Сенсорли экранлар

2 й. аввал Илм-фан16

Тасаввур қилинг, шахсий компьютерингиздан фойдаланиш учун бир вақтнинг ўзида монитор, процессор, клавиатура, сичқонча ва бошқа бир нечта қурилмалардан фойдаланишингиз зарур. Бироқ, тиниб-тинчимас олимлар ана шу ноқулайликни бартараф этиш, кўпгина ускуналар имкониятларини ўзида жамлаган ягона қурилмаларни ишлаб чиқиш борасида тинимсиз изланишлар олиб бормоқда. Сенсорли экранлар ҳам ана шундай изланишлар натижаси ўлароқ вужудга келган…

Ким? Қачон? Қаерда?

Ҳар бир кашфиёт вужудга келиши учун кўп йиллик тинимсиз меҳнатлар зарур. Бугун кўпчиликнинг қўлидаги сенсор экранли мобил телефонлари ҳам узоқ йиллик изланишлар оқибатида яратилган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, сенсорли экранларнинг ривожланиш тарихи ўтган асрнинг 70-йилларига бориб тақалади. «Википедиа» электрон қомусида тақдим этилган маълумотларга кўра, Сэмюэлем Херстом (бўлғуси «Elographics» компаниясининг асосчиси) Элограф номини олган яримўтказгич асосида ишловчи илк сенсорли қурилмани яратди. 1972 йилда яратилган «PLATO IV» деб номланган компьютер монитори дастлабки ана шундай технологияга асосланган эди. «Elographics» компанияси машҳур «Siemens» компанияси билан бирлашганидан сўнг сенсорли панелларни оммавий равишда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 1982 йили бўлиб ўтган бутунжаҳон технологиялар ярмаркасида «Elographics» ўзининг сенсорли экранга эга илк телевизорини намойиш қилди. 1983 йилда эса инфрақизил нур асосида ишловчи «HP-150» сенсор экранли компьютер яратилди. Шу даврда сенсорли экранга эга қурилмалар саноат, тиббиёт ва бошқа соҳаларда ҳам кенг қўлланила бошланди.

Бугунги кунда сенсорли технологиядан уяли алоқа воситалари, планшет ва компьютерлар, тўлов терминаллари, автоматлаштирилган савдо ускуналари, ўйин қурилмалари, ишлаб чиқариш саноати ва тиббиётда кенг фойдаланилмоқда.

Сенсор турлари, уларнинг ютуқ ва камчиликлари

Сезувчи, ақлли экранларнинг яратилиши тарихи нечоғлик хилма-хил бўлса, уларнинг турлари, ишлаш механизми ҳам турфа кўринишга эга. Бундай технологиянинг дастлабки кўриниши яримўтказгичлар асосида ишловчи сенсорли экран ҳисобланади. «Popmech» электрон манбасида келтирилишича, мазкур конструкцияда икки қаватли ток ўтказувчи шиша ёки акрилли панел асосий рол ўйнайди. Қатламларни вертикал ва горизонтал ўтказгичларнинг бир-бирига тегиб кетишидан сақловчи кўз илғамас юмшоқ ёстиқчалар ажратиб туради. Экраннинг маълум қисми босилганида қатламлар бир-бирига тегади ва контроллер электр сигналини қайд этади. Босилган жой координатларига қараб сенсор технологияси иш бошлайди. Бундай панелларнинг асосий ўзига хослиги ҳар қандай таъсирларни сезувчан ҳисобланади. Масалан, яримўтказгичли сенсор экранларга қўлқоп, махсус перо ва бошқа жисмлар орқали таъсир кўрсатиш мумкин. Бироқ мутахассислар унинг қатор камчиликларини санаб ўтган. Масалан, бундай экранлар осонгина шикастланиши, тирналиши мумкин. Шу боис улар қўшимча ҳимоя қатлами билан қопланади. Натижада 85 фоизгина ёруғликни ўтказганидан тасвир сифати ёмонлашади. Шунингдек, яримўтказгичли панеллар паст ҳароратли муҳитда унчалик яхши ишламайди. Бугунги кунда яримўтказгичли сенсор панелларидан чўнтакбоп шахсий компьютерлар, мобил телефонлари, коммуникаторлар (чўнтакбоп шахсий компьютерлар ва мобил телефонлари имкониятлари умумлаштирилган қурилмалар), автоматлаштирилган савдо шаҳобчалари, саноат ва тиббиёт ускуналарида кенг қўлланилади.

