Жаҳоннинг энг кекса ва машҳур университетлари

2 й. аввал Жамият, Илм-фан13

Инсоният тарихининг сўнгги минг йиллиги сон-саноқсиз ҳодисалар, оламшумул янгилик ва кашфиётлар, қирғинбарот уруш ҳамда глобал муаммоларга бой бўлди. Туғилиш ва ўлим, тинчлик ва уруш, яхшилик ва ёмонлик сингари кўплаб қарама-қаршиликлар давом этар экан, маълум тоифа чинакам фидойи инсонлар бир лаҳза бўлса-да илм-фан, ўқиб-ўрганишдан тўхтамади. Уларнинг узоқ йиллик меҳнатлари эвазига бугун ҳар жиҳатдан тараққий этган даврда яшаяпмиз. Бир нарса аниқки, минг йиллар муқаддам ташкил этилиб, ҳали-ҳамон дунё тан олган, инсониятни мунтазам ҳайратга солиб келаётган олиму кашфиётчиларга бешик бўлмиш университетларсиз бундай натижаларни қўлга кирита олмас эдик.

Бугунги мақомдаги илк университетга милоднинг 855 йилида асос солинган, десак муболаға бўлмайди. Константинопол университети деб номланган ушбу таълим муасасасида  бўлғуси давлат ишчилари, дипломат ва ҳарбийларга тиббиёт, фалсафа, нотиқлик санъати (риторика) ва ҳуқуқ фанлари ўргатилар эди. Шундан сўнг дунёнинг турли минтақалари, хусусан Европада кўплаб университетлар ташкил этилиб, кенг миқёсда илм-фан билан машғул бўлиш имкониятлари яратила бошланди. Уларнинг айримлари эса кейинчалик турли сабабларга кўра фаолиятини тўхтатди. Қуйида эътиборингизга ҳавола этилажак маълумотлар эса иш бошлаганидан буён муваффақиятли тарзда фаолият кўрсатиб, дунё миқёсида маълуму машҳур университет ҳақида.

Расман дунёнинг энг кекса университети мақоми 1088 йилда ташкил этилган Болонья университетига тегишлидир. Италиянинг Болонья шаҳрида жойлашган мазкур таълим муассасаси талабалари дастлаб Рим ҳуқуқшунослигидан сабоқ олган. Шаҳарнинг қулай иқлимда жойлашганлигини унинг хорижда ҳам тезда машҳур бўлиб кетишига замин ҳозирлади. Болонья университети Коперник, Ульрих фон Гуттен, Олоандер сингари машҳур талабалари билан ҳақли равишда фаҳрлана олади. Шунингдек, таниқли шоирлар Франческо Петрарка ва Данте Алигьери, Рим папаси Александр VI, шифокор ва окулист Парацельс, ёзувчи Умберто Эко1996-98, 2006-2008 йилларда Италия бош вазири бўлган Романо Проди ҳам ушбу университет битирувчиси ҳисобланади.

Кейинчалик университетда ҳуқуқшунослик фанлари билан бир қаторда фалсафа, лотин ва юнон адабиёти, тиббиёт ҳам чуқур ўргатила бошланди. Университет тарихида аёл профессорларнинг ҳам ўрни беқиёс бўлган. Жумладан, XIV—XV асрларда амалий тиббиёт ва одоб-ахлоқ фалсафаси соҳасида таълим берган Доротеи Букки, XVIIIнинг машҳур профессорлари экспериментал физика ва фалсафа соҳасида Лаура Басси, Гаэтана Агнези, таҳлилий геометри фани билимдони Анна Моранди, анатомия соҳасида етакчилардан бўлган Мария далле Донне сингари олималарни санаб ўтиш мумкин.

Айни пайтда университетда 23та факультет мавжуд бўлиб, уларда қарийб юз минг нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда. Қарийб минг йилдан буён ҳуқуқшунослик унинг асосий диққат марказида бўлиб, бугунги кунда мазкур таълим даргоҳи дунёнинг энг яхши 200 университети рўйхатидан муқим жой эгаллаб келмоқда.

