Шуҳрат Сирожиддиновга очиқ хат

Шуҳрат Сирожиддиновга очиқ хат

Аввало, сизни ва жамоангизни, халқимизни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 27 йиллиги билан табриклайман. Она тилимизнинг бугунги аҳволи, муаммолари, унинг ривожи ва равнақи йўлидаги тўсиқлардан ўзингиз ҳам яхши хабардор бўлсангиз керак. Шундай бўлса-да, уларга бир назар ташлаб ўтишни мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Чунки тилимизнинг тобора ғариблашиб, гибридлашиб бораётгани оддий ўзбек сифатида мени ҳам кўп ўйлантиради, баъзида ғамга ботиради…

Хабарингиз бор, 1993 йил 2 сентябрида «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган эди. Вазирлар Кенгашининг шу куни қабул қилинган қарорида эса 2010 йилнинг 1 сентябридан янги алифбога тўлиқ ўтилиши белгиланди. Орадан олти йил ўтдики, жиддий ўзгариш йўқ, ҳали ҳеч ким юрак ютиб ушбу масалани юқори доираларга олиб чиқмади. Қўлингиздан келса, ушбу масалани бир ёқли қилиш бўйича аниқ таклифларни керакли жойларга кўтариб чиқсангиз.

Иккинчидан, замонавий ахборот технологияларининг ривожланиши лотин алифбосига асосланган ўзбек тилида кўплаб ўзгаришлар, янгиланишларни амалга ошириш эҳтиёжини пайдо қилди. Оддий мисол, бугун электрон ОАВда лотин алифбосидаги сўзларни кирилча билан боғлайдиган ‘ белгиси қўлланилади. Қонун-қоидаларда эса у мавжуд эмас. Шунингдек, икки ҳарфдан иборат sh, ch, o’, g’ кабилар ҳам бошга битган бало бўлаяпти. Ёш авлодни улар ўрнига w, 4, 6 каби қисқартмалардан фойдаланаётганидан нолиб, уларни чаласаводликда айблаймизу, аслида бунга лотин алифбосига асосланган ўзбек тилини тузиб чиққан профессору мутахассислар бош айбдор эканини инобатга олмаймиз. Халқ ҳар доим ўзига қулай, осон йўлдан боради. Битта товуш учун икки ҳарфни териш гоҳида туппа-тузук зиёлиларга ҳам малол келиб қолади. Ёшларга нима, биров келиб уларни жазолайдими? Хуллас, қонунга ўзгартиш киритиш керак. Акс ҳолда ҳозирги каби кейинги авлодлар ҳам чаласавод бўлиб қолаверади. Уларни тўғри ёзишга ҳеч қачон мажбурлай олмайсиз!

Учинчидан, она тили дарсликларини томи кетган, фанатик профессору академиклар исканжасидан озод қилиш керак. Улар дарсликларни халққа осон, енгил қилиш, авлодларни саводли қилиш мақсадида эмас, унвон, лавозим, обрў ва моддий манфаат учун чиқаришмоқда. Биттаси ўзича қоида ўйлаб топадию унвони ошади, у ёқда эса ўқувчи бечоралар янги қоидани ўзлаштиролмай гаранг бўлиб қолаверади. Вақтингиз бўлса ўзингиз инсоф билан дарсликларни варақлаб, оддий ўқитувчи, оддий бола кўзи билан уларга баҳо бериб кўринг-чи. Таклифим, ўша дарсликларни, уларга қўшиб ишга вақтни беҳуда ўтказиб, ишлаётганларнинг асабини ўйнаш учун келадиган чолу кампирлар билан йўқотиш керак! Дарсликларга эса одам ўқиса тушунадиган, ҳаётда қўллайдиган, кундалик турмушимиз, иш, ўқиш ва кўча-кўйда дуч келиши мумкин бўлган мисолу масала, қоидаларни киритинг. Эргаш гапли қўшма гапларнинг қоидасию қўшимчаларини ихтисослашган университетларда илмий тадқиқот олиб бораётганлар истаганича ўрганаверсин, марҳамат!