Электростатик сенсорли экранлар ишлаш механизми эса электр зарраларига таъсир кўрсатишга асосланган. Маълум миқдорда зарядланган экранга қўл теккизилса, зарядлаган зарралар ана шу нуқтага томон ҳаракатланади. Экраннинг барча бурчакларига жойлаштирилган сезгир датчиклар зарядланган зарралар оқимини кузатиб, буйруқ киритилган ҳудуд координатларини аниқлаб боради. Ушбу технология ўзининг чидамлилиги ва юқори даражадаги шаффофлиги билан ажралиб туради. Жумладан, бундай экранларга 200 миллион маротаба (ҳар секундда бир марта босилса, 6 ярим йил сарфланади.) босилса ҳам яроқлилигини йўқотмайди. Бироқ, улардан қўлқоп ёки бошқа жисмлар билан фойдаланиб бўлмайди. Айни дамда электростатик сенсорли панеллардан кучли қўриқланувчи муассасаларда, маълумот киосклари ва бир қатор банкоматларда қўлланилади.

Бугунги кунда энг кўп қўлланилувчи проекцион электростатик сенсорли экранларнинг фарқли жиҳати шундаки, уларда экран сирти электродлар тўри билан қопланган бўлади. Бундай технологиялар ўзининг турли ташқи таъсирларга чидамлилиги, узоқ муддат фойдаланишга яроқлилиги ва асосий хусусияти — самарадорлиги билан кўпгина қурилмаларда қўлланилиб келинмоқда. Жумладан, кўчаларга ўрнатилган сенсор панелли қурилмалар асосан мазкур технология асосида иш олиб боради. Шунингдек, дунёга машҳур «apple» компаниясининг сенсорли маҳсулотлари асосан мазкур технологияга биноан ишлайди.

Инсон қўли билан яратилган мўъжизакор қурилмалардан бири шубҳасиз, акустик сенсорли экранлар ҳисобланади. Бу каби экранларда махсус ускуналар экран бўйлаб биз эшита олмайдиган частотада овоз тўлқинларини таратади. Экранга таъсир кўрсатилганда эса мазкур овоз тўлқинларининг ўзгаришини ўта сезгир ускуналар қайд этиб боради. Ушбу сенсорли экраннинг афзаллиги уларда устки қоплама шарт эмас ва бу экраннинг ишончлилиги ва шаффофлигини таъминлайди. Бундай экранлардан асосан автомат ўйин қурилмалари, музей, таълим муассасалари сингари жойларда махсус ҳимояланган маълумотларни тақдим этувчи қурилмаларда кенг қўлланилади. Бироқ, улар ҳам бир қатор камчиликлардан ҳоли эмас. Жумладан, кучли тебранишлар, шовқинли муҳит ёки экран сирти ифлосланганида иш фаолиятида тўхташлар кузатилади. Экран устига қўйилган ҳар қандай буюм ускунани тўлиқ блокка туширади.

Инфрақизил сенсорли экранларда эса монитор атрофида инфрақизил нур таратувчи ва уни қабул қилиб олувчи ускуналар жойлаштирилган бўлади. «computers.deria» сайтида келтирилишича, бунда экраннинг қайси қисмида нур йўли тўсилганини сезгир ускуналар қайд этади ва операцион дастурга керакли буйруқни узатади. Мутахассислар унинг бир қатор камчиликларини санаб ўтишади. Ёруғлик сезувчи қурилмалар имкониятларининг пастлиги ва қабул қилинган маълумотларни нотўғри таҳлил қилиш эҳтимоли мавжудлиги шулар жумласидан. Экран сиртини чанг қоплаши ҳам унинг самарали ишлашига салбий таъсир кўрсатади. Бироқ бу камчиликлар катта диагоналли экранларда қайд этилмаган. Технологиянинг соддалиги ва осонгина таъмирланиши ҳарбий соҳада кенг қўллашга замин яратди.

