ЭЛЕКТРОН ХАРИТАЛАР

5 й. аввал Таом ва Тиббиёт399

Яқинда бир дўстимизнинг тўйига бордик. Ҳамкасбимизнинг автоуловида йўлга чиқар эканмиз, у манзилни аниқ билмаслигини, тўй бўладиган томонларга бориб кўрмаганини айтиб қолди. Одамлар орасида сўраб-суриштириб Маккани ҳам топиб борса бўлади, деган гап юради. Шериклар билан машинага ўтирар эканмиз, замона зайли билан бу гапларга эҳтиёж қолмагани, миттигина мобил телефон бизга йўлни аниқ кўрсатиб боришини айтдим. Телефонимдаги мобил харитани ёқиб, қидирув тизимига  керакли манзилни киритдим. Бир оздан сўнг экранда айни ўша пайтда бизнинг қаерда турганимиз, қайси томонга қараб неча километр юриб, қай тарафга бурилишимиз кераклигигача — барчаси намоён бўлди. Шундай қилиб, мобил харита ёрдами билан тўйга адашмасдан эсон-омон бордик.

Дарҳақиқат, бугун қўлингиздаги кафтдек телефон нафақат алоқа воситаси, турли‑туман ахборотлар манбаи, балки йўл кўрсатувчи, маслаҳат берувчи қурилмага ҳам айланди. Уларнинг хотирасига жойлаштирилган турли‑туман мобил иловалар қаторидан бугунги кунда электрон хариталар ҳам мустаҳкам ўрин эгаллади. Йил ўтгани сайин бу каби иловалар сони ва сифати юксалиб бормоқда. Бир вақтлар фафқатгина картографик хизматларни кўрсатган айрим интернет тармоқлари ёки мобил иловалар бугунги кунда жой номлари, уларга берилган таърифлар, фойдаланувчиларнинг фикр‑мулоҳазалари ва бошқа ахборотлар билан ҳам мунтазам таъминланиб турибди. Келинг, улар ҳақда батафсил маълумот беришдан олдин хариталарнинг қисқача тарихи билан танишиб ўтсак.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, хариташунослик инсоният тарихида муҳим кашфиёт ҳисобланган ёзувдан ҳам аввалроқ пайдо бўлган. Инсонлар қадимдан бирор сафарга чиқар экан, ўзлари билан албатта харита олиб чиқишган. Шунингдек, айрим географик объектларга ҳудуддаги асосий манзиллар ҳақида тасвирий маълумотлар қолдирилган. Жумладан, ҳозирги Чехия ҳудудидаги Павлов шаҳри яқинида топилган харитани эслатувчи тасвирлар бундан 25 минг йил муқаддам қоятошга туширилгани маълум. Унда тоғ, дарё, водий ва йўналишларни эслатувчи тасвирлар ифодаланган. Милоддан аввалги 9 асрга оид Гомер хариталари, милоддан аввалги олтинчи асрга мансуб Вавилон ва Hecataeus хариталари асрлар давомида инсонларга ўз манзилларини осонгина топиб олишга хизмат қилган. Тўғри, уларда Ер сирти етарлича аниқликда тасвирланмаган, шу билан бирга, муайян минтақаларнигина кўриш мумкин. Бироқ буюк географик кашфиётлар даврига келиб бир‑биридан мукаммал хариталар тузила бошланди. Уларда нафақат Ғарб, балки Шарқ олимлари, хусусан, ал Хоразмий, Беруний сингари буюк бобокалонларимиз инсоният тарихида муҳим аҳамият касб этган хариталар ва ушбу соҳага оид маълумотлардан ҳам кенг фойдаланилган.

Йигирманчи асрга келиб илм‑фан, саноат, самалётсозлик, космик кемаларнинг жадал ривожлангани янада мукаммал хариталар тузилишига замин ҳозирлади. Самалётлар ёрдамида олинган фотосуратлар ёрдамида юқори аниқликдаги хариталар яратилди. Сунъий йўлдошлар ва замонавий ахборот технологиялари ёрдамида эса айни пайтда турли мақсадларда фойдаланилаётган хилма‑хил картография маҳсулотларининг электрон шакллари ҳам ишлаб чиқилиб, уларнинг имкониятлари мисли кўрилмаган даражада кенгайди. Хусусан, бугунги айрим электрон хариталар сизга керакли манзилни осонгина топиш, уларнинг аниқ жойлашган ўрни, алоқа рақамлари ва бошқа зарур маълумотларни ҳам тақдим эта олади. Шу билан бир қаторда, улар мамлакатлар, вилоятлар, шаҳарлар, туманлар, ҳаттоки, хонадонларни ҳам сунъий йўлдош орқали тасвирга олинган суратлар ёрдамида исталган баландликда туриб “томоша қилиш” учун қулай қилиб яратилган. Шу ўринда, кўпгина электрон хариталар асосини ташкил этувчи аэрокосмик фотосуратлар LandSat 7 сунъий йўлдоши томонидан олинганини алоҳида айтиб ўтиш жоиз.

