Журналист бўлиш осонми?

6 й. аввал Мулоҳаза67

Жуда осон. Бунинг учун масъулиятсиз, қатъиятсиз, ношуд ва озгина сурбет бўлишнинг ўзи кифоя қилади. Ярим тунда бошлиғинг қўнғироқ қилиб эртага роппа-роса тўққизда фалон ерда бўлишинг керак, дейди. Шанба бўлишига қарамасдан ўрнингдан эртароқ туриб ўша томонга шошасан. Охирги пулларингни сарфлаб таксига минишингга ҳам тўғри келади. Бошлиғинг айтган вақтда борсанг, тадбир бошқа ерда бўлаётганини билдиришади. Оёғингни қўлтиғингга қистириб ўша томонга чопасан. Амал-тақал етиб борасан ҳам. Аммо… Тадбир тушдан кейинги 4га қолдирилганини айтишади, ноқулайлик учун узр сўраш тугул хайр-маъзур қилишни-да “унутиб”, бошқа ҳамкасбларинг қатори чиқариб юборишади. Сендаги бошлиқларингга жуда ёқадиган қатъиятсизлик сифатинг бу сафар ҳам иш беради, ярим кундан ортиқ вақтинг, қолиб кетган ишларингни ўйлаб озгина тиришасан холос. Кейин 4 бўлишини кута бошлайсан. Улгурсанг, баъзи ишларингни тугатволасан, бўлмаса бир кунингни изсиз йўқотасан. Тадбир бошланади ҳам. Ҳар доим эшитган гап-сўзлар, ширин ёлғону бажарилмас ваъдаларни қайтадан қулоғингга қуйиб уйингга қайтасан. Қўлингга берилган бир олам маълумотларга кўз югуртириб мийиғида куласан. Чунки сен хабар ёки янгиликни ёзмаслигингни, кетган вақтинг ёки пулинг беҳуда эканини биласан. Бошлиғинг ёзганларингга шубҳа билан қарайди, аниқроғи, ўз тинчини ўйлаб ҳамма қатори иш тутади — саҳиҳ маълумотлар манбаининг юборганини чоп этади. Сен эса бу сафар шунчаки фон бўлиб берасан.

Журналист бўлишнинг ёмон томони ҳам бор. Одамларга далил боқиб мен журналистман, деёлмайсан. Уят, ор-номус бунга йўл қўймайди. Бир пайтлар устозларинг барпо этган обрўдан қолганини бир-иккита кўрсатув билан йўқ қилиб бўлишган. Ўлик, йўқ, комадаги жасадга ўхшайсан. Яшаяпсан, бунинг белгилари: сен нафас олаяпсан, томоғингдан бир кунлик умринг учун етарли луқма ўтиб турибди. Туришга ҳолинг ҳам, хоҳишинг ҳам йўқ. Баъзида кўзингга бола-чақасининг ризқидан айириб, маошидан мажбурий ушлаб қолинган обуначиларнинг маъюс нигоҳи гавдаланади. Ризқини қийиб…

Ҳаммасидан юз ўгириб, шусиз ҳам минг азобда ўтаётган кунларингнинг хунидан ҳам воз кечиб кетгинг келади. Лекин қаерга? Билмайсан. Ортга йўл йўқ, олдинда эса тушкун ва мавҳум келажак. Бошинг қотади, ўзингга сабр қил, ҳаммаси яхши бўлади, дейсан.

Журналист бўлиш осон…

sanjarsaid