Тўртинчидан, кўча-кўйдаги хатоларни камайтириш (!) бўйича аниқ таклифларни ҳукуматга тақдим этиш керак. Бунда бошқа тилларга “ҳужум қилиш”, тадбиркорларни қўрқитиш каби эскирган ва адолатсиз усулларни қўлламаслик керак. Аввало, тил тўғрисидаги қонунга мувофиқ, унинг талабларини бузганларга қарши аниқ жазо чоралари қўлланилиши лозим. Абдулла Қаҳҳор айтганидек, Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция хуштак чалади-ю,бутун бир тилни бузаётган одамларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди? Ўша “ҳуштак”лардан бири сизнинг қўлингизда бўлиши керак.

Бунда қуйидаги таклифни илгари сураман: реклама ва эълон, баннер, панно ва таблолар, қадоқлар ва бошқалардаги хатоликлар учун тадбиркор эмас, балки уни ишлаб чиқарган, чоп этган типография, реклама агентликлари масъул ва жавобгар бўлсин. Улар ўз корхонасида мусаҳҳиҳ штати очсин ёки бирор мутахассис билан шартнома асосида ҳамкорлик олиб борсин. Телеграмдан беш-ўнта сўзнинг тўғрилигини текшириб бериш мутахассисга иш бўлибдими? Хуллас, бу борадаги қонунчиликни кучайтириш, такомиллаштириш вақти келди.

Бешинчидан, замонавий ахборот технологиялари, хусусан, компьютер, смартфон ва бошқа электрон қурилмалар интерфейслари, операцион дастурлари, Ўзбекистонда оммалашган хорижий интернет манбалари, машҳур ижтимоий тармоқлар, мессенжерларда ЎЗБЕК тилини кенг тадбиқ этиш чораларини кўриш ва уларни тезлаштириш керак. Бугун Ўзбекистонда 13 миллион киши интернетдан фойдаланаётгани мазкур муаммонинг кўлами жуда катта эканидан далолат беради.  Муаммоларни қисқа вақтлар ичида самарали ҳал этишнинг фундаментал, назарий ва амалий йўлларини топиш, керак бўлса, давлат бюджетидан маблағ ажратилиши лозимлигига тепадагиларни ишонтириш даркор.

Менимча, шу айтилган масалалар ўз ижобий ечимини топса, ўзбек тили анча ўзини енгил ҳис этар, халқ ўз она тилига яқинроқ бўлар эди. Сизга куч-қувват, инсоф тилаб қоламан!

PS: Яна бир гап, Худо ярлақаб ёзганларимни ўқиб қолсангиз, менинг кимлигим, “нима кароматлар кўрсатганим” билан қизиқиб, қимматли вақтингизни беҳуда ишларга сарфлаб юрманг, яхшиси ёзганларим билан овора бўлинг, миллатимиз, тилимизнинг тақдири сиз каби инсонларга кўп жиҳатдан боғлиқ!

 

 

2 комментария

  1. Ҳурматли очиқ хат муаллифи! Гарчи хат менга йўналтирилмаган бўлса-да, ўзбек тилининг бир тадқиқотчиси сифатида, нафақат Республикамизда, балки бутун дунёда нуфузи биланд бўлган, аммо аналоги бўлмаган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг профессори сифатида сизнинг эмоционал хатингизга нисбатан ўз эмоционал муносабатимни баён қилишга қарор қилдим.
    Табрик учун раҳмат, албатта. Дарҳақиқат, тил байрами ҳам ўзбек халқи учун умумхалқ байрамлардан бири бўлиб, бу байрамни нафақат мазкур соҳа вакиллари, балки бутун халқимиз – ўзбекистонликлар бирдек байрам қиладилар. Худди Наврўз, Мустақиллик куни каби бу байрам билан барча бир-бирини табриклаши, смслар юбориши, табриклар йўллаши табиий ҳолдир. Чунки ўзбек тилининг тарихи, бугунги ҳолати, келажаги доимий эътиборда ва эътирофда. “Давлат тили ҳақида” ги Қонун моддаларининг ижроси ҳам барчанинг иши, ташвишига айланганини кўриб хурсанд бўлмоқдамиз. Сиз ҳам ўзбек тилининг бугунги ҳолати ҳақида жон куйдириб хат ёзибсиз. Фидойилингиз бизни қувонтиради. Раҳмат. Хатингизга жавобим қуйидагилардан иборат:

