Велосипед

6 й. аввал Жамият, Мулоҳаза166

Болаликдаги орзуим ушалди!

Ҳаёт велосипедга ўхшайди:  мувозанатни сақлаш учун доимо ҳаракат қилиш керак.

Альберт Эйнштейн

Болаликдан велосипедим бўлишини орзу қилардим. Орадан йиллар ўтди. «Ўқиш»нинг “ўқ”и учиб, «иш»и қолди — ишладим, меҳнат қилдим ва ниҳоят, велосипед олиш имконига эга бўлдим. Секин-аста пул тўпладим. Орада Тошкентдаги велосипед сотадиган магазинларни кузатиб, нарху наво билан танишиб юрдим. «Янгиобод», «Абу Сахий», «Ўрикзор» бозорлари, «Динамо» магазини… Энг арзон ва менга маъқул бўлгани — «Ўрикзор» экан. 2013 йилнинг 14 апрель куни «Ўрикзор»га йўл олдим.

Сотувчи «Verba-880» моделини тавсия қилди. Олд ва орқа томонда тезлик узатмаси (олди 3, орти 7 босқичли), иккита калодкали тормоз (олд ва орқа ғилдирак учун), олди амортизаторли оппоқ велосипедни ҳайдаш бирам енгил эдики, сал қимматроқ бўлса ҳам шуни олишга қарор қилдим. Савдолашиб 600 минг сўмлик велосипедни 500 мингга олдим. Мен аввалдан велосипед олсам, бозордан тўғри уйгача миниб кетаман, деб дилимга тугиб қўйгандим. Шу сабаб Паркент бозори томон велосипедда йўлга чиқдим…

Велосипед сотиб олишда қуйидагиларга эътибор беринг:

–  велосипед олишдан аввал бозорлар, нарх-наво, моделларни яхшилаб ўрганиш керак;

–  иложи бўлса, янги, қутисидан очилмаганини танлаш, сотувчи бошида туриб, унинг терилишини кузатиб турган маъқул. Чунки ҳамма сотувчи ҳам ўз маҳсулотини харидорларга нуқсонсиз кўрсатишга уринади. Шунинг учун велосипед сотувчилари уни теришда болт ва гайкалар бўёғи ўчиб кетмаслигини истайди, уларга озгина бўлса ҳам зиён етмаслиги учун етарлича қотирмайди. Сотувчи ишини эътибор билан кузатиб туриб, барча мурватларини керагича мустаҳкамлашини сўранг. Ушбу жараёнда баҳонада великнинг эҳтиёт қисмлари қандай жойлаштирилаётганини ҳам ўрганиб оласиз (Бу кейинчалик асқотади);

–  велосипед билан бир вақтда: сигнал, чироқ, қулф-калит, юк ортадиган (багажник — зарур бўлса) олишни ҳам унутманг.

Мен қоидани буздимми?

Болалигимда Худодан велосипедим бўлишини сўраб ибодат қилардим. Кейин бошқача йўл тутиш лозимлигини пайқаб қолдим. Мен велосипед ўғирладим ва гуноҳимни кечиришини сўраб ибодат қила бошладим.

Аль Пачино

Очиғи, велосипед олгунга қадар, уни ҳайдашнинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари борлигини билмасдим. Ўша, велосипедни олган кунимдан бошлабоқ йўлда автомобиллар билан бирдек ҳаракатланиб, улар оралаб ҳайдаб кетаверган эканман. Бир куни Чилонзордаги дўстимнинг уйига велосипедда бормоқчи бўлдим. Ҳаммаси жойида эди. «Меридиан» меҳмонхонасидан ўтиб, катта йўл четида кетиб борар эканман, йўл-патрул хизмати автомобилидагилар ёнма-ён юрганча менга тўхташимни буюришди. Бирор айб иш қилдим, дея саросимага тушиб қолдим. Ўзини таништирган ДАН ходими шаҳарда рейд бўлаётгани, қоидани бузган велосипедчилар бир жойга тўпланаётгани ва бизни ҳам ўша ерга олиб боришини айтди. Шу орада қандайдир тадбирдан қайтаётган, ҳар хил акробатик машқларни бажарувчи бошқа велосипедчи ҳам тўхтатилди. ДАН ходими билан ҳар қанча уринсак ҳам “келиша олмадик”.