1999 йили Америка космик тадқиқотлар агентлиги (NASA) томонидан LandSat лойиҳаси доирасида орбитага учирилган LandSat 7 сунъий йўлдоши заминимизнинг қарийб ҳар бир қаричини тасвирга олиб, шу вақтга қадар олинган глобал сунъий йўлдош фотосуратлари архивини бутунлай қайтадан янгилади. 1999‑2002 йиллар давомида АҚШ Геологик хизмати мутахассилари эса сунъий йўлдшдан юборилган барча маълумотларни қайта ишлаб, кенг фойдаланиш учун тақдим этишди. Бугунги кунда кўпчилик картографик веб‑саҳифаларда айнан ана шу сунъий йўлдош тасвирларидан фойдаланилган. Бутун дунё ўргимчак тўри фойдаланувчилари орасида энг кенг тарқалган Google Maps, Yahoo Maps, Bing Maps картографик сайтлари шулар жумласидан.

Мазкур сунъий йўлдош ер сатҳидан 705 километр баландликда бир суткада 532та фотосурат олиб, 16 кун ичида 232 маротаба заминимизни айланиб, ер сиртининг мукаммал харитасини тузиш имкониятини беради. Ушбу сунъий йўлдош юқори аниқликда суратга олувчи камера билан жойлаштирилган бўлиб, унинг фотосуратларидаги ҳар бир пикселга ер юзининг 14,25 метр ҳажмдаги сирти тўғри келади.

Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда электрон хариталар оламида Google хариталари (инглиз тилида Google Maps; аввалроқ эса Google Local деб номланган) яққол етакчилик қилиб келмоқда. Ушбу хариталар бир қатор иловаларни ўз ичига олган бўлиб, Google компанияси томонидан 2005 йилда илк бор интернет фойдаланувчилари эътиборига ҳавола қилинган. Мазкур хизмат бир қатор хариталар ва Ернинг сунъий йўлдоши орқали олинган фотосуратларга асосланган бепул картографик хизматлар ва технологияларни тақдим этади. Кўплаб минтақалар учун эса 250‑300 метр баландликдан суратга олинган юқори аниқликдаги аэрофототасвирлар ҳам тақдим этилган. Уларнинг аксарияти Қуёш нури тушадиган томондан 45 даража қияликда тасвирга олинган. Мазкур хизмат ичига, шунингдек, Ой ва Марс сайёраси сатҳи хариталари ҳам киритилган.

Шу билан бирга, Google хариталарига АҚШ, Канада, Япония, Россия, Гонгконг, Хитой, Британия, Ирландия ва бошқа кўпгина мамлакатларнинг йирик шаҳарлари аҳолиси учун қидирув маршрутлари билан биргаликда, бизнес‑маълумотнома ҳамда автомобил йўллари хариталари ҳам интеграция қилинган.

Картографик хизматларга асосланган машҳур иловалардан бири ‑ Google Ер сайёраси  Windows ҳамда GNU/Linux ва Mac OS операцион тизимлари учун мўлжалланган алоҳида илова бўлиб, ер сирти тасвирларини томоша қилиш, масштабни катта ва кичиклаштириш ҳамда уларни турли томонга силжитиш имконини беради. Уч ўлчамли тасвирлар ер сиртини (рельеф билан биргаликда) нафақат юқоридан, балки муайян бурчаклар остида томоша қилишга ҳам ёрдам беради.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, электрон хариталар сони ва сифати йил сайин ўсишда давом этмоқда. Янгидан янги хизматлар, қулайликлар бир сайтда муайян объект ҳақидаги маълумотлар билан биргаликда уларнинг харитадаги жойлашган ўрни ҳам кўрсатиб турилади. Хусусан, яқинда Google Maps хариталари Википедия ва Panoramio сайтлари билан интеграция қилинди. Натижада эндиликда бирор жой харитасини кўздан кечираётган киши бир вақтнинг ўзида бир веб саҳифада юқоридаги сайтларга жойлаштирилган улар ҳақидаги мақолалар билан танишиш ҳам мумкин. Ёки аксинча, бирор жой ҳақидаги маълумотларни олишда ўша ҳудуднинг харитасини ҳам кўзда кечириш имкони яраталди.

Google Street View иловаси эса Google Maps фойдаланувчиларига шаҳар ва бир қатор кўчаларнинг уч ўлчамли кўринишини интернет томоша қилишлари учун имкон яратди. Бунинг учун махсус технологиялар ёрдамида реал вақт режимида муайян жой гир айланасига суратга олинади. Ушбу жараёнда лазерни масофа ўлчагичлар ёрдамида текис сиртлар ҳам бино деворлари ва фасадлари сингари қайд этилади. Бу эса бирор объектни томоша қилиш учун қулай ракурс танлашда кўмаклашади.

