Сурхондарёдаги болалар боғчасида содир бўлган аянчли ҳолат шов-шуви сўниб улгурмасдан Фарғонадаги бошланғич синф ўқитувчисининг болаларни қайсидир айби учун уриб-сўккани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлаяпти. Кимлардир ўқитувчининг ёнини олиб, бола айтганни қилмаса, бетарбия бўлса уларга нисбатан қаттиққўллик қилиш керак, аввал ҳам ўқитувчилар урар, уришарди, кам бўлмадикку, деган гапларни айтса, аксарият болаларга нисбатан бу тарзда муомалада бўлиш керак эмаслигини айтмоқда.

Бироқ оммага ошкор бўлиб кетаётган ҳолатлар Ўзбекистон таълим муассасаларида болалар ҳуқуқлари жуда қўпол тарзда бузилаётганидан дарак бермоқда. Ишонч билан айтиш мумкинки, тизимда бу бўйича назорат, ташвиқот-тарғибот ишларида жиддий камчиликлар мавжуд. ХТВ шу пайтгача қўлидан ҳеч нима келмаслигини исботлаб бўлди. Бу камчиликлар иситма бериб, ўзини намоён қилишни бошлади. Энди нима қилиш керак? Менимча, Американи қайта кашф этиш ёки Атлантида бунёд этиш шарт эмас. Яроқсиз ҳолга келиб, жамиятга зарар келтиришни бошлаётган тизимни халқаро андозалар асосида бутунлай қайтадан яратиш керак. Хусусий таълимга кенг йўл очилсин, одамлар фарзандини қаерга, кимнинг қўлига беришни ўзи ҳал этсин. Таълим муассасаларида бола ҳуқуқларини таъминлашда нодавлат ташкилотлар фаоллиги оширилсин. Бола ҳуқуқлари бўйича адвокатлар фаолияти рағбатлантирилиб, улар турли маъмурий ишлардан озод қилинсин ва йил ўн икки ой болалар билан ишлаши таъминлансин. Ушбу адвокатлар, ННТ ва жамоатчилик вакиллари (волонтёрлар) томонидан болаларга ўз ҳуқуқлари ўзларининг тилида тушунтирилиб, улар бузилган тақдирда кимга ёки қайси органга қандай мурожаат қилиш кераклиги ўргатилсин, болалар билан катталар иштирокисиз суҳбатлар, сўровномалар, учрашувлар мунтазам равишда уюштирилиб, оилада, мактабда уларга нисбатан тазйиқ, босим, зўравонликлар бўлаётгани, қўрқитилаётгани ва бошқа салбий ҳолатларни ўрганилсин. Болалар ҳуқуқларини таъминлашга масъул органларда ишонч рақамлари, мурожаат қилишнинг энг содда усуллари ишлаб чиқилиб, мактаб ва бошқа таълим муассасаларида кенг тарғиб этилсин. Шу билан бирга, бола ҳуқуқларини мунтазам қўпол равишда бузган педагоглар нафақат ишдан олинсин, балки жиноий жавобгарликка тортилсин, ўз вазифаларини уддалай олмаётган ота-оналардан ота-оналик ҳуқуқи олиб қўйилиб, болаларни ҳимоя қилиш ва уларга таълим-тарбия бериш давлат зиммасига олинсин.

 

 

Изох қолдириш

Your email address will not be published.

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>


× 4 = двадцать восемь