Ўтган йили 12 йиллик саргардонликлардан кейин ўз шаҳрим – Дўстликка қайтдим. Тошкентда талабалигим ўтди, кейин аввал корейс фирмасида кейин “Соғлом авлод”, “Маърифат”, “Оила ва жамият” газеталари, “Бошланғич таълим” журналларида ишладим, бир вақтда корейс тилидан репетиторлик ҳам қилиб юрдим. Кўплаб дўстлар орттирдим, хизмат сафари, қадрдонлар билан дийдорлашиш ва саёҳат баҳона республиканинг барча вилоят, қарийб ҳамма туманларида бўлдим. Шу билан бирга, Тошкентда республика даражасидаги жараёнлар ичида қайнар эдим. Йирик тадбирлар, таниқли, таъсирли инсонлар билан учрашувлар, телевидение орқали чиқишлар, премьералар…

Аммо 12 йил давомида бир нарса мени тинмай таъқиб қилди, куну тун ҳаловатимни бузди. У ҳам бўлса шу кунларда “миллий шармандалик” деб баҳоланаётган прописка. Тошкентда ўтган бирор куним йўқки у сабабли стрессга тушмаган бўлсам. Минг машаққат билан олти ойга вақтинчалик прописка оламану, бу муддат ҳа деганда ўтиб кетади. Прописка тугашига бир ой қолгандан отдел кадрнинг қовоқ-тумшуғи ўзгаради, тинимсиз вақтим тугаётганини эслатади. Ижара уйга келиб ҳадеб тинчимизни бузадиган участкавой, комиссиялар ҳам одамни бездириб юборганди. Охири тоқатим тоқ бўлганидан кейин орқага қайтишга, ота-онам билан маълум муддат яшаш, кейинги тақдирим ҳақида яхшироқ ўйлаб кўришга қарор қилдим.

Авваллари қишлоққа қайтган шаҳарлашганлар ўз она қишлоғи, ўз маҳалласига мослашиши қийин кечиши ҳақида эшитардим. Аммо менда ундай бўлмади. Биринчи кунданоқ ҳаловат, хотиржамликни туйдим. Дўстликда ҳаёт Тошкентдагига қараганда сокинроқ. Кундузи ишлаб, кечки салқинда анҳорда мириқиб чўмиламан, дўстларим, қариндошларим, қўни-қўшнилар билан гурунглашиб ўтирамиз, тез-тез тўй-маъракаларда қатнашаман, оддий халқ орасига кириб бордим. Ишим асосан уйда. Ора-орада дам олиш учун ҳовлига чиқиб томорқада у бу ишларни қилиб, таним ҳам роҳатланади. Кечалари ойсиз осмонда ғуж юлдузларга тикилиш, чигирткалар чириллаши, қурбақаларнинг овоз, ҳатто сал наридаги пахта заводининг гувиллашиям ёқимли. Тарвуз-қовун, мева-сабзавотлар мўл. Хоҳласам далага чиқиб, ўз қўлларим билан узиб ейман.  Қолаверса ота-она хизматини қилиб, уларнинг дуосини олишдек улкан бахт, улуғ неъматга муяссар бўлдим яна.

Тошкентда ойига ўртача бир миллион сўм фақатгина ижара ва коммунал тўловларга сарфланар эди. Транспорт, тушлик, бошқа кундалик майда харажатлар учун бир ўзимга яна 200 минг сўмча кетса, рўзғор учун уч юз минг атрофида камтарона харажат бўлар, ойлик даромадларим асосан кун ўтиши учун сарфланар, бирор ташқи ёрдамсиз деярли ҳеч нарса сотиб олиб бўлмас эди.

Ўз уйимда эса бу харажатлар қарийб етти-саккиз баробарга камайди. Туман газетасига ишга кирдим, корейс тилидан репетиторлик давом этмоқда, қўшимча тушумлар – ҳамма-ҳаммаси чўнтакка қоладиган бўлди. Бошланишига беш-олти ойча Тошкентдан орттириб келган қарзларимдан қутулиш учун ишладим. Ундан-бундан олиб анча-мунча қарз ҳам йиғилиб қолган экан (ҳалиям озгина бор J). Бугун-эрта ҳайдовчилик гувоҳномасини оламан, машина сотиб олишга ҳаракатни бошладим (иншааллоҳ). Кейинги ҳаракат уй сотиб олишга бўлади.