Мўъжизакор тугмачалар

 

Аксарият замонавий қурилма эгалари сенсорли экранда матн ёзишда қийинчиликларга дуч келади. Бошқа ҳарфларнинг босилиб кетиши, кераксиз буйруқлар баъзида кишининг асабийлашига ҳам олиб келади. Сенсорли экранларда бу каби мураккабликларни бартараф этиш учун «Tactus Technology» компанияси мутахассислари        зарур пайтда бўртиб чиқиб, сўнгра йўқолувчи тугмачалар лойиҳасини ишлаб чиқишди.

Мазкур эффект сенсорли экраннинг шишали юқори қатламини махсус суюқлик тўлдирилган пластик панел билан алмаштириш орқали амалга оширилди. Компания мутахассисларининг таъкидлашларича, ушбу қатламнинг афзаллиги шундаки, уни қарийб барча смартфонларда ҳеч қандай конструктив ўзгартишлар киритмасдан қўллаш мумкин.

Зарур пайтда цилиндрсимон резервуардан махсус суюқлик чиқиб, силлиқ экран сиртида бўртма тугмачалар ҳосил бўлади. Матн терилганидан сўнг эса суюқлик ортга қайтади ва экран яна силлиқ кўринишга эга бўлади.

Сенсорли девор, интерактив стол ва замонавий «таксофонлар»

Бугунги кунда сенсор технологияси ривожланишда давом этиб, ўзининг кўпчилик учун кутилмаган хилма-хил янгиликлари билан кишиларни ҳайратга солиб келмоқда. Жумладан, испаниялик муҳандислар «Openarch» деб номланган тизим орқали интерактив девор лойиҳасини ишлаб чиқишди. Проектор ва сенсор қурилма уйнинг исталган бурчагини интернет сайтлари, айниқса, ижтимоий тармоқ ихлосмандлари учун қулай экранга айлантирадиган бўлди.

«Displair» компанияси мутахассислари эса экрансиз дисплей лойиҳасини ишлаб чиқишди. Келажак ҳақидаги фантастик киноларда дуч келган ҳавода тасвир ҳосил қилувчи қурилмалар бугун реалликка жуда яқин. Компания муҳандислари ишлаб чиққан технология майда сув зарралари билан тўлган ҳаволи бўшлиқда экран намоён бўлади. Унинг яна бир афзаллиги шундаки, бир вақтнинг ўзида сенсор технологиясидан ҳам фойдаланиш мумкин. Шунингдек, сув зарраларидан иборат ҳаво оқимига турли ифорлар қўшилиши, ҳосил қилинган тасвирлар бир ҳаракат билан мобил телефонларига узатилиши мумкин.

АҚШлик мутахассислар тақдим этган лойиҳа ҳам кишини ҳайратга солиши шубҳасиз. Улар Нью-Йорк шаҳри кўчаларига таксофонлар ўрнини қопловчи «Smart Screen» деб номланган янги лойиҳани ишлаб чиқишди. Мазкур қурилмаларнинг сенсорли экрани диагонали 80 сантиметр бўлиб, уларда туман харитаси, транспорт тизими, яқин атрофдаги кафе ва ресторанлар, об-ҳаво, бошқарув органлари фаолиятига оид янгиликларни тақдим этиши мумкин. Турли ёғинлар, чанг ва ташқи зарбаларга анчагина чидамли бўлган ушбу восита ёрдамида интернетдан фойдаланиш имконияти йўқ, аммо улар бепул Wi-Fi (вай-фай) хизматини кўрсата олади. 90 метр радиусдаги барча мобил телефонлари ва бошқа ускуналар унинг ёрдамида бепул ва паролсиз интернетга уланиши мумкин.  Ўтган йилнинг ўрталарида шаҳарнинг 5та туманида ана шундай ускунанинг 250дан зиёди ўрнатилди.

Кафе ва ресторанлар учун махсус ишлаб чиқилган интерактив столлар ҳам эътиборинигизни ўзига тортмасдан қолмайди. Лондондаги «Inamo» деб номланган Осиё ресторанида илк ана шундай столлар мижозларга хизмат қилишни бошлади. Бундай столлар ёрдамида мижозлар стол ранги ва суратларни (дастурхон ўрнида) истагига кўра танлаши, таомлар ва ичимликлар менюсини кўздан кечириши, буюртмалар бериши ва шу ернинг ўзида ошхонадаги интерактив видео камера билан боғланиб, буюртмаларининг қандай тайёрланишини кузатиши мумкин.

sanjarsaid