Замонавий ахборот технологиялари жадал тараққий этиб, ҳар ким ахборот тарқатиш имкониятига эга бўлган бугунги кунда вазирлик ва ташкилотларнинг ахборот хизматлари зиммасига янада кўпроқ масъулиятлар юкланмоқда. Қаердадир қандайдир воқеа юз берса, биринчи навбатда ижтимоий тармоқларда сурат ва видеолар тарқалмоқда, аҳоли ўз муаммосини муҳокама учун турли тармоқлар, виртуал ҳамжамиятларда эълон қилмоқда. Табиийки, оддий фуқаролар воқеа-ҳодисаларни чуқур таҳлил қилмайди, уларни борича, ўз тушунча ва қарашларидан келиб чиққан ҳолда эълон қилиб юбораверади. Норасмий, бир ёқлама ва асосланмаган ахборотлар эса жамиятда тушунмовчиликларнинг келиб чиқиши, давлат органлари фаолиятига нисбатан норозиликларнинг уйғонишига олиб келади.

Бугунги вазият аввалгидек эмас. Ҳатто ярим йил аввал ҳам сўз эркинлиги, журналистлар, блогерлар фаоллиги, жамоатчилик назорати бугунгидек эмас эди. Бу эса ахборот хизматлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, матбуот котиблари масъулиятини ошириш, мазкур хизматларни профессионал, аҳоли, журналистлар билан ишлаш қобилияти ва тажрибасига эга кадрлар билан таъминлаш эҳтиёжини уйғотмоқда. Айниқса, интернет журналистикасининг ривожланаётгани, давлат рўйхатидан ўтган электрон ОАВлар ўртасида кучли рақобат муҳити шаклланаётгани ахборот хизматларини янада фаолроқ бўлишга ундамоқда. Чунки журналистларда аҳолини тезроқ зарур ахборотлар билан таъминлаш, бу борада биринчилардан бўлиш, кўпроқ аудиторияни қамрашга интилиш кучайди. Журналистлар учун матбуот котибларининг ҳаракатсизлиги, масъулиятсизлиги ва раҳбарларга мутлақо тобеълиги ҳам янгилик. Дейлик, бирор ҳодиса рўй берди. Журналист матбуот котиби билан боғланди. Котиб у ҳақда маълумотга эга эмаслиги, бу ҳақда маълумот беролмаслиги ёки бошлиқлардан рухсат сўраб, тасдиқлаб олиши кераклигини айтиши мумкин. Натижада хабарда “Бу борада фалончи орган матбуот хизмати билан боғланганимизда, маълумот бера олмаслигини маълум қилди”, деган жумлани кўраверасиз. Бу жумла сизга нимани англатади? Қандай хулосага келасиз? Ахборот хизмати жонсиз жасад, уларнинг тили бир, ҳаммаси ўзидан қўрқади, уларнинг халқ билан иши йўқ, кабинетида ўтириб олиб ҳисобот, рақамлар, қоғозбозлик билан банд ва ҳоказо…

Тўғри, бугун ўз вазифасини профессионал даражада адо этаётган ахборот хизматлари ҳам йўқ эмас. Улар журналистлар билан доимий алоқада, тадбирларку ўз йўлига, тезкор хабарларни ҳаттоки норасмий ахборот манбаларидан аввал эълон қилиб туришади. Шахсан Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати фаолияти эътиборга лойиқ. Аммо, афсуски, ҳамма давлат органлари, вазирлик ва идоралар, компанияларда ҳам ундай эмас. Шундай ҳолатлар бўладики, ОАВлар, айниқса хориждаги ахборот агентликлари Ўзбекистоннинг кўпчилик ташкилотларида ўз ахборот манбаларига эга. Уларга суянган ҳолда бирор муҳим хабарни бериб боришади. Тўғриси, улар ахборот манбалари билан қандай боғланиши, қандай асосда ҳамкорлик олиб бориши менга қоронғу. Катта эҳтимол билан пул эвазига ахборотлар сиздирилади. Бизнинг электрон ОАВлар эса Ўзбекистонда туриб муҳим хабарларни чет эл журналистларига асосланган ҳолда тарқатишдан бошқа чора тополмай қолишади. Бу бўйича ахборот хизматлари билан боғланиш, керакли расмий ва ишончли маълумотларни олиш қанчалик машаққатли экани, кўп вақт ва кўп босқичли жараёнларни талаб қилишини тасаввур қилиш қийин эмас. Улардан керакли маълумотларни олгунингизча баъзида ойлар ўтиб кетади, ахборотга бўлган талаб эса аллақачон сўнгган, қизиқишлар йўқолган бўлади. Бугунги шиддатли ахборот хизматлари ҳисобидаги энг кичик вақт ўлчовлари бўлган кун, ҳафта ёки ойлар ўз аҳамиятини йўқотган. Ҳақиқий ОАВ дақиқалар, сониялар учун кураш олиб бормоқда!

