Бахтли бўлишнинг саккиз қоидаси

7 й. аввал Мулоҳаза115

Психологларнинг фикрича, бахтиёрлик 50 фоиз ҳолатда наслдан наслга мерос бўлиб ўтади. Бахтнинг ўн фоиз улушигина ташқи омиллар — мол-давлат, обрў-эътибор ва бошқаларга, қолган 40 фоизи эса инсоннинг ўз-ўзини назорат қила олиши билан чамбарчас боғлиқ. Яқинда кўпгина интернет нашрларида Риверсайд (АҚШ)даги Калифорния университети профессори Сони Любомирски (Sonja Lyubomirsky)нинг «Қандай қилиб бахтли бўлиш мумкин» китоби асосида бахтли бўлиш учун ўнта муҳим қоида ҳақида хабарлар тарқатилди. Ушбу ўн қоидага риоя қилган инсон ўзига боғлиқ равишда бахтли яшаши мумкинлигига мен ҳам қаттиқ ишонаман ва шунинг учун ҳам уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этмоқчиман.

Бахтни ташқаридан излаш керак эмас, дейилади мақолада. Бу ички хотиржамликка салбий таъсир кўрсатади. Яхшиси, ҳиссий ҳолатларни назорат қилиш, ўз ички имкониятларини ишга солган ҳолда бахтиёрликни ҳар куни чин юракдан ҳис этиш лозим.

Иккинчидан, инсон кечиримли бўлиши зарур. Унутиш ҳар доим ҳам осон бўлавермайди, аммо сизга нисбатан ноҳақликларни ҳадеб ёдга олаверманг! Ахир нафрат ва хафагарчиликлар саломатлик учун жуда зарарли.

Бахтли бўлишнинг учинчи сири сифатида инсон ўз-ўзига ғамхўрлик қилиш лозимлиги таъкидланади. Бунинг учун тўғри овқатланиш тартибига риоя этиш, жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиш ва мириқиб ухлашга ҳаракат қилинг. Натижада кайфиятингиз кўтарилиши билан биргаликда, ақлий салоҳият ва ишчанлик қобилиятининг яхшиланишини ҳам ҳис этасиз.

Бахтли бўлиш учун энг муҳим омиллардан бири — яқинлар, дўстлар даврасида бўлиш, улар билан суҳбатлашиш. Бироқ ҳамма “яқинлар” ҳам ҳаётдан завқ олиб яшашга сабаб бўлавермайди. Шунинг учун ҳам вақт синовидан ўтган, сизга ҳақиқатдан ҳам керакли бўлган инсонлар учун қанча вақт ажратсиз ҳам арзийди.

Бешинчидан, ўзингизни ҳадеб бошқалар билан солиштираверманг! Агарда хаёлингизни шу каби ўй-фикрлар қоплаб олаверса, бошқа нарсаларга чалғинг.

Миннатдор бўлиш, барча неъматлари учун Худога шукур келтириш ҳам бахтиёрлик аломатларидан. Бунинг учун психолог алоҳида дафтар тутиш ва ҳар куни учта ижобий воқеа-ҳодиса учун тақдирга миннатдорчилик билдиришни тавсия қилади.

Ўз олдингизга бир нечта мақсадларни қўйинг ва уларни амалга ошириш учун ҳаракат қилинг.

Инсон қайси динга эътиқод қилмасин, иймон туйғуси чин қалбдан бахтни туйишга хисса қўшади. Буни Сони Любомирски ҳам яхши англаб етган кўринади шекилли, эътиқодни ҳам ушбу рўйхатга киритибди.

sanjarsaid