Кашанда — боласига кушанда

2 й. аввал Илм-фан8

Олимларнинг таъкидлашича, ота-оналарнинг сигарета чекиши уларнинг фарзандлари саломатлигига жиддий хавф туғдириб, улар вояга етганидан сўнг юрак қон-томир хасталикларига чалинишга мойилликни оширади. Бу ҳақда gazeta.ru сайти “Тhe American Heart Association journal” журналига асосланган ҳолда хабар қилди.

Уйқу артериясининг торайиши (стеноз) жараёни инсонда атеросклероз, томирларнинг сурункали касалликлари бошланаётганидан дарак бериб, охир-оқибат юракнинг ишемик хасталикларини келтириб чиқаради. Тадқиқотчилар болалиги 1980-1983 йилларда ўтган катта гуруҳ беморлардаги уйқу артерияси ҳолатини таҳлил қилиб чиқишди. Ушбу изланишга жалб этилган беморлар болалигида ота-онасининг ҳар иккиси ёки уларнинг бири мунтазам равишда сигарета чеккан. Шу тарзда пассив кашандаликнинг бола организмига қай даражада таъсир кўрсатиши аниқланди.

Якунда мунтазам раившда ота-онаси чекаётган сигарета тутуни таъсири остида қолган болалар катта бўлгач, бошқа тенгдошларига қараганда кўпроқ юрак қон-томир касалликларига чалиниши маълум бўлди.

Таъкидлаш жоизки, аввалги тадқиқотларда пассив кашандалик болаларнинг нафас олиш, асаб, таян-ҳаракат, сийдик чиқариш тизимларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши, шунингдек, кўриш қобилиятининг ёмонлашувига олиб келиши каби кўплаб оқибатлари аниқланган.

sanjarsaid