Антивирус — компьютернинг ишончли ҳимояси(ми?)

6 й. аввал Жамият, Илм-фан247

Компьютер — кўпчилигимизнинг яқин ҳамроҳимиз, асосий иш қуролимизга айланиб улгурди. Бироқ баъзида унинг секин ишлаши, қимматли ҳужжат ва файлларнинг йўқолиб қолиши ёки зарарланиши иш самарадорлигига, қолаверса, кайфиятимизга салбий таъсир кўрсатади. Бу эса «Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлар», деган мақолнинг компьютер, ахборот технологиялари соҳасига ҳам бевосита дахлдор эканини кўрсатади. Унутмаслик лозимки, компьютер ҳам доимий эътибор ва «парвариш»ни талаб этади. Антивируслар айни шу мақсадда ишлаб чиқилган бўлиб, фойдаланувчиларга маълумотларни ишончли ҳимоя қилишда кўмаклашади.

Илмий манбаларда антивирусларга шахсий компьютерлар операцион тизимини компьютер вируслари, жосуслик дастурлари, хакерлар ҳужуми, шахсий маълумотларни ўзлаштириш мақсадида тизимга ноқонуний йўл билан киришдан ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган махсус дастур, дея изоҳ берилган. Компьютерда қимматли маълумотлар бўлмаган тақдирда ҳам, антивирус дастурларини ўрнатишга бўлган эҳтиёж асло камайиб қолмайди. Сабаби, компьютер вируслари операцион тизимнинг нормал ишлашига халал беради. Вирусларнинг кўпчилиги компьютер фойдаланувчисининг вақтини ўғирлаш, компьютердаги носозликларни бартараф этиш учун  кўп куч ва эътибор сарфлаши учун ҳам атайин ишлаб чиқилган. Масалан, компьютер яхши ёнмайди, ёнса ўчиши қийин кечади, секин ишлаши, иш тиғиз вақтида қотиб қолиши сингари турли кўнгилсизликлар содир бўлиб туради. Айни шундай вазиятда антивирус дастурлари кўпгина муаммоларни бартараф этиб, компьютер орқали тинч ва хотиржам менҳат қилиш имконини беради.

Айни пайтда антивируслар асосан Microsoft компанияси маҳсулоти саналган Windows оиласига мансуб операцион тизимлар учун ишлаб чиқарилади. Боиси, дунё миқёсида ушбу операцион тизими асосида ишловчи компьютерлар кенг оммалашган. Шу билан бир қаторда, антивирус дастурлари яратувчилари Windows Mobile, Symbian, Apple iOS, BlackBerry, Android, Windows Phone 7 сингари операцион тизимлар учун ҳам ўз маҳсулотларини тақдим этишмоқда. Шу каби операцион тизимли ускуналарнинг ҳам дастурий таъминотлардан зарарланиши эҳтимолининг мавжудлиги мазкур маҳсулотларга бўлган талабни оширмоқда.

Microsoft маҳсулотларида антивируслар одатда қуйидаги тартибда ишлайди: антивируслар компьютер хотирасида (оператив ёки доимий) зарарланган кодни аниқлаган тақдирда, карантин жараёнини ишга тушириб, уни блоклайди ва вирусни йўқ қилади. Бироқ ҳар куни янгидан-янги вирус дастурларининг ишлаб чиқарилаётгани ва тарқатилаётгани антивируслар маълумотлар базасини махсус тармоқлар орқали мунтазам янгилаб туришни тақозо этади. Шу йўл билан антивируслар янгича вируслар ҳақидаги ахборотлар, уларнинг кодлари, кўриниши ва кураш чораларини ўзлаштирилади.

Бугунги антивируслар бозорида компьютерларнинг пулли ва бепул «ҳимоя қалқонлари» фойдаланувчилар эътиборига ҳавол қилинган бўлиб, ҳар ким ўз имконияти, операцион тизим имкониятларига қараб уларнинг бирини танлаши мумкин. Масалан, avast free antivirus ёки avira personal antivirus сингари бепул антивирус дастурлари компьютер қаттиқ диски ва бошқа хотира қурилмаларини автомат тарзда сканердан ўтказиб, зарарли дастурлардан халос этади, электрон почтанинг ҳам хавфсиз ишлашини таъминлаш имкониятига эга.

Қандай антивирус дастурини танлаган маъқул?

Антивирус дастурини танлаш ҳам муҳим вазифалардан бири саналади. Бу шахсий компьютер ва қимматли маълумотларнинг сақланиши учун биринчи навбатда зарур. Компьютерга бир вақтда иккита антивирус дастурини ўрнатиш тавсия қилинмайди. Шу боис энг яхши ва мақбул дастурни танлаш талаб этилади.

