Машҳурларни ҳам аямаган хасталик

АҚШ собиқ президенти Рональд Рейген, футболчи Ференц Пушкаш, Британиянинг собиқ бош вазирлари Гарольд Вильсон ҳамда Маргарет Тэтчер, актёрлар Питер Фальк, Рита Хейворт, ирландиялик ёзувчи Айрис Мёрдок сингари машҳурлар таржимаи ҳолининг сўнгги сатрларида Альцгеймер сўзини ўқиш мумкин. Нима сабабдандир асосан кексаларда учрайдиган ушбу касалликнинг келиб чиқиш сабаблари ҳалигача аниқланмаган, даволашнинг ҳам деярли иложи йўқ. Фақатгина унинг олдини олиш, беморлар умрини эса бир оз бўлса-да узайтириш мумкин…

Мазкур хасталик муаммоларини тадқиқ этиш мақсадида халқаро Альцгеймер федерацияси ташкил этилган бўлиб, ҳар йили 21 сентябрь куни жаҳон миқёсида Альцгеймерга қарши кураш куни нишонланади. Айни пайтда, беморларни тиббий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, махсус тиббий муассасалар фаолияти, тадқиқот ишларини молиялаштириш учун жаҳон миқёсида йилига 160 миллиард доллар миқдорида маблағ сарфланмоқда.

Дунёнинг ривожланган давлатларида 65 ёшдан кейин ҳар беш йилда Альцгеймер хасталигига чалиниш эҳтимоли икки баробар ортиб, бу ҳолат 1000 кишидан ўртача 69 нафарида аниқланмоқда (65 ёшдаги ҳар минг кишининг 3 нафарида учрайди). Касаллик гарчи 65 ёшдан ўтган инсонлар ўртасида кўпроқ учраса ҳам, йилдан йилга у «ёшариб” кетмоқда. Шу вақтга қадар аниқланган энг ёш бемор эса 28да эди. Яна бир жиҳат, касаллик асосан эркакларда қайд этилиб, аёлларда асосан 85 ёшдан ўтгандан сўнггина учраб туради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, 2015 йилда дунё аҳолисининг 0,441 фоизи мазкур муаммога дуч келса, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 0,556 фоизга етиши мумкин. Бошқа бир тадқиқотларда эса 2006 йилда дунё аҳолисининг тахминан 26,6 миллион нафари Альцгеймер домига иланган бўлса, 2050 йилга бориб улар сони қарийб тўрт баробарга ортиши аниқланган.

Маълумотларга кўра, касаллик қайд этилганидан сўнг беморларда умр давомийлиги ўртача етти йилни ташкил этади. Тўрт фоиздан камроқ беморларгина 14 йилдан ортиқроқ истиқомат қилишади.

Паришонхотирликдан қандай фарқ қилади?

Альцгеймер мия ҳужайралари — нейронларнинг нобуд бўлиб, бемор ақлий салоҳиятининг секинлик билан пасайиб бориши билан намоён бўлади. Мазкур хасталик илк маротаба немис патологоанатоми ва психиатори Алоис Альцгеймер томонидан тилга олинган. Олим 9 йил мобайнида Августа Ди исмли аёл ҳолатини кузатар экан, унинг бутунлай номаълим хасталикдан вафот этганига амин бўлди ва 1906 йили бу ҳақда кенг жамоатчиликка маълум қилди.

Одатда ушбу хасталик 65 ёшдан ошган инсонларда учрайди. Бироқ баъзи ҳолларда кичик ёшдагиларда ҳам қайд этилади. Унинг илк аломатлари эса 40 ёшлардан юзага чиқа бошлайди. Айримлар касалликка хос баъзи жиҳатларни пайқаши билан нотўғри гумон қилишни бошлаб юборади. Америкалик психиатр Нейл Бухгольц оддийгина паришонхотирлик билан Альцгеймер ўртасидаги тафовутни қуйидагича изоҳлайди: агарда сиз калитларни қаерга қўйганингизни унутсангиз, бу касаллик дегани эмас. Калит қандай вазифани бажаради, у билан нима қилиш мумкин, деган саволларга жавоб бера олмаслик эса жиддий муаммо.

Беморларда дастлаб бўлиб ўтаётган ҳодисаларни ёдда сақлай олмаслик, мўлжал олиш лаёқатининг йўқолиши, шунингдек, галлюцинация, организм ҳолатининг ёмонлашуви, депрессия, тажовузкорлик, ҳавотир туйғусининг кучайиши, қўрқувлар, қўнимсизлик (дарбадарлик)ка мойилликнинг ортиши, кунлик ҳаётий тартибнинг бузилиши каби жиддийроқ белгилар билан намоён бўла бошлайди.

Кейинги босқичда бемор ойнада ўзини таний олмаслик даражасига етади. Жараён тўлиқ мия атрофияси — қуриб қолиши билан якун топади. Ҳар бир инсонда мазкур касаллик ўзига хос тарзда кечса ҳам, бир талай умумий жиҳатлар мавжуд. Бу пайтда бош мияда тошмачалар кўринишидаги оқсиллар ҳамда шикастланган нейронлардан ташкил топган нейрофибрилляр тугунчалар тўплана бошлайди. Уларни тиббий жиҳатдан ўрганиш ва ташҳис қўйиш учун ДНК таҳлили, когнитив тестлар ўтказиш, электроэнцефалография, мияни компьютер томография қилдириш талаб этилади.