    Биринчидан, сиз 1993 йил 2 сентябрда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилингани, шу асосда Вазирлар Кенгаши қабул қилган махсус қарорда 2010 йилнинг 1 сентябридан янги алифбога тўлиқ ўтилиши зарурлиги белгиланганини тўғри қайд қилгансиз. Аммо, ҳозир 2016 йил бўлса ҳам янги алифбога тўлиқ ўтганимизча йўқ. Мана сиз ҳам ўз хатингизни кирилл алифбосида ёзибсиз (жумладан мен ҳам), чунки бу алифбони ўқийдиган аудитория кенг эканлигини биласиз…Ҳукуматимиз айрим мамлакатларга ўхшаб бир кечада мажбурий тарзда янги алифбони жорий қилиб, эски алифбодан фойдаланишни таъқиқлаб қўйиши мумкин (худди баъзи юртлар иқтисодида “шоковая терапия” қўлланилганидек), аммо ўзбеклар юрти минг йилликлар давомида бағрикенг, меҳрибон, етти ўйлаб, бир кесадиган донишманд раҳбарлар юрти бўлиб келган. Яқинда интернетда ўқиб қолдим – гуманитар ёрдам, гуманитар миссия каби термин ва тушунчалар шу пайтгача Европа монархлари томонидан киритилган тушунча ва терминлар эканлигини бутун дунё тан олиб келаётган экан, барака топишсин, ўзбек тарихчи-олимлари бундай тушунча ва терминлар Бобур бобомиз даврида жорий қилингани ва бунинг устида айнан Бобур ҳазратлари турганлигини тарихий фактлар асосида исботлаб беришибди. Ахир биз Бобур каби буюк гуманистларнинг авлодимиз-ку. Шунга кўра раҳбарларимиз янги алифбо ўзгарганида ҳаётнинг барча жабҳаларида ўзгаришлар бўлиши, у миллионлаб инсонларнинг тақдири билан боғлиқ бўлишини, минглаб ОАВ ишига таъсир кўрсатиши, бунинг остида кўплаб оилаларнинг бугуни ва келажаги ётганини яхши билишади…Биз лотин ёзувидаги алифбога тўлиқ ўтамиз, албатта. Чунки шу ёзувда савод чиқарган ва уни мукаммал биладиган авлод етишиб чиқди ва етишиб чиқмоқда. Аммо, назаримизда, буни мажбуран ва ўзибилармонлик билан, бирданига ҳал қилиб бўлмайди.
    Иккинчидан, ҳа, тўғри, сиз – ҳақсиз, имло қоидаларимиз, умуман, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ўта мукаммал, ҳар қандай талабларга (фонематик, эстетик талабларга) жавоб бера оладиган алифбо деб айта олмаймиз. Бу бундан 23 йил аввал қабул қилинган, ўша давр талабларига жавоб берадиган алифбо бўлган. Ҳаёт ўзгармоқда, унинг шиддати, глобализация жараёнлари имло ва ёзув масаласига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда, албатта. Шубҳасиз, имло қоидалари ва ёзув ҳам давр, вақт, эҳтиёж, иқтисод, умуман, ҳаёт талаблари нуқтаи назаридан ислоҳ қилиниши ва ўзгартирилиши мумкин. Бу соҳадаги вазифалар Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримовнинг 2016 йил 13 майдаги “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғриси”даги Фармонида ҳам ўз аксини топган. Фармонда университет жамоаси олдидаги вазифалар сифатида: “…ўзбек тилининг асл табиати ва хусусиятларини тўла акс эттирадиган мукаммал академик ва ўқув грамматикаларини яратиш, унинг товушлар тизими ва уларнинг ёзувда акс этиши, жорий имло қоидаларини такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклифлар тайёрлаш” алоҳида таъкидланган. Шунга кўра бу борада бизнинг университетда ишлар бошланган: ректоримиз ташаббуси билан проф.Н.Маҳмудов раҳбарлигида имло қоидаларини такомиллаштириш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилган. Бу гуруҳ аъзолари бу масалада кенг жамоатчиликнинг фикрини ўрганган ҳолда тизимли равишда иш олиб бораяпти. Хоҳлаган инсон, яъни ўзини ўзбек тилининг жонкуяри, унинг бугуни ва келажагига бефарқ эмасман дейдиган инсон, бу гуруҳга мурожаат қилиши, ўз фикру мулоҳазасини, таклифларини билдириши мумкин. Сизни ишонтириб айтаманки, мазкур ишчи гуруҳ ишининг натижаси сифатида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартиришлар киритиш ҳақида ҳукуматимизга аниқ ва жўяли таклифлар тайёрланади. Бунинг натижасида имло қоидаларига ўзгартиришлар киритилади. Сезишимча, сиз интернетнинг фаол фойдаланувчиси бўлсангиз керак. Кейинги кунларда “Daryo.uz” сайтида ва “Оила даврасида” газетасида ректоримиз проф.Ш.С.Сирожиддиновнинг ўзбек тили, имло қоидалари ҳақидаги дадил фикрлари эълон қилиниб бориляпти. Бу интервьюларда имло қоидаларини такомиллаштириш юзасидан ўта конструктив таклифларни омма эътиборига ҳавола қилиб борилмоқда, уларни албатта ўқинг, уларга ўз муносабатингизни билдиринг, чунки уларда айнан сизни ташвишга солаётган ҳолатларни бартараф этиш бўйича мулоҳазалар билдирилган.