Бунда биринчи навбатда антивирус дастурининг компьютер имкониятларига мос келишини аниқлаш зарур. Масалан, компьютер процессори, оператив хотираси ва ҳакозо. Дейлик, техник имкониятлари кучсиз бўлган компьютерлар Касперский антивирусини «кўтара» олмайди. Мутахассислар агар компьютер унчалик янги бўлмаса, янги ишлаб чиқилган антивирусларни танламасликни маслаҳат беришади.

Таъкидланишича, windows операцион тизимидаги айрим камчиликлар туфайли ҳалигача шахсий компьютерни зарарли дастурлар ва бошқа хуружлардан тўлиқ ҳимоя қилувчи мукаммал антивирус дастури ишлаб чиқилмаган. Шундай бўлса ҳам, ушбу операцион тизим асосида ишловчи шахсий компьютерларни ҳимоялашнинг энг мақбул йўли сифатида кўпчиликнинг ишончини қозонган антивирус дастурларини ўрнатиш ва доимий эътиборда бўлиш эканлигини айтиш жоиз.

Сохта антивируслар

Сохта антивируслар (кўпинча «scareware»лар ҳам дейилади) дастурчилар томонидан пухталик билан реклама қилиниб, фойдаланувчиларда компьютерни турли зарарлардан буткул тозалаш борасида ишончли тасаввур уйғотишади. Улар турли веб-ресурсларда махсус ойначалар орқали фаол тарғиб қилинади. Бу каби антивируслар турли сохта огоҳлантиришларни тақдим этиб турса ҳам, аслида компьютерни ҳеч қандай хуружлардан ҳимоялай олмайди.

Сохта антивирусларнинг компьютер экранига чиқараётган хабарлари фойдаланувчини беихтиёр ушбу дастурни юклаб олиш, таклиф қилинган янги маълумотлар базасини янгилаш, зарарли дастурларни йўқ қилишга ёки антивируснинг аслида йўқ бўлган пулли кўринишини юклаб олишга ундайди. Натижада компьютер вируслардан тозаланиш ўрнига бир талай янги «бош оғриқлар»ни орттириб олиши мумкин. Шунингдек, айрим сохта антивируслар зарарли дастурларни атайин юклаб олиб, сўнгра уни «йўқ қилади» ва ишончингизни қозонишга эришади. Компьютер самарадорлигини пасайтириш, маълумотларни ўзлаштириш, ёлғон хабар бериш, лицензияланган дастурларнинг автомат янгиланишини чеклаш, Microsoft компаниясининг Хавфсизлик маркази номидан сохта маълумотлар бериш сингари кўплаб «қинғирликлар» ҳам айнан шу каби антивирусларнинг хизмат ҳисобланади.

AntivirusXP ана шундай сохта антивируслардан саналади. Уларга қарши самарали кураш олиб бориш учун аввало интернетдаги ҳар қандай эълонга эътибор қаратмаслик лозим. Керакли дастурларни эса фақат махсус савдо марказларидаги ишончли, лицензияланган намуналаридан фойдаланиш, комплекс антивирус дастурларидан фойдаланиб, уларнинг маълумотлар базасини мунтазам равишда янгилаб туриш зарур. Бу борадаги батафсил ахборот ва фойдали маълумотларни Microsoft компаниясининг расмий www.microsoft.com сайтидан олиш мумкин.

Маълумотлар базасини янгилаш

Антивирус дастурлари, юқорида айтиб ўтганимиздек, мунтазам равишда янгиланиб туришни тақозо этади. Чунки ҳар куни янгидан янги компьютер вируслари ишлаб чиқарилади. Шу сабабли антивирус дастури қанчалик кўпи янгиланса, шунчалик хавфсизлик таъминланади, деган тушунча мавжуд.

Агарда компьютер интернет тармоғига доимо уланиб турса, аксарият антивируслар автомат тарзда маълумотлар базасини янгилаб туради. Бу имконият мавжуд бўлмаган тақдирда, антивирус дастурининг асосий веб-саҳифасидан янгиланган маълумотларни хотира қурилмасига кўчириб олиш ва уларни созлаш менюси орқали антивируснинг маълумотлар базасига импорт қилиш талаб этилади. Бунинг қандай тартибда амалга оширилиши эса веб-саҳифада батафсил ёритилган бўлади.

