Охирги пайтлар корейс тилини ўрганиш иштиёқидагилар анча кўпайган. Мақсад-режалари, ёши, касби ва молиявий имконияти турли одамлар мендан корейс тилини ўргатишимни сўраб туради. Вақт ва имкониятлар тўғри келса, қўлимдан келганича сабоқ бераман. Дарс аввалида шогирдларимнинг мақсадини аниқлаб олиб, икки йўлдан бирини танлашни таклиф қиламан. Агар корейс тилини мукаммал ўрганишни истаса, махсус дарслик асосида ўтишимни, имтиҳон топшириб, Жанубий Кореяда ишлаш нияти бўлса, биргаликда тест синовларига тайёргарлик кўриш маъқул эканини айтаман. Қуйида 7-8 йил давомида тўпланган билим ва тажрибаларим асосида корейс тилини ўрганиш истагида бўлганларга айрим маслаҳатларимни бермоқчиман.

Дарс бошлашдан аввал “Она тили” дарслиги қўлланмасини бир варақлаб, ўзбек тили грамматикаси, айрим қонун-қоидаларни, ҳеч бўлмаганда, эга-кесим, иккинчи даражали бўлаклар, юклама ва боғловчилар ҳақидаги билимларингизни текшириб, мустаҳкамлаб олинг. Ўз тилини яхши билмаган шогирдларимнинг хорижий тилларни ўрганиш жараёнида катта қийинчиликларга учрашига кўп гувоҳ бўламан.

Корейс тилини пойдеворидан ўрганувчиларга одатда Сеул университетида нашр қилинган “Корейс тили” дарслиги асосида сабоқ бераман. Бу китобнинг оддийликдан мураккабликка, мантиқий кетма-кетликка асослангани эътиборимни тортган. Дарс вақтида янги мавзунинг асосий матни ва эшитиб ҳал этишга мўлжалланган топшириқлари учун ишлаб чиқилган аудио шаклидан ҳам фойдаланиб тураман. Интернетда ушбу қўлланманинг электрон нусхасини аудио формати билан биргаликда осонгина топиш мумкин. Бунинг учун қидирув тизимига “korean level 1 seoul national university PDF” сўзларини киритсангиз кифоя.

Қисқа муддат ичида Жанубий Кореяда ишлаш ҳуқуқини берувчи имтиҳонга тайёргарлик кўрмоқчи бўлсангиз, унда махсус ишлаб чиқилган тест топшириқларини ўрганишни маслаҳат бераман. Корейс тилини ўрганмасдан туриб, имтиҳондан ўтишни, бир амаллаб Кореяга бориб олишни хаёлингизга ҳам келтирманг. Чунки турли йўллар билан имтиҳондан ўтиб, Инчеон аэропортидан қайтарилган юртдошларимиз ҳам кам эмас.

Тестлар икки кўринишда ўтади: оғзаки ва ёзма. Шу боис ҳам тестлар жамланмаси иккита қўлланмадан иборат. Ҳар бирида турли кўринишдаги 980та атрофида тест саволлари мавжуд. Деярли 2 мингта саволнинг фақатгина 50таси тушади. Савол ва жавоблар матни, суратлар ўзгармаса-да, жавоблар ўрни алмаштирилган ҳолда берилади. Аввалига оддий, расмли саволларга жавоб берсангиз, кейинчалик мураккаблашиб, матн кўринишидаги топшириқларни ечишга тўғри келади. Ушбу тестлар жамланмасини ҳам интернетдан топсангиз бўлади. Бунинг учун қидирув тизимига “EPS-TOPIK 고용허가제 한국어능력시험” сўзларини киритсангиз бўлади. Лекин тестлар маълум давр ичида ўзгариб туради. Шунинг учун қўлланманинг охирги намуна эканлигига ишонч ҳосил қилиб, тестларда, дейлик, 2016 йилгача мўлжаллангани ҳақидаги ёзув борлигига эътибор қаратинг.

Агарда сиз Қашқадарё, Сурхондарё ёки Самарқанд вилоятида яшасангиз, айрим унли ва ундошлар талаффузи бўйича алоҳида шуғулланишни маслаҳат берардим (бу гапни асло ҳақорат сифатида қабул қилмаслигингизни сўрайман). Ўша вилоятлардан тил ўрганишга келган баъзи шогирдларимнинг и, е, у, ў сингари товушларни нотўғри талаффуз қилиши кўпинча корейсча сўзларнинг бутунлай тескари маънода ифоланишига сабаб бўлган-да. Умуман, ўзбек тилидаги “И” унлиси одатда икки хил талаффуз қилинади. Одатда биз уни қисқа “Ы” тарзида ифодалаймиз. Корейс тилида эса “И” ҳам, “Ы” ҳам мавжуд. Дейлик, “ким” дея талаффуз қилинадиган сўз “денгиз карами” бўлса, “кым” — “олтин” дегани. Корейс алифбосидан ўрин олган унли ҳарфлар талаффузидаги ўта нозик фарқлар сабаб айрим тушунмовчиликлар пайдо бўлиб туради.