Хуллас, қайтганимдан ҳали афсусланганим йўқ. Бироқ ичимда қандайдир овоз сен Ўзбекистонга кераксан, марказда бўлишинг керак, дейверади. Балки нокамтарликдир, аммо ўз соҳам – журналистика бўйича республика даражасида ишлашга салоҳиятим етади. Ҳали тажриба орттиришим, бутун мамлакат фуқароларини ўйлантираётган, барчани бирдек қийнаётган муаммоларни кўтариб чиқиб, уларни ижобий ҳал этишда ўз ҳиссамни қўшишим керак, деб ўйлайман баъзан. Республиканинг турли қисмларидан бўлаётган мурожаатлар, айрим давлат ташкилотлари вакиллари, ўз сафида бугунги кун нафаси билан яшаётган журналистлар бўлишини истаган ва бунга катта эҳтиёж сезаётган ОАВлар, иш бўйича ҳамкорларимнинг “қачон Тошкентга қайтасиз”, қабилидаги саволлари ҳам менга тинчлик бермайди. Ҳали олдинда вақт бор, режалар, мақсадлар бисёр. Қолгани Ўзига таваккал.

9 комментариев

  1. Ҳали уйланмагансиз уйланганда
    яна ўзгача ташвишлар кўпаяди албатта яхши ташвишлар
    Шу прописка Тошкентда ҳаммани қийнайди.

    Жавоб
  2. Ҳурматли Санжар Саид!
    Ёзганларингиз менга катта таъсир қилди. Мен 15 йилча бўлиб қолди, қишлоғимга қайтиш умидада яшадим. Тошкентда яшаш билан боғлиқ муаммолар менга ўзимни исмимдан ҳам аниқ маълум. Мен Сизга қаерда яшаб ишласангиз ҳам аввало соғлик-саломатлик, оилавий хотиржамлик тилайман. Иш, тирикчилик соғлик ва хотиржамлигингиздан кейин бўлаверади.

    Жавоб
  3. Деярли менинг 15 йил олдинги давримни ёзибсиз, ука. Омад. Тошкентдан ҳам каттароқ шаҳарларда ишланг!

    Жавоб
  4. Санжар! Марказда яшашни ҳеч қачон орзу қилмаганман. Шахсан, кўпгина вазирлару, депутатлар, маслаҳатчию ва ҳоказолардан кўра кўра кўпроқ юрт равнақи учун ҳизмат қиляпман деб ҳисоблайман. Сиз ҳам иккиланманг! Ота-она ғанимат, уларни дийдорига сиз, сизнинг дийдорингизга ота-онангиз тўйинг. Уларнинг дуосини олинг. Уйланинг ва фарзандларни Жиззахлик қилиб тарбияланг! Тошкентни тошкентликларга қўйиб қўйиб берайлик, қишлоқларимизни, ҳудудларимизни Тошкент даражасига кўтариш учун ўз маҳалламизда ишлайлик, ўша ердан халқимизга фойдамиз тексин. Ишларингизга ривож. Сизга ҳурмат билан Намангандан домла Баҳром!

    Жавоб
  5. Хали шундай кунлар келадики, пропискани эслаб одамлар кулиб юришади. Хар нарсага вакт даво. Ууша кунларга етказсин…

    Жавоб
  6. Ҳамма шаҳарга кетаверса подани ким боқади

    Жавоб
  7. Хаммаси жойига тушиб кетади. Сал вакт керак.

    Жавоб
  8. Credendo Vidas!!!

    Жавоб
  9. Qishloqda yashab va tuman gazetasida ishlab ham O’zbekiston rivojiga munosib hissa qo’shsa bo’ladi deb o’ylayman. Har bir ishda hosiyat bor, balki avvaliga xalq ichidagi muammolarni tuman miqyosida yechib, vaqti soati bilan, orttirilgan tajriba bilan asta-sekin mamlakat miqyosidagi ishlarga kirishish yozilgandir taqdirga. Uzoq sakrash uchun ortga biroz tisarilish kerak ;)!

    Жавоб

Изох қолдириш

Your email address will not be published.

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>


+ 2 = три