“Farg’onaazot” заводига саёҳат

6 й. аввал Табиат ва биз156

Йилига минглаб тонна кимёвий ўғитларни тайёрлаш ва уларни сақлаш мураккаб технологик жараён бўлиб, жиддий эътибор ва доимий назоратни талаб этади. Чунки ишлаб чиқариш ва фойдаланиш жараёнида уларнинг маълум қисми атроф-муҳит ва атмосферага чиқарилиши табиий. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари учун “Farg’onaazot” ОАЖга ташкил этилган медиатур давомида заводдаги табиатни мухофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш имкони туғилди. Медиатур аввалида “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонуни ижросига бағишланган матбуот анжумани уюштирилди. Унда акционерлик жамияти ҳақида, корхонада атроф-муҳит тозалиги, чиқиндиларни қайта ишлаш борасида олиб борилаётган ишлар, эришилган ютуқлар ва келгусидаги режалар тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди. Жумладан, атроф-муҳитга зарарли моддалар ташланмаларини камайтиришга қаратилган тадбирлар, экологик тоза технологияларнинг тадбиқ этилиши самараси ўлароқ, ифлослантирувчи моддалар ташламалари белгиланган меъёрнинг 30 фоизидан ошмаётгани алоҳида таъкидланди. Ишлаб чиқаришга замонавий технологияларнинг жалб этилиши натижасида аммиак ишлаб чиқариш учун ишлатилувчи тузсизлантирилган сув тайёрлашда йилига 7 минг тонна сульфат (H2SO4), 5 минг тонна ишқор (NaOH) ишлатилаётган бўлса, 2015 қурилиши лойиҳаланаётган мембрана усулда сувни тузсизлантириш қурилмасида ушбу реагентлар ишлатилмайди ва таркибида қурилмадан чиқадиган SO4 тутувчи оқова сувлар ҳосил бўлиши бартараф этилади. Шунингдек, қайта реконструкция ишларидан сўнг атмосферага чиқинди газлар чиқарувчи 4 манба бартараф этилди. Корхонада азот оксиди ташланмаларини камайтириш мақсадида иқлим ўзгариши бўйича Киото протоколи доирасида Мусаффо ривожланиш механизми лойиҳаси бажарилмоқда. Эътиборлиси, бу ерда саноат чиқиндиларидан фойдали маҳсулотларни ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратилган. Бу борада юртимиздаги турли илмий тадқиқот институтлари олимлари билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани ҳам иқтисодий жиҳатдан катта фойда келтирувчи, ҳам атроф-муҳит учун безиён маҳсулотларнинг ишлаб чиқилишига хизмат қилмоқда. Хусусан, корхонада сувни тозалаш жараёнида ҳосил бўлувчи чиқинди (шлам) ва нефтни қайта тозалашда ажратилувчи қолдиқдан фаоллаштирилган кукун олиниб, бугунги кунда йўл қурилиши соҳасида тажрибадан ўтказилмоқда.

Келгусидаги режалар ҳақида сўз кетар экан, ички бозорни импорт ўрнини эгалловчи рақобатбардош янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқалиши борасида алоҳида тўхталиб ўтилди. Яқин кунларда хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда сифатли қоғоз ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётгани айтиб ўтилди.  Шунингдек, чиқинди сувларни 80 фоизгача қайта тозалаш технологияларининг ўрнатилиши илмий ва технологик жиҳатдан ўрганилмоқда.

Матбуот анжуманидан сўнг корхона фаолияти билан яқиндик. Биринчи бўлиб аммиак ишлаб чиқариш цехини томоша қилдик. Цех бошлиғи Улуғбек Қодировнинг маълум қилишича, 2009 йилда цехдаги қайта реконструкция ишлари амалга оширилгач, бир тонна аммиак селитраси ишлаб чиқариш учун сарфланувчи газ миқдори 1650-1700 куб метрдан 1330 куб метргача камайтиришга эришилди. Мазкур цехдаги барча жараёнлар махсус замонавий технологиялар билан таъминланган бошқарув пултида назорат қилиб борилар экан. Унинг ёнида эса ўқув-амалиёт цехи жойлашган бўлиб, янги ишчи-ходимлар бу ерда технологик жараёнларга бевосита таъсир кўрсатмаган ҳолда уларни онлайн тарзда кузатиб бориши, ускуналарнинг кичрайтирилган намуналарини бошқариши мумкин. Малакали ходимларга бириктирилган ишчилар ойлик иш ҳақлари тўлиқ сақланган ҳолда 6-9 ой мобайнида худди шу жойда тажриба орттириб, махсус амалий имтиҳондан муваффақиятли ўтганидан сўнг цехда ишлаш имкониятига эга бўлади.