Яна бир ҳолат. Айрим матбуот котиблари таҳририятларга қўнғироқ қилиб, дўқ-пўписа қилишдан ҳам тойишмайди! Шунингдек, баъзи матбуот котибларидан ўтадиган бюрократ, амалпарст  одамларни тополмайсиз. Улар наздида ишлаётган вазирлиги, ташкилоти номини айтса журналист дағ-дағ қалтираши, айтган гапларига лаббай, деб, нима деса шуни бажариши керак. Осмонни тутиб олгану, ташласа сайт-пайти, журналист-муҳаррирлари билан бирга босиб қолади. Фалон хабарни ўчириб ташанг, бу нотўғри, дейди. Орадан қанчадир вақт ўтиб қарасангиз, расмий сайтда худди ўша маълумот чиқиб туради. Уларга қараб журналистлар ҳам итнинг кейинги оёғи бўлиб юриши керакми?!

Матбуот котибларининг баъзилари тепса тебранмас, қўрқоқ, ношуд, қари ва мижинг (майдагап) бўлишади.  Улар билан муроса қилгандан кўра норасмий манбаларга суяниш, хориж ОАВга ҳавола қилиб ахборотни бериб юборган маъқул.

Хўш, биз журналистлар, оддий аҳоли ахборот хизматларидан нималарни кутишмоқда? Биринчи навбатда тезкорлик, фаоллик, мустақиллик! Ахборот хизматлари бугунги жамият босимини тўлақонли ҳис этиши, ўзи мансуб бўлган вазирлик ва ташкилот тизимидаги халққа, оммага, журналистларга етказиш, эълон қилиш мумкин бўлган барча ахборотларни аниқ билиши, бу борада юқори инстанцияларга қарам бўлмаслиги, улардан рухсат тегмагунча ахборотни “ушлаб” ўтирмаслиги лозим. Ташкилотлар ахборот хизматлари билан шундай стратегияни тузиб олишлари керакки, бунда “қизил чегаралар” яққол белгиланиши, ахборотларни тарқатишдаги меъёр ва албатта мустақиллик аниқланиб олиниши керак. Бирор ҳодиса юзасидан тезкор ахборот бериш механизмлари ишлаб чиқилса, ҳар бир ҳолат бўйича юқоридан пастга тушиб-чиқишларга ҳожат қолмайди.

Ахборот хизматлари зиммасига ваколатига кирмайдиган вазифалар, топшириқлар юкланмаслиги, турли ҳисоботлар, қоғозбозликлар, буйруқбозлигу расмиятчиликлар билан ўралашиб қолмаслиги керак. Улар фаолияти самарадорлиги, маҳсулотдорлиги ташкилот расмий сайтига ташрифлар, турли сайтлардан гиперҳаволалар сони, ОАВлардаги чиқишлар, журналистлар ва аҳолининг фикрлари (отзивлар) орқали баҳоланиши мақсадга мувофиқ (менимча). Дейлик, ҳар чорак, ярим йиллик ёки бир йилликда барча ОАВ мухбирлари ёхуд муҳаррирлари ўртасида махсус сўровнома ўтказилиб, ҳар бир ташкилот ахборот хизмати фаолиятига баҳо берилиши бўйича аниқ механизм жорий этилса. Тўпланган баллар бўйича ташкилотлар матбуот хизматлари рағбатлантирилса, керак бўлса тегишли чоралар кўрилса…