Дунёнинг яна бир кекса ва машҳур олий таълим масканларидан бири Франция пойхтахтидаги Париж университетидир. Унга 1150 ва 1170 йиллар оралиғида асос солинган. Унинг маркази Сена дарёси қирғоғидаги Сарбонна биноси бўлиб, дастлаб диншунослик, ижтимоий ва аниқ фанлар, шу жумладан, ҳуқуқшунослик ва тиббиётдан сабоқ берилган. Унда ўрта асрларнинг машҳур олимлари — Фома Аквинский, Раймунд Луллия, Рожер Бэкон, Дунс Скот, Уильям Оккам, Оноре де Бальзак, Жан-Поль Сартр, Эразм Роттердамский сингари талаба ва педагоглар фаолият кўрсатишган. Мамлакатда 1968 йилнинг май ойида содир бўлган ижтимоий-иқтисодий инқироздан сўнг университет 1970 йилга келиб 13та турли мустақил университетга бўлинди. Айни пайтда эса Париж университетлари сони 17тага етган. Барча университет ва улар таркибидаги 75дан зиёд коллежлар, шунингдек, Сарбонна олий мактаблари Таълим вазирлигига бўйсинувчи Канцелярия томонидан бошқарилиб, уларда жаҳон илм-фанига улкан ҳисса қўшувчи изланишлар олиб борилмоқда.

Инглиз тилида “буқа кечуви” деб таржима қилинувчи Британиянинг Оксфорд шаҳрида жаҳоннинг энг кекса ва энг машҳур университетларидан бири жойлашган. Дунё илм-фан оламига 50 нафардан зиёд Нобел мукофоти совриндорлари, шунингдек, 25 нафардан зиёд британ бош вазирлари, 6 нафар қирол, минглаб таниқли сиёсатчи, иқтисодчи ва бошқаларни етиштириб чиқарган Оксфорд университетига 1117 йили асос солинган бўлиб, Генрих II даврига келиб (XIII аср бошлари) ҳақиқий университет мақомига эга бўлди.

Тахминан 13-асрларда университет қошида моддий имконияти баланд бўлган айрим кишилар томонидан мустақил изланишлар олиб бориш мақсадида турли коллежлар ташкил этила бошланди. Жумладан, 1249 йилда Уильям Дарем томонидан Университет коллежи, Иоанн I де Баллиол томонидан Баллиол коллежига асос солинди. Инглиз лорд-канцлери ва Мертон коллежи асосчиси Вальтер де Мертон эса ўз коллежи учун қоидаларни ишлаб чиқди. Унинг қоидалари кейинчалик Оксфорд ва Гарварддаги бошқа коллежлар учун намуна сифатида қабул қилина бошланди.

Айни пайтда университетда 51та факультет, 38 коллеж, 6та коллеж мақомига эга бўлмаган ёпиқ ўқув муассасаси мавжуд бўлиб, уларда 30 минг нафардан зиёд ўқувчи-талабалар билим олаётир.

Мазкур олийгоҳда таҳсил олган илк хорижий талабалар ҳақидаги маълумотлар 1190 йилга мансуб бўлиб, бугунга келиб университет талабаларининг 25 фоизга яқини хориждан, дунёнинг турли мамлакатларидан келиб таҳсил олмоқда.

Университетда асосан гуманитар, математика, физика, ижтимоий фанлар, тиббиёт, ҳаё ва атроф-муҳит ҳақидаги фанлар ўқитиб келинмоқда. Айниқса ёз ойларида ёзги мактаблар очилганидан сўнг бу ерда ҳаёт қайнайди. Дунёнинг турли бурчакларидан келган талабалар ой ойларида инглиз тили ва бошқа фанлардан сабоқ олиб кетишади. Талабалар бўш вақти эса 300дан зиёд йўналишдаги тўгаракларда янада мазмунли ташкил этилади.

Жаҳондаги яна бир нуроний ва етакчи олий таълим масканларидан бири, шубҳасиз, Кембриж университетидир. Мазкур университетнинг ташкил этилиши Оксфорд университети содир бўлган ноҳуш воқеа билан боғлиқ. Гап шундаки, университет талабаларидан бири 1209 йилда тасодифан Оксфорд шаҳри фуқаросининг қотилига айланади. Шундан сўнг бир қанча олимлар Оксфордни тарк этиб, Кембриж шаҳрида ўз йиғилиши ўтказади ва янги университетга асос солишади. 1214 йилда университет тартиб-қоидалари ишлаб чиқилади. Унга кўра ректор ва ўқув дастурлари (имтиҳонлар билан биргаликда)га оид барча қоидалар белгиланади. Маълумки, ўрта асрларда билимлар асосан диний идораларда олинган. Улардан фарқли равишда университетда турли фанлар, жумладан, фалсафа, мантиқ, математика сирлари ўргатила бошланди. Кембриж ва Оксфорд университетлари узоқ йиллар мобайнида яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб келади. ШУ боис ҳам тарихда уларни биргаликда Оксбриж номи билан ҳам аташади. Кембриж университети 88 нафар нобел мукофоти совриндорларининг етишиб чиқишига хизмат қилган бўлиб, бу борада дунё олий таълим муассасалари ичида пешқадам саналади.