    Учинчидан, “она тили дарсликларини томи кетган, фанатик профессору академиклар исканжасидан озод қилиш керак” деган фикрингизга қўшилмайман. Улар ҳақида бундай фикр билдирадиган одам ўзи лоақал бир дона дарслик ёки ўқув қўлланма ёзиши, уни халққа манзур қилиши, ўқувчи ёки талабаларнинг дуосини олган бўлиши керак…ўзи ҳеч нарса, ҳеч иш қилмасдан, меҳнат ва машаққат чеккан одамлар, ёши улуғ инсонлар ҳақида бундай сўзлаш, менимча, “эскичага ҳам, янгичага ҳам тўғри келмайди”. Ҳа, она тили дарсликлари ҳам мукаммал эмас, уларни такомиллаштириш, ўқувчи ва талабаларнинг барча талабларига жавоб бера оладиган дарсликларни яратиш ҳам университет жамоаси олдидаги энг муҳим вазифалардандир.
    Тўртинчидан, кўчадаги (айниқса, Тошкент шаҳри кўчаларидаги) имловий ва услубий (таржималардаги) хатоларни камайтириш бўйича ҳам университетда аниқ лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Ҳозирги кунда университет юридик бўлими томонидан университетда ташкил қилинадиган “Лингвистик экспертиза маркази” лойиҳаси шакллантирилган. Бу лойиҳа Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтганидан сўнг, у юридик мақомга эга бўлади. Бу марказнинг вазифаси кенг омма эътиборига ҳавола қилинадиган катта ҳажмдаги ёзувларни, бошқа ҳужжатларни экспертизадан ўтказиб беради, яъни ундаги хатоларни тўғрилаб, ёзувни талаб даражасидаги ёзув ҳолига келтиради. Бу билан жуда кўп хатоликларнинг олди олинади, ёзувларнинг давлат тилида саводли қилиб ёзилишига эришилади. Сиз тўғри айтгансиз, кўча ҳаракати қоидаларини бузганларга жазо бор-ку, аммо бутун бошли тилни, унинг имло қоидаларини, “Давлат тили ҳақида”ги Қонун моддаларини бузганларга ҳозирча жазо йўқ. Университет жамоаси бу борада ҳам муайян йўналишларда иш олиб бораяпти. Бугунги кунда хорижий тажриба ўрганилиб, ЎзР Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига “Давлат тили ҳақида”ги Қонунга ўзгартиришлар киритиш таклифи тайёрланмоқда. Балки бу Қонунга ҳам ўзгартиришлар киритилар, бу ўзбекистонликларга “ҳуштак” бўлиб, балки уларни ҳушёрликка чақирар. Хоҳлаган тадбиркор ўз ресторани, дўкони, маиший хизмат кўрсатиш уйи ва б. номлашда, уларнинг номини ёзишда эҳтиёт бўлар ахир…
    Бешинчидан, сизнинг ўзбек тилини замонавий ахборот технологияларида, хусусан, интернетда ўзбек тилини кенг тарғиб қилиш ҳақидаги фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Буни ўзимиздан бошлашимиз керак. Келинг, сиз, мен, бошқалар бу борада намуна бўлайлик. Яъни фикрларимизни ўзбекча нутқда чиройли ва саводли ёзиб, ўзбек тилининг бойлиги, унинг кенг имкониятлари, минг йилликлар давомида аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган таровати, жозибасини бошқа миллатларга ҳам кўрсатиб бериб, уларга ўзбек тилини тарғиб қилиб, уларнинг қалбида она тилимизга бўлган ҳурмат ва муҳаббат туйғуларини уйғотиб берайлик. Масалан, университетимиз олимлари Фейсбук ижтимоий тармоғида фақат шу иш билан шуғулланишади.
    Кейин, барака топгур, менимча, университетимиз ҳақида умуман тасаввурга эга эмассиз. Бу ерга илмий-педагогик кадрлар Вазирлар Маҳкамасининг Қарорига биноан тайинланган махсус комиссия томонидан аттестация қилиш йўли орқали танлаб олинган. Бу ерда сиз таърифлаган “ишга вақтни беҳуда ўтказиб, ишлаётганларнинг асабини ўйнаш учун келадиган чолу кампирлар “ ҳам, “бир тўда ялқов, мижғовлар” ҳам йўқ. Университет кадрлари ҳаммаси бир тан бир жон бўлиб, раҳматлик Биринчи Президентимиз Фармонининг ижроси учун жон куйдириб ишлаётган инсонлардир. Сиз яхшиси, университетимизга келинг, шунда университет ҳақида тўлиқ таассурот ҳосил қиласиз ва бу ерда сизни ўзбек тили ва адабиётининг ҳолати бўйича қийнаган кўплаб муаммолар ўз ечимини топаётганлигига гувоҳ бўласиз.
    Саодат Муҳамедова Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети “Тилшуносликда ахборот ва замонавий педагогик технологиялар” кафедраси мудири, филология фанлари доктори

