1976 йил. Марс сари учирилган “Викинг-1” сунъий йўлдоши ғаройиб суратни юборди. Сайёра сатҳи туширилган расмдаги инсон қиёфасини эслатувчи тасвир катта шов-шувларга сабаб бўлди. Газета ва илмий журналларда бонг урилган образ ҳужжатли ва бадиий фильмларга кўчди, “Марсдаги қиёфа” тўғрисида фантастик асарлар ёзилди. Хуллас калом, кўпчилик Марсда онги тараққий этган мавжудодлар яшаган, деган гап-сўзларга чиппа-чин ишонди. Бироқ масалага илмий нуқтаи назардан ёндошган олимлар ушбу тасвир оптик иллюзия — сайёра юзасига тушган нур ва объект соясининг ҳосиласи эканлигини таъкидлашди. 1998 йилга келиб олинган янги фотосуратлар олимларнинг ҳақ эканлигини исботлаб, мавзуга узил-кесил нуқта қўйилди. Аммо Марсда ҳаёт аломатлари борми, жуда узоқ ўтмишда у ерда жонли мавжудодлар яшаганми, қабилидаги саволлар ҳали-ҳамон долзарблигича қолмоқда…

Марс она сайёрамизнинг энг яқин “қўшниси” — Ердан кейинги тўртинчи ўринда туради. Сатҳида кўп миқдорда темир оксиди мавжудлиги боис олисдан қизил рангда кўрингани сабабли “Қизил сайёра” деб ҳам аталади. У Қуёшдан ўртача 228 млн., Ердан эса 55,76 млн. километр (сайёрамиз Марс ва Қуёш ўртасида турган вақти) узоқликда жойлашган.

Марс коинот саёҳатига ўзининг икки ҳамроҳи — Фобос ва Деймос билан чиққан. Улар билан Қуёш атрофини тўлиқ бир маротаба айланиб чиқиши учун 687 кун керак бўлади.

Бизга маълум бўлган тарихнинг милодий 1960- йилига қадар Марс фақат Ердан туриб ўрганилган. Ўша йилдан собиқ иттифоқ ва АҚШда сайёрани ўрганишга қаратилган дастурлар жорий этила бошланди (“Марс”, “Фобос”, «Маринер», «Викинг», «Mars Global Surveyor» ва бошқалар).

Марснинг она сайёрамизга ўхшаш жиҳатлари жуда кўп. Масалан, ўз ўқи атрофида айланиш давомийлиги ва фасллар алмашинуви Ерникидан унчалик катта фарқ қилмайди. Бироқ иқлими совуқроқ ва қуруқроқ. У ўз ўқи атрофида орбитасига нисбатан 25,19 даража қияликда айланади. Мазкур оғишнинг ўзгариб туриши сайёрадаги фасллар алмашинувини таъминлайди. Шимолий ёз узунроқ ва совуқроқ, жанубий ёз эса илиқроқ ва қисқа давом этади.

Бирор юмуш билан Марсга ўтар бўлсангиз, қишда -153 даража совуққа чидашингизга тўғри келади. Бироқ экваторда тушдан кейинги 20 даража илиқликда танингизни яйратиб олиш имкони бор. Ўртача ҳарорат эса -50 даражани ташкил этади.

Марсда ҳам атмосфера бор. Лекин унинг босими Ерникидан 160 марта камроқ. Қалинлиги тахминан 110 километрга тенг атмосфера асосан жуда сийрак карбонат ангидрид газидан ташкил топган. АҚШ космик тадқиқотлар агентлиги — НАСА берган маълумотларга қараганда, (2004 йил) Марс атмосфераси 95,32 фоиз карбонат ангидрид, 2,7 фоиз азот, 1,6 фоиз аргон, 0,13 фоиз кислород, 0,08 фоиз ис гази, озроқ сув буғи ва бошқа моддалардан иборат.

