Киши нормал яшаши учун доимий равишда зарур даражадаги магнит майдони таъсирида бўлиши лозим.

Олимларнинг аниқлашича, еттинчи қаватдан бошлаб Ернинг магнит майдони таъсири камайиб боради. Уйларнинг қандай қурилиш ашёларидан қурилгани ҳам аҳамиятга эга. Бетондан қурилган бинолар магнит майдони таъсирини қўшимча 10 фоизга камайтирса, ғиштли биноларда бу кўрсаткич 5 фоизни ташкил этади. Ёғоч уйлар эса энг хавфсиз бўлиб, уларда магнит майдони таъсири бор-йўғи бир фоизга камаяр экан. Магнит майдонининг камайиши организмда қўшимча зўриқишларни келтириб чиқариб, биринчи навбатда юрак, қон-томир, асаб ва иммун тизимларига зиён ета бошлайди.

Сунъий ёруғлик манбалари ва уйқусизлик

Ҳар бир инсон руҳий ва жисмоний сабабларга кўра кунига 8 соат давомида ухлаши зарур. Уйқу вақтида миянинг инсон уйғоқликдагидан кўра фаолроқ ишлаши кўпчиликка маълум. Бироқ тун кириб, ухлаш вақти келганда шаҳар ҳаётига хос бўлган сунъий ёритиши манбалари — кўча ва уй чироқлари, телевизор, компьютер, мобил телефонларидан таралаётган ёруғлик нурлари таъсирида организмда кечувчи табиий бир жараён издан чиқа бошлайди. Яъни, бу пайтда биологик соатни ҳаракатга келтирувчи механизмлардан бири ҳисобланган мелатонин гормони ишлаб чиқарилиши кучайиб бошлайди. Уйқу вақтидаги сунъий ёруғлик манбалари эса мазкур жараёнинг нотўғри кечишига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, уйқунинг бузилиши,  қон босимининг кўтарилиши, қондаги глюкоза миқдорининг ортиши ёки камайиши ва бошқа бир қатор нохушликларни келтириб чиқариши мумкин. Доимий кузатилган уйқусизлик эса ҳолсизлик ва диққатнинг камайишига олиб келади.

Яқинда АҚШдаги Колорадо университети олимлари томонидан ўтказилган изланишларда мелотонин кўпчилик шаҳарликларда уйғонгандан икки соат ўтибгина кундузги меъёрга тушиши аниқланди. Шу боис ҳам бундай кишиларда эрта тонгдан уйқуга тўймаслик ёки мудраб юриш кузатилади. Мазкур университет олими Кеннет Райтнинг таъкидлашича, тунда электр нурлари таъсирини камайтириш орқали ички биологик соатимизни табиий ҳолга келтириш мумкин. Бунинг учун бир ҳафта давомида табиат қўйнида, ҳеч қандай сунъий ёруғлик манбаларисиз яшаш жуда ҳам фойдали.

Доимий шовқиндан эҳтиёт бўлинг

Юқорида айтилганидек, инсон табиатнинг кичик бир бўлаги. Табиатга хос бўлмаган ҳар қандай ўзгаришлар эса кун келиб жиддий салбий оқибатларни пайдо қилиши мумкин. Жумладан, давомий шовқинлар ҳам инсон саломатлиги учун зарарли. Инсон атрофидаги шовқинларга кўникиб, унга унчалик эътибор бермай қўйса ҳам, аслида шовқинлар тинимсиз зиён келтираверади. Қулоқ ичидаги суюқлик тўла мембрана товуш таъсирида тинимсиз тебраниб туриши натижасида кейинчалик эшитишнинг ёмонлашуви кузатилиши мумкин. Шунингдек, доимий шовқин онгости ҳиссиётларга таъсир кўрсатиб, киши имкон қадар шовқин‑сурондан узоқроққа – тинч ва хавфсизроқ жойларга кетгиси келаверади. Шовқинли муҳитда инсон организмида турли кимёвий жараёнлар рўй бериб, қонда адреналин гормони кўп миқдорда ишлаб чиқарилади. Узоқ муддат юқори даражадаги адреналин эса организм ва руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Бош оғриқлари, асаб бузилишлари келиб чиқади.