Корейс тилини нима мақсадда ўрганаётган бўлсангиз ҳам, шошмашошарлик ёки дангасаликка йўл қўйманг. Энг камида уч ой, кунига 2-3 соатдан шуғулланишни тавсия қиламан. Чет тилларини ўрганишга мўлжалланган ҳар қандай усулдан фойдаланинг, ўзингизда қайси хотира шакли кучлироқ ривожланганини аниқлаб олинг. Масалан, кимнингдир кўриш, кимнингдир ёзиш хотираси кучли бўлса, баъзилар эшитиш орқали хотирасида мустаҳкамроқ сақлаб қолади. Корейс тилидаги мусиқаларни, дарслик ва қўлланмаларнинг аудио нусхасини тинглашингиз, ўша тилдаги кино ва видео тасвирларни томоша қилишингиз мумкин. Қайси сўз ва жумла қандай талаффуз қилинаётганига диққат қаратиб, уларни такрорлашда корейсларга тақлид қилиш ҳам катта фойда беради.

Мустақил ўрганиш ёки бепул курсларга ҳам қатнашиш мумкин. Лекин бундай тарзда ўрганиш, биринчидан, анча вақтни олиши мумкин. Иккинчидан, “Текиннинг оши татимас” ёки “устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўлғалар” деган маталларнинг маъносини чуқурроқ англаб етишингизга ёрдам беради холос.

Яна бир маслаҳат, йилда икки маротаба Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси қошида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ташкил қилинган таълим марказида (фейсбукдаги саҳифаси: https://www.facebook.com/pages/Korean-education-center-in-Tashkent/804421179583274) корейс тили бўйича даража берувчи имтиҳонлар бўлиб ўтади. Бу имтиҳонлар ҳам ўз устингизда ишлашингизда яхши стимул бўлади. Жами олтита даражанинг камида тўртинчисини олсангиз (бунинг учун бир-икки йил тер тўкишингиз керак), Корея эшиклари сизга янада каттароқ очилади.

Имкони туғилганда корейслар билан кўпроқ суҳбат қуринг, дердиму, уларнинг унчалик ҳам киришимли эмаслиги, қанчалик яқин бўлманг, узоқлашиши билан тезда унутиб юборадиган хулқи борлиги сабаб бу борада нима қилиш кераклигини ўзингиз ҳал эта қолинг. Кўча-кўйда дуч келиб қолсангиз ҳам салом-аликдан нарига ўта олмасангиз керак, деб ўйлайман. Бирор иш юзасидан улар билан бирга бўлсангиз, бошқа гап. Бу имконият ҳам корейс тилини чуқурроқ ўрганишингизда ёрдам беради.

Бу борада қўшимча саволларингиз бўлса, уларни sarus179@mail.ru электрон почтасига юборишингиз мумкин. 🙂

12 комментариев

  1. gap yo’q aka

    Жавоб
  2. Ha…Samarqandliklarning ilonni elon deyishi fonema va tovush tushunchasining farqini anglatishimda menga yordam bergan. 😉

    Жавоб
  3. Kareyaga ketish boyicha imtihon testlarini orgatadigon oquv markazla bormi yo ozila orgatasilami EPS TPOIK xangukko test kitobini

    Жавоб
  4. Men koreyaga borish uchun qanday hujatlar taqdim etishim kerak qayerga murojat qilishim kerak. Kores tilini bilmayman. Moskvada ishlayman nimalar qilishim kerak batafsil ma’lumot bersangiz. Oldindan raxmat

    Жавоб
  5. Корейс тилини урганмокчиман

    Жавоб
  6. Кореяга кетиш канча пул

    Жавоб
    • Агар давлат имтиҳонидан ўтсангиз қимматга тушмайсиз, бир икки миллион билан ишингиз битади. Ҳозирча қанча тушиш эмас, қандай бориш ҳақида кўпроқ бош қотириб, корейс тилини яхшилаб ўрганинг. Агар бошқа ноқонуний йўллар қанчага тушишини сўраётган бўлсангиз, 5-7 минг доллар атрофида бўлаяпти. Шунча пулим бўлса мен Кореяга бориб юрмасдим, Ўзбекистонда бизнес очиб, Кореяда қора терга ботиб ишлагандан кўпроқ пул топаман 🙂

      Жавоб
      • 네 산자리씨 말이 맞습니다

        Жавоб
  7. Илтимос жавоб йозинглар

    Жавоб
  8. Assalomu alaykum. Men Koreyada tibbiyotda sohasida o’qimoqchi edim. Bunga qanday imtihonlardan o’tish kerak? Qanaqa hujjatlar kerak? Yiliga qancha ketadi?

    Жавоб
  9. 안녕하세요.. 정말로 잘했어요 산자르씨. 나도 지금 8년 동안 한국어를 배워 하고 있어요 근대 아직도 못 배워요 왜냐면 너무 어려워서 그래서 우리 진구들 한때 할말은 공부를 열심히 하세요.

    Жавоб

Изох қолдириш

Your email address will not be published.

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>


+ два = 6