Атмосферада Ердаги сингари трапосфера, страфосфера, ионосфера сингари қатламлар мавжуд. Ушбу қатламлар Қуёшдан келаётган ҳароратни бир оз камайтирса-да, Карл Саган номидаги тадқиқот маркази мутахассисларининг таъкидлашича, сўнгги йилларда сайёра ҳароратининг илиқлашуви кузатилмоқда.

Тахминларга қараганда, сайёранинг аввалги атмосфераси анчагина қуюқ, иқлими эса иссиқ ва намчил бўлган. Марс юзасида суюқ ҳолатдаги сув мавжуд бўлган ва тез-тез ёмғир ёғиб турган. Мазкур маълумотлар сайёра юзасидан олинган ALH 84001 рақамли метеорит парчаси таҳлилларни асосида олиган бўлиб, тахминан 4 миллиард йил аввал Марсдаги об-ҳаво ўртача 18± 4 °C бўлган.

Унинг сатҳида метеорит сингари осмон жисмлари қулашидан пайдо бўлган кратерлар, вулқонлар, водийлар, чўллар ва муздан иборат қутб “қалпоқ”лари мавжуд. Сайёранинг энг чуқур жойи — Эллада ботиғида атмосфера босими тахминан 12,4 мбар бўлгани боис мазкур ҳудудда сув суюқ ҳолатда бўлиши мумкин. Бироқ мавжуд бўлганда ҳам 10 даража иссиқликда қайнаб, буғга айланиб кетади. Қуёш тизимидаги энг улкан тоғ — баландлиги 27 километр бўлган Олимп тоғи чўққисида эса атмосфера босими 0,5-1 мбар атрофида бўлади.

“Викинг-1” ускунаси маълумотларига қараганда ёзда сайёра сатҳида сониясига 2-7 метр тезликдаги шамол эсса, кузда унинг жадаллиги 5-10 метрга етади. Қумли тўфон вақтида эса шамол тезлиги сониясига 17-30, баъзида 100 метрга боради. Бундай тўфонлар вақтида сайёра тўлалигича чанг билан қопланиб қолади.

Марснинг ғаройиб объектларидан бири тун лабиринти деб номланади. Ушбу ғайриоддий лабиринтнинг вужудга келишида сув ёки шамол таъсир кўрсатмаган, шунчаки, тектоник ҳаракатлар натижасида мураккаб кўринишдаги канъонлар — улкан тик даралар ҳосил бўлган. Энг ғаройиби, тунда лабиринг тепасини унинг шаклини айнан такрорловчи булутлар қоплаб олади.

Марсда ҳаёт аломатлари мавжуд, деган тахминлар ўтган асрнинг 65- йилларида бир оз ўз тасдиғи топган эди. Ўшанда АҚШнинг “Маринер-4” сайёралараро станцияси сайёра атрофини учиб ўтар экан, айниқса, қутблардаги ёрқин ва қорамтир ҳудудлар тасвири у ерда қитъа ва денгизлар мавжуд деган фикрни уйғотганди. Аввалига олимлар ана шу қорамтир чизиқларни суғориш тизими бўлса керак, деб ўйлашди. Бироқ кейинчалик ушбу “канал”лар ҳам оптик иллюзия, ёлғончи тасаввур маҳсули экани маълум бўлди. Аслида эса паст босим остида сув суюқ ҳолатда бўлмаслигини кўпчилик жуда яхши билади.

НАСАга қарашли “Феникс” коинот ускунаси Марсда муз ҳолатидаги сувнинг мавжудлигини тасдиқлаган бўлса, «Спирит» ва «Opportunity» марсоходлари тўплаган геологик далиллар сайёранинг катта қисми муз билан қопланганини кўрсатди. Айни пайтда «Opportunity» ва «Curiosity» марсоходлари сайёра юзасини ўрганиб, у ерда ҳаёт аломатларини излаш билан банд.