Таъкидлаш ўринлики, 2012 йилда Google Street View фотосуратлари дунёнинг 35та мамлакатидаги 3 мингдан зиёд шаҳарлар учун тақдим этилди.

Айни пайтда Android операцион тизими асосида ишловчи смартфонлар учун бепул Google Maps иловалари тақдим этилган. Ушбу иловалар орқали мобил телефони эгалари овозли қидирув, сунъий йўлдош фотосуратлари, кўчалар тасвирлари (Street view) автонавигатор режимли хизматларидан фойдаланишлари мумкин. Google Maps 6.9 намунасидан бошлаб эса муайян ҳудуднинг харитасини хотира қурилмаларига сақлаб олиш ва интернет мавжуд бўлмаганда ҳам ундан фойдаланиш имконияти мавжуд.

Шунингдек, 2005 йилда Аполлона-11 космик кемасининг ой сатҳига муваффақиятли қўнганининг 36 йиллиги муносабати билан (1969 йил 20 июль) Google ой сатҳи суратларини намойиш қилди. Айни пайтда Google Moon хизмати орқали исталган фойдаланувчи ернинг табиий йўлдошига виртуал сайр қилиши, уни яқиндан кузатиши мумкин.

Кўпчиликка маълум, интернет чексиз‑чегарасиз ахборотлар манбаидир. Унда ишончли маълумотлар қаторида нотўғри ахборотлар ҳам етарлича топилади. Хусусан, 2009 йили британиялик фойдаланувчи Google Maps хизматида мутлақо мавжуд бўлмаган шаҳар мавжудлигини аниқлади. Харитада Бирлашган Қироллик шимоли ғарбидаги Ланкашир графлигида Арглетон шаҳри киритилгани, ҳақиқатда эса бундай шаҳар мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Бироқ айрим мутахассислар Google компанияси томонидан муаллифлик ҳуқуқлари бузилганини осонлик билан аниқлаш мақсадида атайин ушбу хатоликка йўл қўйилганини таъкидлашади. Сабаби, Google хариталари фақатгина нотижорий мақсадларда фойдаланиш учун тақдим этилган бўлиб, ундан бошқа тижорий ишларда фойдаланиш учун тегишли рухсатга эга бўлиш талаб этилади. Аммо айрим кишилар хариталардан нусха олиб, иқтисодий фойда келтирувчи манфаати йўлида фойдаланиши ҳам учраб туради. Бунинг олдини олиш учун эса Google мутахассислари баъзи кўчалар номини адаштириб, аслида мавжуд бўлмаган шаҳар номларини киритишган. Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишда айни шу чалкашлик қўл келиши инобатга олинган.

Navizone, Map24 Mobile, Nokia Maps, Virtual Earth Mobile, Mobile Map, J-Map, WayFinder Earth сингари электрон хариталар ҳам ўз фойдаланувчиларига эга. Албатта, уларнинг ҳам бир‑биридан фарқланувчи жиҳатлари, устунлик ва камчиликлари мавжуд. Хусусан, Navizone виртуал GPS-қабул қилувчиси фойдаланувчиларга интернет орқали ўз хариталарига маҳаллий овқатланиш шаҳобчалари, кўнгилочар масканлар, савдо марказлари ҳақида маълумотлар киритиш, улар ҳақидаги ўз фикр‑мулоҳазалари билан ўртоқлашишга имкон беради.

Map24 Mobile электрон хариталаридан эса Windows Mobile ва Symbian операцион тизимининг барча намуналари асосида ишловчи мобил телефонлари эгалари фойдаланишлари мумкин. Барча учун бепул тақдим этилувчи картографик хизматлар тармоғидаги бирор ҳудуд харитаси GPRS-Интернет орқали юклаб олинади ва кенг фойдаланилади. Унинг устунликларидан бири сифатида Google Maps хариталарига қараганда GPRS-трафикларни камроқ талаб этиши ва ундан фойдаланиш нисбатан камҳаражат эканлигини айтиш мумкин. Шунингдек, хариталар мобил телефони экрани ҳажмига осонроқ ва бенуқсон мослашади.

WayFinder Earth – интерактив картографик тармоғи эса мобил телефонлари экранида Ер юзининг уч ўлчамли харитасини намоён этиш билан бир қаторда, сайёҳларни энг кўп жалб этувчи дунёдаги 3 миллионга яқин масканлар ҳақидаги қимматли маълумотларни ҳам ўз ичига олади.

Бугунги мобил иловалари бозорида шунингдек, йирик савдо комплексларининг ҳам мукаммал хариталарини учратиш мумкин. Уч ўлчамли хариталар харидорларга комплексдаги керакли савдо растасини топиб олишларига кўмак беради.

sanjarsaid