    Жавоб
  2. Hurmatli, Sanjar Said, ona tilimizning ravnaqi uchun jon kuydirayotganingiz quvonarli, albatta. Ammo ba’zi jumlalaringizda odob chegarasidan chiqib ketibsiz. Meni ham ona tili darsliklari qoniqtirmaydi, ulardagi yondashuvni tubdan o’zgartirish kerak, deb hisoblayman. Ammo shu bilan birga ularni yozgan mualliflarga nisbatan «tomi ketgan» degan jumlani qo’llashingiz o’taketgan madaniyatsizlik, deb hisoblayman. Ular otangiz tengi, balki bobongiz tengi insonlardir. Bu masalaga allaqachon e’tibor qaratilgan. Yangi univrsitetning asosiy vazifalaridan biri ham o’zbek tilini o’qitish metodikasini tubdan yangilash. Ammo bu bir kunda, hatto bir yilda ham qilinadigan ish emas.
    Keyin adashmasam, siz kun.uz da ishlardingiz. Avval o’z matnlaringizdagi oyog’i osmondan jumlalarni, xatolarni to’g’rilab, qoyillatib qo’yinglar. Shaxsan o’zim facebookdagi xabaringlar tagiga bir necha marta e’tiroz yozib qo’yganman. Natija bo’lmagan.
    Yozgan matningizdan kibr-havo yog’ilib turibdi. Sal kamtarroq bo’ling! O’sha «tomi ketgan, fanatik» professorlar yoki Sirojiddinov ham ona tilimiz haqida sizdan ko’proq qayg’urishadi va bu borada siz tasavvur qilgandan ko’ra ko’proq mehnat qilishgan.

    Жавоб

Изох қолдириш

Your email address will not be published.

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>


+ четыре = 13