Дания пойтахти Копенгагендаги Саратон эпидемиологияси институти мутахассисларининг таъкидлашича, серқатнов йўллардаги шовқин кексаларда инсульт хавфини ошириши мумкин. Ҳаттоки, кўча шовқинининг 10 децибелдан ошиб кетиши ҳам 65 ёшдан ошган кексалар тўрт баробар кўпроқ инсультга чалиниши мумкин экан. Германиялик шифокорлар эса бундан аввалроқ шовқин қон босимини ошириши, юрак, қон-томир касалликларини келтириб чиқариши мумкинлигини исботлашган эди.

Товушлар баланд-пастлигига қараб инсонга турлича таъсир кўрсатади. Масалан, 30 децибелгача (баргларнинг шитирлаши, сокин мусиқа) товушлар кишини тинчлантирувчи таъсирга эга бўлса, 90‑120 децибел товушлар (юк автомобиллари, самолёт, электр асбоблари, баланд мусиқа ёки дискотека) асаб тизимини қўзғатиб, организм учун оғир оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Катталарда 60‑70 децибел, ёш болаларда эса 45 децибелдан ошган товушлар эшитиш тизимида салбий ўзгаришларни вужудга келтира бошлайди. 80 децибелдан ошган товушлар эса ақлий салоҳиятнинг пасайиши, қон босими меъёрининг бузилиши, хотиранинг ёмонлашувини пайдо қилади.

Узоқ давом этувчи баланд товушлар вегетатив асаб ва периферик қон айланиши тизимларида муаммоларни келтириб чиқариб, гипертония хавфини оширади. 90 децибел товуш эшитишнинг ёмонлашувига, 120 децибел эса бутунлай эшитмасликка олиб келиши мумкин.

Шу боис ҳам кўпгина мамлакатларда шифохона ва санаторияларда беморлар хонасида товуш миқдори 35 децибелдан ошмаслиги қатъий белгиланган. Яшаш жойлари, синф хоналари ва ўқув аудиторияларида эса 40 децибелдан ошмаслиги лозим.

Табиат мусаффолигидан баҳра олинг

Ҳар йили йирик шаҳарларда саноат корхоналари, автомобиллар ва инсон фаолиятининг бошқа турлари натижасида сув ва ҳаво кескин ифлосланиб бормоқда. Бу эса аксарият шаҳарликларда ўткир ва асоратли хасталиклар, жумладан, аллергия ва бронхиал астмани пайдо қилмоқда. Ҳисоб‑китобларда биргина Европа мамлакатларида шаҳар ҳавосининг ифлосланиши европаликлар умрини ўртача 9 ойга қисқартириши аниқланди. Атроф-муҳит мусаффолиги ва инсон саломатлиги борасидаги маълумотлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, экологик-гигиеник шароитлари қониқарли даражада бўлмаган шаҳарларда эркакларнинг ўртача ёши бошқа ҳудудларга қараганда 1.9 йилга қисқароқ бўлар экан. Шаҳарларда истиқомат қилаётган аёллар эса 0,5-2 йил камроқ умр кўрар экан.

Айрим манбаларда келтирилишича, шаҳарлардаги ижтимоий муаммолар, ахборот ва маълумотларнинг ҳаддан ташқари кўплиги кишиларда руҳий чарчоқ ва стрессларни келтириб чиқармоқда. Стресс эса ўз навбатида неврологик, юрак, қон-томир, эндокринологик ва бошқа хасталикларга сабаб бўлмоқда.

Ҳаммаси ўз қўлингизда

Шаҳар ҳаётида касалликларга чалинмаслик учун кунига саккиз соатдан кам, ўн соатдан кўп ухламаслик зарур. Ётоқхона имкон қадар қоронғу бўлиши, тонгда эса табиат билан бирга уйғониш ва унинг қўйнида жисмоний машқларни бажаришга кўникиш мақсадга мувофиқ. Кўпроқ вақтингизни шовқинсиз жойларда ўтказиш, муаммолар ҳақида камроқ бош қотиринг.

Кўпроқ ҳаракатланинг, қандайдир жисмоний машғулот билан банд бўлиш фойдадан ҳоли эмас.

Мева ва сабзавотлардан истеъмол қилишни канда қилманг. Шуни унутмангки, ҳаммаси ўз қўлингизда.

sanjarsaid