«Гу-гу»лаб юраверамизми?

3 й. аввал Мулоҳаза49

Уйга келсам, укам тоғамнинг ўғлига (абитуриент) инглиз тилидан дарс ўтаётган экан. У куйиб-пишиб инглиз тилидаги “go” сўзи “гу” эмас, “гоу” тарзида ўқилиши кераклигини тушунтирарди. Ҳаттоки боғча боласи билиши мумкин бўлган оддийгина қоидани билмаётганидан ажабланиб, абитуриентдан мактабда, коллежда инглиз тили ўтилганми, деб сўрадим. Бешинчи синфдан бошлаб ўтилган, деб жавоб берди у. Беш йил мактабда, уч йил коллежда нимани ўргатган, устозларинг ким эди, дея қайта савол бердим. “Мактабда Рўзимурод малим ўтган — ўзимиздан (узоқроқ қариндош). Дарсларини тушунмасдик. Коллежда эса дарс бўлмасди. Зачёт пайти 3-4 минг бериб баҳо олардик. Ўқитувчиларимизнинг исмлариям эсимда йўқ…”

Пиёда юришни яхши кўраман. Бунёдкор метро бекати ёнидан Амир Темур ҳиёбони қадар яёв йўлга чиқдим. Чорраҳадан ўтишим билан бир йигит йўл сўраб қолди. Унга сўраган манзилини тушунтирдим. Ўзим ҳам ўша томондан ўтишим, истаса ҳамроҳлик қилиши мумкинлигини айтдим. Йўл-йўлакай ўзини таништирди. Намангандан экан. Яқинда ўқишни битирибди. Тўрт йил «Иняз»да таҳсил олиб, олий маълумотли бўлгани, ўқиш тугаганидан кейин қишлоғига бориб, мактабга ишга кирганини айтиб қолди. “Дарс бошланар-бошланмас бизни намунали уй қуришга мажбурлай бошлашди. Мен олий маълумотли мутахассис бўлсам, қурувчилик, супур-сидир қилиб юраманми, ишинггаям, ойлигинггаям, деб бўшавордим. Тошкентдаги сайёҳлик агентликларига резюмемни жўнатгандим. Биттасидан жавоб келди. Ҳозир ўша ерга кетаяпман…”

Халқ таълими вазирлигининг сайтига кириб, инглиз тилини ўқитишга оид маълумотларни қидириб кўрдим. Бир дунёси чиқиб келди. Пресс-релизларда айтилишича, ҳаммаси зўр, ҳавас қиларли даражада. Ўқувчилар таълимга тўлиқ қамраб олинган, чет тиллар ўқитувчиларининг ҳаммаси малака оширган. Чиндан ҳам шундай, лекин натижа борасида бир гап айтиш мушкул. Истаган мактабингизга кириб, хоҳлаган чет тили ўқитувчисидан сўранг-чи, эркин ишлаши, бемалол дарс ўтиши учун қанчалик сунъий тўсиқлар борлигини айтиб беради. Қўшимча мажбурий меҳнатлар, иш юкламасидаги ортиқча, асосий мақсаддан узоқлаштириб, кўп вақт талаб қилувчи бандлар (конспект, тарбиявий ишлар ва ҳоказо), бир синфдаги меъёридан ортиқ ўқувчилар, мактабдаги бузуқ муҳит (раҳбарият ва жамоа ўртасидаги турли хил ортиқча гап-сўзлар), ойлик маошнинг камлиги (уйда репетиторлик қилиб пул топиш даражасидан бир неча баробар камлиги), Давлат тест маркази синовларининг ҳаддан зиёд мантиқсизлиги ва ҳаётдан узоқлиги, қоғозбозлик, хўжакўрсинлик ва бошқа жуда кўп муаммолар шулар жумласидан. Уларнинг мавжудлигини ҳамма, ҳаттоки Халқ таълими вазирлигидагилар ҳам беш қўлдай билса-да, хаспўшланиб, муаммоларнинг асл сабаблари қолиб, оқибатлари билан курашилаётгани охир-оқибат чаласавод, алифни калтак дейдиган битирувчилар сонининг ортишига олиб келаяпти.

Хулоса қилиш мавриди эмас. Мулоҳазаларимга бир донишманднинг фикрлари билан нуқта қўйиб тураман. Ундан “давлат қачон гуллаб-яшнайди”, дея савол беришган экан. Шунда у: “Шоҳ шоҳлигини, вазир вазирлигини, аскар аскарлигини қилганда”, дея жавоб берган экан. Агар инглиз тили ўқитувчиларига ҳам ўз ишини қилишга қўйиб беришмаса, тизимда қатъий тартиб-интизом, мажбурият ва жавобгарлик адолат мезонлари асосида ўрнатилмаса, ҳали узоқ вақт “гу-гу”лаб юраверамиз.

sanjarsaid