Айримлар антивирусларни янгилашда ноқонуний йўллардан ҳам фойдаланиб туради. Бу эса маълумотлар базасини интернет орқали янгилашни чеклайди. Шунингдек, ҳар сафар антивирус ҳимоя калит сўзини алмаштириш, янгилашлани қўлда амалга ошириш зарур. Баъзан эса бу иш ёддан кўтарилади ва компьютер ҳимояси сустлашади. Шу боис пулли, лицензияланган ва ишончли антивирус дастурини сотиб олиш мақсадга мувофиқ.

Энг яхши антивируслар

Ҳар йили AV-TEST ва AV-comparavites мустақил лабораториялари томонидан йилнинг энг яхши, энг ишончли антивируслари ўнталиги эълон қилинади. Ушбу антивирус дастурлари операцион тизимни интернет тармоғи орқали кириб келувчи зарарли вирусларда ишончли ҳимоялаш (бунда «F-Secure Internet Security» антивирус дастури энг яхши деб тан олинди), келтирилган зарарларни аниқлаш ва бартараф этиш самарадорлиги (BitDefender Internet Security), ўрнатилгандан сўнг операцион тизим фаолиятига салбий таъсир кўрсатмасдан ишлаш (Norton Internet Security) сингари йўналишларда энг яхшилар аниқланди. Тўпланган барча натижаларига кўра, айрим бепул антивируслар ҳам ишончлилик жиҳатдан пулли дастурлардан кам эмаслиги маълум бўлди. Бироқ пулли антивируслар бир қатор жиҳатлари билан улардан устун бўлиб турибди. Масалан, ҳар жиҳатдан энг яхши антивирус, деб тан олинган BitDefender дастури онлайн тўловларни амалга оширишда ишончли ҳимоя тизимига эга эканини исботлади. Иккинчи ўринда қайд этилган Kaspersky операцион тизимни мукаммал текшириб, тўловларни амалга оширишда маълумотларни киритиш учун виртуал клавиатурани тақдим этади. G Data антивируси эса машҳур банк троянларидан ишончли сақлашини кўрсатди. (2014 йилги маълумотлар)

Фойдали маслаҳатлар

Шуни унутмаслик лозимки, вируслар ҳам, антивируслар ҳам инсонлар томонидан пул ишлаб топиш мақсадида яратилади. Кўпчилик дастурчилар вирусни ишлаб чиқишда унинг оммабоп антивирусларга мослашувчанлиги, курашувчанлигини инобатга олади. Бу эса унчалик таниқлик бўлмаган антивирусларнинг нисбатан фойдалироқ эканини кўрсатади.

Компьютер хавфсизлигини таъминлашда энг муҳим жиҳат инсон омили эканлигини унутманг. Агарда сиз компьютерингизга ҳар қандай дастурни ўрнатавермасангиз, хотира қурилмалари (флешка), электрон почтангизга келган манбаси, манзили сизга таниш бўлмаган хат ва спамлар, ижтимоий тармоқлар орқали жўнатилган хабарларга эҳтиёткор муносабатда бўлсангиз, компьютерга умуман антивирусларни ўрнатмаганингиз маъқул.

Энг осон йўлларидан бири сифатида майкрософт компанияси сайтидан ўрин олган Microsoft Security Essentials антивирус ва антижосус дастурини бепул юклаб олиш ва доиом янгилаб туришни маслаҳат бериш мумкин.

Тез-тез компьютерни тўлиқ сканер қилиб туриш лозим. Боиси баъзи вируслар антивирус эътиборидан четда қолиб, компьютернинг қаттиқ дискига «жойлашиб» олади ва маълумотларни зимдан зарарлаши мумкин.

Электрон почтангизга келган хат ва спамлардан, ижтимоий тармоқлар орқали жўнатилган хабарлардан эҳтиёт бўлинг. Айниқса, нотаниш манбадан келган хатларни ўқимаганингиз маъқул. Хотира қурилмаларини антивирус текширувисиз очманг.

Windows 7, Windows Vista, Windows XP SP2 ва SP3, Windows XP операцион тизимлари таркибида бранмауэрлар (Брандмауэр — компьютерни хакерлар, калит сўз, кредит карта маълумотлари ва ҳужжатлардан рухсатсиз турли мақсадларда фойдаланувчилардан ҳимояловчи дастур) мавжуд бўлиб, улар доимо ёқилган ҳолатда туриши даркор. Шунингдек, брандмауэрлар базасининг мунтазам янгиланиб туриши ҳам маълумотлар хавфсизлиги ҳамда компьютернинг рисоладагидек ишлаб туришини таъминлайди.

sanjarsaid