Ана шундай изланишларнинг яна бирида Марс экваториал ҳудудидаги қатламларни ўрганган олимлар қизил сайёрада бир вақтлар сув мавжуд бўлган, деган хулосага келишди. “Geological Society of America” журналида қайд этилишича, Марснинг қутб туманлари учун хос бўлган қаватли чўкинди қатламлари жуда паст ҳароратда, ҳавода майда заррачалар мавжуд бўлганда шаклланган. Ушбу заррачалар қировнинг сувга айланиш (конденсациялашув) жараёни таъсирида сайёра сатҳига чўкиб, ўзига хос қатламни ҳосил қилган.

“Mars Reconnaissance Orbiter” ускунаси ҳам тош қотган қатламлар остида бир неча юз метрли муз мавжудлигини аниқлади. Келгусида минглаб километр квадрат ҳудуддаги мазкур муз майдонларининг ўрганилиши сайёра ўтмишда қандай иқлим ўзгаришларини бошдан кечирганини аниқлашга имкон беради, дейилади хабарларда.

Маълумки, суюқ ҳолатдаги сув сайёрада ҳаёт мавжуд эканининг асосий далилларидан. Марсда сув қолдирган бўлиши мумкин бўлган кўплаб геологик ҳосилаларни учратиш эҳтимоли юқори. 2004 йилнинг 2 март куни «Оппортьюнити» марсоходи олган сайёра тупроғи намунаси ўтмишда бу ерда суюқ сув бўлганини исботлади. Бошқа бир фараз эса «Оппортьюнити» маълумотларини инкор этиб, Марсдаги дарё ўзанини эслатувчи чуқурликлар қисқа муддатли табиий офат оқибати бўлиб, узоқ муддатли дарё тизимининг қолдиғи эмаслигини илгари суради. Бироқ олинган сўнгги далиллар мазкур ўзанларда ҳақиқатдан ҳам дарёлар геологик узоқ давр мобайнида оқиб турганини кўрсатмоқда. Худди Ерда бўлгани каби чўкиндилар узоқ муддат давомида тўпланиб, зич қатламларни ҳосил қилгани, натижада дарё туби кўтарилиб, турли делталарни вужудга келтиргани таъкидланмоқда.

“Феникс” зондидан олинган маълумотларга қараганда, Марс тупроғидаги кислоталик муҳит — pH ҳамда бошқа кўпгина кўрсаткичлар ҳам Ерникига жуда яқин. Назарий жиҳатдан, ушбу тупроқда бемалол экин етиштирса бўлади. “Феникс” лойиҳасининг етакчи кимёгар тадқиқотчиси Сэм Кунейвнинг таъкидлашича, Марс тупроғи таркибидаги элементлар аввал ҳам, ҳозир ва келажакда ҳам сайёрада ҳаётни қўллаб-қувватлаш учун кифоя қилади. “Бу каби ишқорли тупроқни ҳар ким ўз томорқасида учратиши мумкин ва у, айниқса, сарсабил (кўп йиллик сабзавот ўсимлик)ни етиштириш учун айни муддао”, дейди олим.

Ҳаётнинг гуллаб-яшнашида сайёрадаги табиий магнит майдони катта аҳамиятга эга. Бироқ «Марс-2» ва «Марс-3» станциялари магнетометрлари маълумотларига кўра, сайёра экваторида магнит қаршилиги таъминан 60, қутбларда 120 гаммни ташкил этган. Бу Ердагидан 500 мартагача кам демакдир. Сўнгги изланишлар эса сайёра ядроси унинг пўстлоғига нисбатан ҳаракатсиз, магнит майдонига жавобгар бўлган планетар динамо механизми ўз вазифасини бажармаслигини кўрсатди. Гарчи умумсайёравий магнит майдони кучли бўлмаса ҳам, пўстлоқ қатламлари ўз магнит майдонига эга. 1999 йили илк бор эълон қилиниб, 2005 йилда қайта тўлдирилган яна бир назарияга кўра, бундан 4 миллиард йиллар муқаддам юқорида таъкидланган планетар динамо механизми ўз фаолиятини тўхтатган ва магнит майдонининг кучсизланишига сабаб бўлган («Марс Глобал Сервейор» учувчисиз станция маълумотлари асосида). Ҳозирча бу тўхталиш сабаби номаълум. Тахминларга кўра, динамо-машинанинг тўхташига Марсдан 50-75 минг километр узоқликда айланган астероид сабаб бўлиб, сайёра ядросида нотурғун ҳолатни вужудга келтирган. Шундан сўнг астероид янада пастлаб, парчаланиб кетган. Бошқа бир гуруҳ олимлар фикрича, узоқ ўтмишда сайёра сатҳига улкан осмон жисми келиб урилиши натижасида Марс ядроси айланишдан тўхтаган, атмосфера эса сийраклашиб кетган. Шу боис бугунга келиб Қуёш радиацияси таъсирида Ер ионосферасида содир бўладиган фотокимёвий жараёнларни бевосита Марс юзасида кузатиш мумкин.