Цех фаолияти билан танишган медиатур иштирокчилари янги ташкил этилган фаоллаштирил минерал кукун ишлаб чиқариш цехи томон йўл олдилар. Ушбу цехда айни пайтда нефт ва оҳак қолдиғи чўкмасидан кунига 20 тонна минерал кукун ишлаб чиқарилаётган экан. Унинг яна бир аҳамиятли томони, янги маҳсулот ишлаб чиқаришдан атроф-муҳитга мутлақо чиқинди ажратилмайди. Қўшни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидан олинган нефт қолдиғи эса махсус берк цистерналарда сақланар экан.

Айни пайтда янги маҳсулот вилоят автомобил йўл қурилиши ташкилотлари томонидан синовдан ўтказилмоқда. Бугунга қадар олинган маълумотларга қараганда, мазкур кукун қўшилган асфальт ўзидан сув ўтказмасдан, айни қиш кунларида унга сув сизиб кириб, музлаши ва оқибатда йўлларнинг ёрилиб кетишидан сақлайди. Бу эса асфальтнинг яроқлилик муддатини оширишга олиб келади.

Чиқиндиларни қайта ишлашга йўналтирилган яна бир цехда таркибида кальций мавжуд бўлган чиқиндидан суюқ минерал ўғит тайёрлаш йўлга қўйилган экан. Мўъжаз пластик идишларга қадоқланаётган суюқ минерал ўғитнинг афзаллик жиҳати сифатида уларни ўсимликлар осон ўзлаштириштириши, шу билан биргаликда, уларнинг парланиш, атроф-муҳитга зиён етказиш даражаси анча паст экани таъкидланди.

Навбатдаги манзил полимер маҳсулотлар ва реагентлар ишлаб чиқариш ускунаси ўрнатилган цех бўлди. Бу ерда жорий йилдан бошлаб “Poly Pac-Uz” бурғулаш реагенти ишлаб чиқариш йўлга қўйилибди. Нефт-газ саноатида бурғулангандан сўнг қудуқ деворини сув, тош ва тупроқ тушишидан ҳимоялаш мақсадида қўлланилувчи реагент шу вақтга қадар чет элдан харид қилинар эди. Эндиликда эса мазкур цехда йилига 400-450 тонна сифати хорижникидан асло қолишмайдиган реагентни ишлаб чиқарилмоқда.

— Мазкур маҳсулот ишлаб чиқарилишида кимёвий реакция натижасида иссиқлик ажралиб чиқиб, қурилма сув ёрдамида совутиб борилади. Бироқ ушбу жараёнда атроф-муҳитга ҳеч қандай чиқинди ташланмайди, — деди цех бошлиғи Нозимжон Ваҳобов.

Корхона ишлаб чиқарувчи асосий маҳсулотлардан бири — карбамид цехига уюштирилган саёҳат ҳам таассуротларга бой бўлди. Йилига 330 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқаришда экологик тоза ускуналардан фойдаланишга катта эътибор қаратилган бўлиб, жумладан, сувни қайта тозалашда ажратиб олинаётган аммиак умумий хомашё сарфининг камайишига хизмат қилмоқда. Ҳозирча бир тонна маҳсулот ишлаб чиқаришда 600 килограмм аммиак ишлатилаётган бўлса, унинг 20 килограми оқова сувни тозалаш натижасида ажратиб олинмоқда. Оддий ҳисоб-китобга кўра, шу йўл билан корхонада бир йилда 6600 тонна аммиак иқтисод қилиниб, келгусида мазкур кўрсаткични янада ошириш борасида изланишлар олиб борилмоқда.

Сўнгги манзил марказий диспечерлик хонаси бўлди. Бу ер замонавий кузатув қурилмалари билан жиҳозланган бўлиб, турли фавқулодда вазиятларда зарур ҳаракатлар бошқариб борилади. Мўъжаз метеостанция ёрдамида ҳаво ҳарорати, атмосфера босими, шамол тезлиги ва йўналиши кузатилиб, ҳар соатда тегишли ҳаракатлар режасига ўзгартиришлар киритилади.

Шу билан “Фарғонаазот” АЖга уюштирилган медиатур ўз ниҳоясига етди. Саёҳатимиз давомида Тошкент кимё технологиялар институти, бир қатор илмий тадқиқот муассасалари олимлари ҳам ҳамроҳлик қилиб, мураккаб кимёвий-технологик жараёнларни тушуниб олишимизга ёрдамлашди.

2014 йил 9 сентябрь

Тошкент-Фарғона-Тошкент

sanjarsaid