Хуллас, икки “қаҳрамон” ДАН машинасида Чилонзордаги «Ўзбекфильм» томонда жойлашган автомобиллар сақлаш пунктига олиб кетди. Уйга келасолиб велосипед ҳайдашдаги қонун-қоидаларни ўрганишга тушдим. Демак, Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорининг “Йўл ҳаракати қоидалари” иловасига кўра:

– велосипед — одам кучи билан ҳаракатлантириладиган икки ёки ундан ортиқ ғилдиракли транспорт воситаси (2-банд);

– йўлда велосипед ҳайдаш 14 ёшга тўлган шахсларга рухсат этилади(27.1.);

– велосипедлар йўлнинг четки ўнг бўлагида, имкони борича ўнг томонидан бир қатор бўлиб ҳаракатланишга йўл қўйилади. Агар пиёдаларга халақит бермаса, йўл ёқасида ҳам ҳаракатланишга рухсат этилади (27.2.);

– велосипед товуш бергич мосламаси билан жиҳозланган ва унинг тормози соз бўлиши зарур. Қоронғи вақтда ва етарли кўринмаслик шароитида велосипеднинг олд томонига оқ рангли, орқа томонига қизил рангли чироқча ёки қизил рангли нур қайтаргич, ён томонларига эса зарғалдоқ ёки қизил рангли нур қайтаргич ўрнатилиши керак (27.3.) экан.

Эрта тонгдаёқ менга гўё ғилдиракларини чўзганча «бўзлаб» қолган велосипедим сақланаётган жой томон ошиқдим. Катта-кичик бошлиқлар билан учрашдим, қонун-қоидалар ҳақда талашиб-тортишиб, ўзаро келишиб, хуллас, велосипедимни олиб чиқдим (жарима тўламадим) ва бундан буён тинчгина, барча қоидаларга риоя этиб ҳайдаб юрибман.

Муҳими — меъёрни сақлаш

Қачонки катта ёшли кишининг велосипед минганини кўрсам, инсоният келажагидан кўнглим тинчланади.

Герберт Уэлс

Тўғрисини айтсам, велосипед олишдан асосий мақсадим, биринчидан, соғлом турмуш тарзига риоя этиш бўлса, иккинчидан, уни миниб ишга қатнаш эди.

Биринчи куни рисоладагидек костюм-шимни кийиб, галстукни тақиб, велосипедда ишга йўл олдим (гарчи ноқулайроқ бўлса ҳам). Тошкент тиббиёт академияси олдидан ўтар эканман, ДАН ходимининг менга чест берганча “Бўларкан-ку” деган сўзидан ўзимча фахрланиб кетдим. Назаримда, йўлда ҳамманинг кўзи менда эди…

Эрта тонгда велосипед ҳайдашнинг гашти бутунлай бошқача экан. Айниқса, «Ўзбекистон» меҳмонхонаси ва Халқаро «Форумлар саройи» атрофидаги хушманзара жойлар, фавворалардан отилаётган биллур томчиларда жилваланаётган Қуёш акси, салқин, оромбахш ҳаводан ўпкани тўлдириб нафас олганча велосипед ҳайдаш гаштини фақатгина мусаффо тонгларда велосипед ҳайдаб кўрган кишигина туя олади. Ёқимли шабада юзимга урилар экан, ҳаётга бўлган муҳаббатим жўш уради, тоғни талқон қиладигандек кучни, еттинчи осмонга олиб чиқишга қодир бахтни ҳис этаман.

Ишхонамиз ҳовлисида фақат менга тегишли бўлган жой пайдо бўлди. Айрим ҳамкасбларим автомобилини қўяр экан, мен ҳам велосипедимни ўз жойига қулфлаб, пультни босгандек ишора қилиб, “чуқ-чуқ” дея овоз чиқариб, ҳамкасбларимга жилмайиб қўяман.
Велосипед олган кундан бошлаб руҳиятим, саломатлигим ва иш унумдорлигида ижобий ўзгаришларни ҳис эта бошладим. Шу орада велосипеднинг саломатликка фойдаси ва тиббий меъёрлар ҳақда қизиқдим:

– велосипед ҳайдаш юрак қон-томир ва нафас олиш тизими органлари фаолиятини яхшилайди, оёқ мушаклари чидамлилигини оширади;

– тоза ҳавода велосипед ҳайдаш ўпканинг барча имкониятларини ишга солишига туртки беради. Натижада қон кислород билан тўйинади, мия ҳамда барча аъзолар, ҳужайра ва тўқималар тоза қон билан таъминланади;

– велосипед, айниқса, кашандалар учун фойдали. Велосипед ҳайдашда ўпкада рўй берадиган аэрация жараёни чекишдан қолган зарарли моддалардан организмни тозалайди;

– варикозга чалинганларга велосипед ҳайдаш тавсия этилади. Улар педалларни кетма-кет босганда, вена томирларидаги қон тезроқ айланади ва томирлар ҳаракатсизлиги камаяди;

– велосипед ҳайдаш вақтида вестибуляр аппарат (ички қулоқда жойлашган, бош ва гавда мувозанатини таъминловчи орган) чиниқади, эркаклар саломатлигида айниқса жиддий аҳамиятга эга бўлган кичик тоз соҳасида (аденома, геморрой сингари касалликлар авж оладиган соҳа) қон айланиши яхшиланади;

