Агар Ватан учун яшай олсак биз

6 й. аввал Шеърлар64

Замонлар тўфони келолмаган бас,

Дарахт яшнайверар соғ бўлса илдиз.

Кўриб етти иқлим қилади ҳавас,

Ҳар кун Ватан учун яшаганда биз.

 

Буюк ўтмиш, дўстим, мулки аждоддир,

Унга қачонгача чўккалаймиз тиз?!

Дилда меҳр бўлса манзил ободдир,

Ҳар он Ватан учун яшаганда биз.

 

Бойлик, дунё ўтар, мансаб, шон ўтар,

Шу осмон, шу замин кетмагай ҳаргиз.

Дўст майин жилмайиб, душман қон ютар,

Дилдан Ватан учун яшаганда биз.

 

Номусим ойнаси, бахтим кўркидир,

Бешик кўзмунчоғин ўйнаётган қиз.

Бизнинг заҳматимиз — авлод эркидир,

Дўстим, Ватан учун яшаганда биз.

sanjarsaid