Аброр Исмаилов нега блогпостим учун 1 қўйди?

6 й. аввал Мулоҳаза169

Ўзбек тилида ижод қилувчи блогерлар ўртасида иккинчи маротаба чемпионат ташкил этилиши ҳақидаги хабарни мамнуният билан қабул қилдим. Унда қандай мавзудаги блогпостлар билан қатнашсам экан, деган хаёлда ҳар хил мавзуларни ўйлаб юрдим. 21 март куни чемпионатга старт берилди ҳам. Танловга тақдим этилаётган блогпостлар мазмуни, йўналиши ва шакл-шамойили, уларга мухлис ва ҳакамларнинг муносабатини кузатар эканман, “Қўрқув” деган блогпост ёзишни маъқул деб топдим. Бироқ бошдан оёқ ўз муаммоларим ҳақидаги тушкун кайфиятимга сабаб бўладиган “ади-бади”лар бошқалар дилини ҳам сиёҳ қилмасин, деган мақсадда корейс тилини ўрганиш борасида деярли 11 йиллик, уни ўқитиш бўйича 8 йилдан ошиқроқ вақт ичида тўплаган тажрибаларимга асосланиб некбинроқ мавзуда блогпост ёзишга қарор қилдим.  Блогим манзилини чемпионатга тақдим этгандан кейин ҳамма қатори блогпостимга бўлган муносабатларни ҳаяжон билан кузата бошладим. Бошланиши ёмонмас эди бироқ uz24.uz elektron OAVэлектрон нашрининг бош муҳаррири Аброр Исмаиловнинг блогимга бир баҳо қўйгани мени эсанкиратиб қўйди. Ўша заҳотиёқ саккизинчи поғонадан 16га, бугун эса 30таликка шўнғидим. Ўзимни осмондан ерга қулагандек ҳис этдим.

Кайфиятим билан бирга қонимдаги мелатонин гормони ҳам тушиб кетган шекилли, тун ярмидан оғганида ҳам Аброр ака нега менга 1 баҳо қўйди экан, деган саволга жавоб изладим ва бир қанча тахминларни ўзимча ўртага ташладим. Демак, навбатдаги блогпост шуларга бағишланади.

Аввало, Аброр акани ҳаётда бирор марта ҳам кўрмаганман, ўйлайманки, бундан кейин ҳам уни кўришга хушим бўлмайди. У билан на ҳаётда, на шахсий ижодда, на бошқа манфаатлар юзасидан тўқнаш келмаганмиз, бирор марта ҳам кўзига қўлимни тиқиб олмаганман. Демак, бир баҳо қўшига ҳеч қандай шахсий ғарази йўқ ва бу масаладаги тахминим ўзини оқламайди.

Иккинчидан, юқорида айтиб ўтдим: икки йил бўлиб қолди, блогерлик оламида ғимиллаб юрибман. Бу билан блог, блогпост нима, қандай ёзилади, нима қилиш мумкину, нималар муҳтарам ўқувчига маъқул келмайди, деган саволларга қониқарсиз бўлса ҳам жавоб бера оламан. Агар блогпостим мавзуси, мазмуни, шакли ёки бирор имловий хатолари бўлса ҳам, бу бир баҳо қўйиш даражасида эмас эди, ҳеч бўлмаганда, икки қўйиш керак эди, лекин Аброр Исмаилов эмас!

Шахсий ғараз ёки шакл-шамоил блогпостимнинг ерга уриш даражасида баҳоланишига сабаб бўлмаган бўлса, демак, постги қайсидир гапим унга маъқул келмаган, нафақат ёқмаган, балки чинакамига ҒАЗАБИНИ КЕЛТИРГАН. Блогпостни охиригача ҳам ўқимасдан унга бир қўйиб, “афсус, бутунлай қизил карточка бериш имкони йўқ-да” деб қўйган. Шу фикрга келганимдан кейин қайси гапим унинг нафсониятига теккани ҳақида ўйлай бошладим.

Биринчи бўлиб хаёлимга Аброр Исмаиловнинг тили чучук бўлса керак, и ва ы унлиларини тўғри талаффуз қила олмаган бўлса жаҳлини чиқаргандир, деган фикр келдию дарҳол бу аҳмоқона ўйни четга сурдим.

Тун ярмида осмонга тикилиб ўйларканман, балки у Қашқадарё ёки Сурхондарёдан бўлса-чи деган фикр ҳам келди. “Нега юртошларимга баъзи унлилар устида ишлаш кераклигини маслаҳат бераяпти, ким бўлибди ақл ўргатишга!” деган фикрда 1 га муносиб кўргандир.

Яна бир тахминимга кўра, унга жанубий кореяликлар ҳақидаги мулоҳазаларим ёқмагандир. Бўлиши мумкин. Очиғи ўша фикр менгаям маъқул келмаганди.

Ўзимча, балки твиттерда ёки фейсбукда uz24.uz аккаунтларини ўқимаслигим ҳам сабабдир деган бўлмағур фикрга ҳам бордим. Ахир твиттерда 1400тага яқин фолловерим бор ҳарқалай. Бирорта твитини ретвит қилсам, сайтига кирадиган одамлар сони кўпайиб қолармиди…

Блогпостни ёзар эканман, охирги дақиқаларда чемпионат регламентига киритилган ўзгаришлардан бохабар бўлдим. Аброр Исмаиловга бўлмаган ҳурматимни сақлаган ҳолда бошқа ҳакамларнинг баҳо ва муносабатини кутиб қоламан, деб унга нуқта қўйдим. Омон бўлинглар.

Охирги гап, чемпионат мен учун қандай тугашидан қатъи назар sanjarsaid.uz орқали фаолиятимни тўхтатмоқчи эмасман, янгидан янги фикр-мулоҳазалар, богпост, илмий-оммавий мақола ва қизиқарли янгиликларни бериб боришда давом этаман, Худо хоҳласа. 🙂

sanjarsaid