Охирги пайтларда Марсда фаолият юритаётган космик ускуналарнинг сони ва сифати ортгани сари олимларни ўйга толдирувчи кўплаб далиллар юзага чиқиб келмоқда. Ушбу маълумотларнинг аксарияти Марсда ҳаёт аломатлари бор ёки у ерда қачонлардир тириклик мавжуд бўлган деган фикрни қайсидир маънода тасдиқламоқда. Ана шундай мунозарали мақолалардан бири дунёга машҳур Оксфорд университети олимлари томонидан “Nature” журналига тақдим этилди. Мақолада айтилишича, Марсда қачонлардир худди Ердаги каби ҳаёт гуллаб-яшнаган. Гусев кратеридан олинган қадимий намуналарни текширар экан, мутахассислар ўша ҳудудга тегишли дея тахмин қилинаётган метеорит парчасида оксидлар ва олтингугурт улушининг юқори эканини аниқлашди ва улар миллиард йиллар муқаддам Марс атмосферасидаги кислородни ўзига сингдириб олган, деган хулосага келишди.

1970- йилларнинг ўрталарида қизил сайёра юзасига қўндирилган “Викинг”-1 ва 2 ускуналари олдига ҳам айнан ҳаёт аломатларини излаш вазифаси қўйилган эди. Бу вазифа битта асосий, 2та назорат қисмдан иборат бўлиб, дастлаб, ускуна Марс сатҳидаги тупроқ намунасини олиб, уни турли озиқлантирувчи моддалар ва радиактив углерод қўшилган сув билан араштириши лозим эди. Агарда тупроқда микроб мавжуд бўлса, шу йўл билан жонлантирилиши назарда тутилди. Микроб организмида моддалар алмашинуви, яъни метаболизм ҳодисасининг рўй бериши ундан ионланган карбонат ангидрид ёки метан ажралиб чиқиши лозим. Бироқ тажриба муваффақиятсиз якунланди. Тупроқда ҳеч қандай “жонланиш” аломатлари кузатилмади. Ўтказилган назорат тажрибалари ҳам буни тасдиқлади.

Орадан ўттиз йил ўтганидан сўнг, аниқроғи, 2012 йили Жанубий Каролина университети нейробиологи Жозеф Миллер “National Geographic” журналига берган интервьюсида “Викинг”лар ўша пайтда ҳаёт аломатларини топиши мумкин эди, бироқ микробларни сайёра сатҳидан эмас, балки бир неча сантиметр чуқурроқдан — муз қатлам яқинидан излаш кераклигини таъкидлаб ўтди.