Ахборот хизматлари ходимлари журналистларга, аҳолига қисқа, лўнда ва аниқ ахборот бериши керак. Турли чиройли кириш сўзлари, пурмаъно, жимжимадор, баландпарвоз жумлалар, шахсий фикрлар ва, энг асосийси, хулосани йиғиштириш лозим. Қандай хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Баъзи ахборотларни ўқиб, ундан хабар тайёрлар эканмиз, материалнинг оёғи осмонда бўлиб кетади. Сўзлар орасидан керакли маълумотни топиб, одамбашара қилгунча қанча куч ва вақт сарфлаймиз. Уларни ўқиш ва тушунишнинг қанчалик қийинлиги бечора ахборот хизмати ходимининг ҳам қийналиб ёзганидан далолат беради. Керакмас бунақа пафослар! Фақат ахборот беринг, фикрингиз ўзингизга ҳавола, уйингизда болангизга ёки чойхонада ўртоғингизга айтинг мулоҳазаларингизни!  🙂

Ахборот – маҳсулот. Сотувчи товарини растага қўйгандан кейин пашша қўриб ўтирмайди. Об қолинг-кеп қолинг, арзон товарлар, сифатли товарлар деб жар солади. Олмасангиз ҳам кийиб кўринг, еб кўриб деб устамонлик қилишади. Шунга ўхшаб, ахборот хизматлари ҳам сайтга бирор материални қўйгандан кейин пашша қўриб ўтирмасин. Ҳаволаларни ижтимоий тармоқларда тарқатсин, ОАВлар билан узвий ҳамкорлик ўрнатсин, уларнинг электрон почталарига юбориб, ортидан қўнғироқлашиб ҳам қўйсин. Сайтлар оптимизацияси, CMM, SEO, RSS-лента, қайта алоқа, электрон обуна, огоҳлантириш (push-увидомление) имкониятларидан максимал фойдалансин. Ижтимоий тармоқлар, мобиль месенжерларида фаол иш олиб борсин.

Бирор ташкилот фаолиятини ёритиш, амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмунини оддий халққа етказишда катта аудиторияга эга оддий интернет фойдаланувчилар билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш мумкин. Катта ташкилотнинг оддий интернет фойдаланувчиси билан ҳамкорлик қилиши ғайритабиийдек туюлиши мумкин. Аммо ўн минглаб аудиторияга эга оддий фойдаланувчи одамлар, халқ билан, ёшлар билан улар тилида гаплаша олади. Аудитория талаб ва имкониятларига кераклича баҳо бериб, қизиқишлардан келиб чиққан ҳолда ишга ёндашади. Расмий хабар, дейлик, янги қабул қилинган қонун шарҳини унча мунча одам тушуна олмайди, уларни ўқишга тоқати ҳам етмайди. Оддий фойдаланувчига янги қабул қилинган қонун мазмуни тушунтирилса, у ёшларга, оддий халққа қайси йўл билан унинг мазмунини етказишни яхши билади. Тан олайлик, баъзида биз журналистлар ҳам омма тушунадиган оддий, содда тилда ёзолмаймиз. Натижада халқ журналистларни, журналистлар халқни, журналистлар ахборот хизматларини, хуллас ҳамма бир-бирини айблаб юраверади. Ҳеч ким айбни ўзида кўрмайди.

Бу мулоҳазалар асосан ахборот хизматларининг интернетдаги фаолиятига оид бўлиб, шахсий иш тажрибам асосидаги субъектив мулоҳазалардан иборат. Ахборот хизматларининг фаол бўлиши халққа қанча манфаатли бўлса, биз — журналист ва блогерларга ҳам шунча яхши. Бу борада ахборот хизматлари билан ҳамкорлик қилишга доимо тайёрмиз.

 

 

1 Изох

Изох қолдириш

Your email address will not be published.

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>


два + = 5