Қалбим асраб беринг

6 й. аввал Шеърлар47

Эй, сиз, осмондаги оппоқ булутлар,

Беғубор болалик андозалари!

Сиздан ўтинчим бор, фурсати қадар,

Қалбим асраб беринг ғубордан нари.

 

Зулмат соя солган ҳар бир қадамда,

Беҳаё севгининг шарпасин кўрсам,

Ва… ҳислар ҳокимлик қилса танамда,

Бир оз асраб бергин қалбимни, кўклам.

 

Худодан сўрасам ўткинчи ором,

Арзимас истаклар бойласа қўлим.

Ўзга лаҳжаларда янграса навом,

Райҳон, қалбгинамни асраб бер, гулим.

 

Энди ҳатлаб ўтдим икки ўнликдан,

Билмам ҳаёт мени отар қай ёққа.

Тоғлар, юрагимга ёмон кўз тиккан,

Зоғлардан яширинг уни узоққа.

 

Дунёга берилиб, ишқни унутсам,

Ҳаваслар қонимда қилса ғалаён.

Тошлар орасида тош қотса дийдам,

Шоир юрагимни асраб бер, осмон.

 

Кўксим қурум босган мўридек қора,

Тан узра қаққайиб турса, эй тонглар!

Қалбимни шабнамга ўрангки, зора,

Уни кўрмай қолса шумнафас онлар.

 

Агар ёлғиз қолсам ой чиқмаган тун,

Озор етказмасин юракфурушлар.

Бир кун йиғлаш учун, оҳ чекиш учун,

Қалбим асраб беринг покиза тушлар.

sanjarsaid