Университетда 31та коллежнинг ягона конфедерацияси тузилган бўлиб, коллежлар фаолияти махсус низом асосида мувофиқлаштирилади. Ҳар бир коллеж Университет марказий кенгашида ўз вакилига эга.

Таълим даргоҳида сабоқлар 28та асосий курслар, жумладан, архитектура, иқтисод, тарих, география, ҳуқуқ, археология ва бошқа фанларни ўз ичига қамраб олган.

АҚШнинг Массачусетс штатидаги Бостон шаҳри таркибига кирувчи Кембриж шаҳарчасига дунёнинг кекса, айни пайтда маълуму машҳур университетларидан бири — Гарвард жойлашган. Унга 1636 йилнинг 8 сентябр куни илк тамал тоши қўйилган бўлиб, коллеж мақомида иш болаган. Мамлакатдаги оқсоқол университетлардан бўлмиш Гарвард инглиз олими Жон Гарвард номи билан аталган. 1643 йили инглиз зодагони Энн Рэдклифф томонидан илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тузилади. XVIII аср давомида Гарвардда кўплаб лойиҳалар амалга оширилди. Коллежда дастлаб диний билимлар билан биргаликда математика, тиббиёт (1810 йилдан бошлаб), ҳуқуқшунослик (1817 йилдан) ўргатилар эди.

XIX асрнинг биринчи чорагидан бошлаб Гарвард расман университет мақомига эга бўлди. Бугунги кунда мазкур таълим масканида 18 минг нафардан зиёд талаба ҳамда 10 мингга яқин ишчи-ходим, профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатмоқда. Мазкур даргоҳ дунё университетлари ичида айланма капитали (эндаумент) энг кўп ҳисобланиб, 2010 йилнинг ўзида 27,4 миллиард долларни ташкил этди.

Университет 11та алоҳида академик бўлинма — 10та факультет ва Рэдклифф истиқболли тадқиқотлар институтини ўз ичига олади. Асосий биноси, яъни “Гарвард саройи 85 гектар майдонни қамраб олган.

Гарвардга 75 нафар нобел мукофотига сазовор бўлган олим талаба, изланувчи ёки педагог сифатида алоқадор, шунингдек, 8 нафар АҚШ президенти худди шу маскан битирувчиси ҳисобланади. Битирувчилари орасидан етишиб чиққан миллиардерлар сони бўйича дунёда яққол пешқадам саналади. Университет 1900 йилда асос солинган Массачусет технологиялар институти билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келади.

339 гектарлик майдон, 19,2 миллиард долларлик айланма капитал, 11600 нафардан зиёд талаба ва 4 мингга яқин педагогларни қамраб олган Йель университети эса 1701 йилнинг 9 октябрида расман иш бошлаган. Тарихий манбаларда келтирилишича, 1700 йилда Гарвард университетининг ўн нафар битирувчиси Коннектикут штатидаги Брэнфорд шаҳрида йиғилиб, Гарвард университетида амалга оширилаётган айрим хатоларни такрорламаслик мақсадида янги коллеж ташкил этишга келишиб олишди. 1701 йилда Йель университети номини олган коллегиал мактаб ташкил этишга киришишди ва таълим-тарбия ишлари бошланганидан бир йил ўтибоқ Натаниэл Чонси номига университет дипломи расмийлаштирилди.

Бугунги замонавий Йель университети Коннектикут штатидаги Янги Англия шаҳрида жойлашган бўлиб, ўндан зиёд таълимий ва тадқиқотчилик муассасалари, 10та профессионал факультетни ўзида бирлаштиради. Бу ерда асосан ҳуқуқшунослик, тиббиёт, тадбиркорлик, атроф-муҳитни мухофаза қилиш, архитектура, мусиқашунослик ва бошқа соҳалар чуқур ўргатилади. Ундаги 65дан ортиқ кафедралар талаба ва изланувчиларга 2000дан зиёд курсларни таклиф этади. Айни пайтда мазкур хусусий тадқиқотчилик университети мамлакатдаги Гарвард ва Принстон университетлари билан биргаликда “кучли учлик”ни ташкил этади.

Дунёнинг ҳар жиҳатдан олди ҳисобланган университетлари рўйхатини 1404 йилда ташкил этилган Турин (Италия), 1477 йилда иш бошлаган Уппсал (Скандинавия), 1479 йилнинг 1 июнида очилган Копенгаген (Дания) каби университетлар билан тўлдириш мумкин. Улар сони юзлаб бўлиб, бир неча асрлардан буён муваффақиятли тарзда фаолият кўрсатиб келмоқда.

 

 

sanjarsaid