– мазкур тронспорт воситасини меъёрида ҳайдаш простата бези аденомасини даволаш ва профилактикаси учун хизмат қилса, ортиқчаси аксинча, ушбу касалликни келтириб чиқаради;

– велосипед озиш истагида бўлганлар учун жуда фойдали. Велосипед ҳайдаш кишидан анчагина қувват талаб қилади ва велосипедчилар, айниқса, оёқ сонидаги ортиқча ёғлардан халос бўлади. Бунинг учун ҳар куни 45 дақиқа атрофида велосипед ҳайдаш талаб этилади;

– мазкур машғулот, ҳатто кўзлар учун ҳам катта фойда келтиради. Узоқдаги объектларга назар ташлаш орқали кўзларни машқ қилдириб, узоқни кўра олмаслик касаллигига барҳам бериш мумкин;

– велосипед ҳайдашдан оладиган бир олам завқ ва қувонч асаб тизими фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, стресс даражасини туширади, доимий хавотир ва безовталиклардан халос этади.

Шунингдек, велосипед миниш қанчалик фойдали бўлмасин, айрим меъёрларни µам унутмаслик керак. Акс ҳолда, саломатлик учун зиён келтириш мумкин. Масалан:

– велосипедни тўқ ва жуда оч қоринга ҳайдаш зарарли;

– баъзан тиззаларда оғриқ сезилиши мумкин. Бу асосан чарчоқдан келиб чиқади ва ҳайдаш жараёнида оз-оздан дам олиб туришни ҳам унутманг;

– велосипед ҳайдашдан олдин етарлича суюқлик ичиш керак. Чунки чанқоқ ҳам томирларнинг меъёрида ишлашига халал беради. Бироқ газланган, кимёвий қўшимчалар қўшилган яхна ичимликлардан тийилинг, газсиз минерал сув эса чанқоқни қондириш билан бирга, организмдаги туз балансини меъёрида сақлашга кўмаклашади.

Велосипед ҳақда қизиқарли маълумотлар:

– дунёда ишлаб чиқарилувчи велосипедларнинг 95 фоизи Хитойда ишлаб чиқарилади;

– жаҳон бўйлаб велосипедлар сони бир миллиард атрофида бўлиб, уларнинг 400 миллионга яқини хитойликларга тегишли;

– ҳар йили дунё миқёсида ўртача 50 миллионта велосипед ишлаб чиқарилади, автомобил ва мотоциклларнинг умумий сони эса 20 миллионга яқин;

– велосипед тезлиги бўйича дунё рекорди 50 ёшли даниялик Фред Ромпелбергга тегишли бўлиб, у тезликни соатига 268,831 километргача чиқара олган;

– велосипед ҳайдаш вақтида соатига 600 калория қувват сарфланади;

– юриш ёки югуришга қараганда велосипедда уч баробар тезроқ ҳаракат қиламиз;

– битта автомобил сиғадиган жойга 20 та велосипедни жойлаштириш мумкин;

– Германиянинг Зиндельфинген шаҳридаги Мерседес-Бенц заводи ҳудудида велосипед орқали ҳаракат қилинади. Унда ҳар бир бўлимнинг ўз ранги мавжуд;

– Америкада шаҳарликларнинг 1 фоиздан камроғи, Италияда 5 фоиз, Голландияда 30 фоиз, Данияда 15 ёшдан катта ҳар 8 кишининг 7 нафарида шахсий велосипед мавжуд;

– ҳар бир Амстердам аҳолиси йилига ўртача 900 километрлик масофани велосипедда босиб ўтади;

– бой англияликлар камбағалларга қараганда 2.5 баробар кўпроқ велосипед ҳайдашади…

Хулоса ўрнида

Велосипедчининг иқтисодиёт учун турган-битгани зарар эканлиги ҳақдаги латифанамо гапни эшитган бўлсангиз керак. Чунки велосипедчи касал бўлмайди, автомобилга қизиқмайди, мажбурий суғурта қилинмайди, бензин олмайди, жамоат транспортида юрмайди, пул тўлаб велосипедини ювмайди, авто турар жойлар учун маблағ сарфламайди… Эҳ-ҳе, бу қаторни яна давом эттириш мумкин. Бироқ унинг жамиятга бундан ҳам кўпроқ фойдаси тегиши шубҳасиз. Ишонмасангиз, ўзингиз буни амалда синаб кўринг. Зеро жамият соғлом ва маънавиятли кишиларга жуда ҳам муҳтож.

PS: Сизга яна бир сирни айтай: ёз бўйи велосипед ҳайдаб, унга сарфлаган пулнинг ярмидан кўпини чиқариб олдим. 🙂

sanjarsaid