Март ойи бошлари. Қўшни кампир бузилган электр печини устахонага олиб бориб беришимни сўраб келиб қолди. Шу баҳона ажойиб саёҳатча бошланди. Аввалига устахонага бордик, кейин чолига сигарет олиш учун бозор ичидаги улгуржи дўконга кирдик. Бозордан чиқаверишда бир гала кампирларга дуч келдик, бозорнинг шундоққина биқинидаги банкка қараб кетишаётган экан. Қўшни ҳар бири билан кўришиб чиқди. Уларга кутиб турганимни ишора қилганча тезда хайрлашиб, менга етиб олди.

«Урушқоқ кампирлар ҳокимиятдан банкка келишаяпти, — деб гап бошлади қўшни. — Бир икки кун уларга қўшилгандим, бошларимни оғритворишди. Сен баҳона тезроқ хайрлашдим».

Унинг айтишича, «урушқоқ кампирлар» пенсия олиш учун аввал ҳокимиятга, кейин банкка, ундан сўнг эса почта бўлимига боришар экан. Ҳокимиятда нақд пул банкка қачон келишини билиб, банкни олдида унинг келишини кутишаркан. Одатда пул банкка келиб тушгандан сўнг кўп ўтмай тарқатиш учун почта бўлимига юбориларкан. Аммо, қўшни кампирнинг ишонч билан тасдиқлашича, банк ва почтадагилар нақд пулни бир-икки кун «оборот»га қўйиб, кўпайтириб, кейин тарқатар экан. Уларнинг бу найрангини пайқаб қолган кампирлар жамоатчилик назоратининг кучли ва ўта самарали механизмини ишлаб чиқишибди.

Демак, аввал айтганимдек, ҳокимиятга бориб, пул келиш вақтини аниқлаштиришади. Кейин узун-қисқа бўлиб банкка йўл олишади ва симёғочдаги қушларга ўхшаб банк эшиги олдига тизилишиб ўтириб олишади. Албатта, гурунг қизийди, жаҳон ва Ўзбекистоннинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий янгиликлари, энг «свежий» миш-мишлар тилдан-тилга кўчади. Банкка пул келиб, почтага чиқиб кетиши билан почта олдидаги вакилларга қўнғироқ қилиниб, машина давлат рақами, чиқиб кетган вақти айтилади. Дўстлик кичкина шаҳар, банк билан почта ораси машинада нари борса бир дақиқалик йўл. Банк машинасини кутиб олган кампирлар асосий гуруҳга бу ҳақда хабар беради, ҳамма ёппасига почтага бориб, энг биринчилардан бўлиб пенсияларини қуртдай санаб олишади. Қани бирор чиновник кампирларни алдашга уриниб кўрсинчи.

Хуллас шунақа гаплар. Урушқоқ кампирлардан кўп нарсани ўрганишимиз мумкин.   🙂

Изох қолдириш

Your email address will not be published.

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>


восемь − = 5