Жозеф Миллернинг “муз қатлам” иборасини қўллагани бежиз эмас эди. Марс юзасида ҳаёт сўзини англатувчи сувни излаш жараёнида 2002 йили яна бир космик ускуна — «Марс Одиссей» бир метр пастда катта ҳажмли муз ҳолатидаги сув мавжудлигининг аломати бўлган водород жамланмасини аниқлади. Европалик «Марс Экспресс» 2004 йилда сайёра яқинидаги орбитада Марс юзасини тадқиқ этар экан, Европа космик агентлиги (ЕКА) мутахассисларига қутб “қалпоқ”лари 85 фоиз карбонат ангидрид ва 15 фоиз музлаган сувдан иборатлигини исботловчи далилларни тақдим этди. Орадан икки йил ўтиб, бу маълумот янги далиллар асосида ўзгача рақамларни ифодалай бошлади: муз қатламларининг 30 фоизи кристал ҳолатидаги сувдан ташкил топган.

Ўша пайтнинг ўзида «Марс Экспресс» Марс атмосферасида метан мавжудлигини ҳам аниқлади. Метан ҳажми гарчи жуда ҳам оз бўлса-да, олимларга у ерда ҳаёт мавжуд бўлган, дейишга етарлича асослар берди. Чунки метаннинг асосий манбаларидан бири жонли мавжудодлардир. Орадан яна бир оз вақт ўтиб «Марс Экспресс» Марс ҳавосида маълум миқдорда аммиак борлиги ҳақида маълумот юборди. Метандан фарқли равишда, аммиак тезда парчаланиб кетиш хусусиятига эга. Унинг етарли миқдорда мавжуд бўлиши учун эса доимий равишда янгиланиб турган бўлиши талаб этилади. Жавоб оддий, метан сингари, аммиакни ҳам қандайдир тирик мавжудодлар: микроб ёки бактериялар ҳосил қилаётган бўлиши мумкин.

Марс сатҳида фаолият кўрсатаётган ускуналар минераллашган сувнинг буғланиши натижасида ҳосил бўлган, деган ғоянинг илгари сурилишига сабаб бўлган катта ҳажмли турли минералларнинг хлорид қатламларини топишга муваффақ бўлди. Хлоридлар мавжудлигининг аҳамиятли жиҳати фақатгина бир пайтлар бу ерда сув бўлгани билан боғлиқ эмас. Балки уларда қачонлардир ҳаёт “яширинган” бўлиши мумкин, янада эътиборлиси, хлоридлар бағрида тириклик қолдиқлари сақлангани эҳтимолдан йироқ эмас.

2008 йили сайёра сари учирилган “Феникс” ҳам олимларга яхши ва ёмон хабарлар оқимини юбориб турди. “Афсонавий қуш” Марсда кальций перхлоратини аниқлади. Прехлоратлар — хлор кислотаси тузларидир. Уларнинг мавжудлиги Марсда ҳозирга қадар микробиологик организмлар яшаб келмоқда, деган хулосани беради. Гап шундаки, Ердаги микроблар учун прехлоратлар асосий озуқа манбаи ҳисобланади. Агарда Ерда ичимлик сувида жуда кўп миқдордаги хлор кислотлари тузлари бўлса, унга атайин микроблар ташланади ва сув зарарсиз ҳолатга келтирилади.

Ҳақли бир савол туғилади. Миллиардлаб доллар маблағ сарфлаб, ҳаёт аломатлари яққол кўзга ташланиб турмаган сайёрада унинг изларини қидиришдан нима наф, кимга фойда? Масалага прагматик руҳда ёндашувчи айрим олимлар Марсда ҳаёт бўлгани ҳақида шу вақтга қадар ўртага ташланаётган барча далил ва тахминларни нима сабабдан инкор этиб келмоқда? Бу каби саволларга турлича жавоб бериш мумкин. Аниқ айтиш мумкинки, Марс ўтмишини тадқиқ қилиш орқали қайсидир маънода Ер келажагини тахмин қилиш мумкин. Глобал экологик муаммолар, ядровий урушлар эҳтимолининг мавжудлиги сингари инсониятни ўйга толдираётган масалаларга ижобий ечим топиш, қолаверса, қизил сайёрада келажак бошпанасини қуриш борасидаги изланишлар тақдири юқоридаги тадқиқотлар натижасига боғлиқдир.

Изох қолдириш

Your email address will not be published.

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>


× 4 = четыре