Сабаблар ва профилактика

Юқорида ҳам айтиб ўтилди, касаллик келиб чиқишининг асл сабаблари тўлиқ ўрганилмаган. Бироқ айрим мутахассислар Альцгеймерга олиб келувчи генлар мутациясини аниқлаб улгуришган. Тахминларга кўра, хасталик инсон ёши, турмуш тарзи, атроф-муҳит, организмининг касалликларга қарши чидамлилиги, қондаги меъёридан ортиқча холестерин, қандли диабет (2-тури), доимий қон босимининг юқорилиги ва юрак касалликлари ҳам сабаб бўлиши мумкин. Буни қарангки, ушбу касаллик маълумоти паст кишилар, катта малака ва иқтидор талаб этмайдиган касб эгаларида кўпроқ учрар экан. Юқори интеллектуал салоҳиятга эга инсонлар миясидаги асаб ҳужайралар ўртасида кўпроқ ва кучлироқ алоқалар ўрнатилгани боис ушбу тоифадагилар хасталикка камроқ чалиниши исботланган. Яъни, ақлий салоҳияти юқори кишилар миясида бир ҳужайра нобуд бўлса, унинг вазифаларини бошқаси адо этишга киришиб кетаверади.

Тиббиёт қанчалик тараққий этган бўлмасин, ҳалигача мазкур касалликни тўлиқ бартараф этиш усуллари ишлаб чиқилмаган. Замонавий даво чоралари эса унинг аломатларини бир оз енгиллатишгагина хизмат қилмоқда холос. Касалликни тўхтатиш ёки ривожланишини секинлатиш борасида борасида ўтказилаётган тадқиқотлар эса ҳозирча бесамар якун топмоқда. Биргина 2008 йилда клиник тадқиқотлар даражасига қадар кўтарилган 500дан зиёд изланишлар  муваффақиятсиз якунланди. Американинг икки йирик компанияси (Pfizer ва Johnson&Johnson) томонидан ишлаб чиқилган Альцгеймер хасталигида хотира йўқолишига қарши икки турдаги дори воситалари ҳам беморларда ижобий ўзгаришларни намоён этмади. Бироқ унинг олдини олиш масаласида кўпгина тавсиялар ишлаб чиқилган. Масалан, мутахассислар жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланиш, фикрлаш қобилиятини доимо ривожлантириб бориш ва тўғри овқатланишни тавсия этишади. Бош мия томирларига ҳаётбахш кислород етиб боришига ҳисса қўшувчи маҳсулотлар, жумладан, кўк чойни истеъмол қилиб юриш, хотира машқларини бажариш, асаб ҳужайраларининг кўпайишига хизмат қилувчи Омега-3 бирикмаси мавжуд бўлган балиқ гўштини тез-тез истеъмол қилиш ҳам кони фойда. Кўк чой эса мияни кислород билан таъминлайди, қон томирларини кенгайтириб, деворларини мустаҳкамлайди. Жисмоний фаоллик, спорт билан шуғулланиш ва очиқ, тоза ҳавода сайр қилиш ҳам мияни кислородга тўйинган қон билан таъминлаб туради.

Анор таркибидаги пуникалагин бирикмаси бош миядаги тўқималарнинг емирилишига йўл қўймаслиги билан касалликнинг олдини олишга катта ёрдам беради. Қора узум таркибидаги айрим бирикмалар, В12, В3, С витаминлари, фолий кислотаси ҳам изланишлар мобайнида Альцгеймер касаллигига чалиниш хавфини камайтириши аниқланган.

Стол тенниси, арт‑терапия, мусиқий терапия, жониворлар билан мулоқотда бўлиш, жисмоний фаоллик билан боғлиқ жамоавий ишлар ҳам катта самара келтиради. Шунингдек, кроссворд, бошқотирмалар ечиш, шеър ва бошқа матнлар (масалан, “Қуръон” оятлари)ни ёдлаш, китоб мутолаа қилиш, кундалик тутиш ва камроқ асабийлаш мақсадга мувофиқ.

Бемор билан қандай муносабатда бўлиш керак?

Альцгеймер хасталигига чалинган беморнинг ўз-ўзини назорат қилиши учун барча имкониятларни яратиш, унинг атрофдагилар билан алоқа қилишини чекламаслик лозим. Депрессияга мойиллиги сабабли бемор билан эҳтиёткор муносабатда бўлиш талаб этилади. Кўриш ва эшитиш қобилиятининг ёмонлашувини инобатга олган ҳолда яхшироқ кўзойнак, замонавийроқ эшитиш мосламаси сотиб олиш орқали беморнинг бошқалар билан мулоқотини таъминлаш мумкин. Содда бошқарилувчи радио қурилмаси, расмли ва йирик ҳарфли китоблар ҳам бемор учун айни муддао. Шунингдек, америкалик мутахассислар Альцгеймерга чалинган кишиларнинг от парвариш қилишлари ижобий самара беришини исбот қилишди.

Қуйидаги ҳолатлар касалликнинг янада ривожланишига сабаб бўлади:

нотаниш жойлар;

узоқ муддат ёлғиз қолиш;

кўплаб нотаниш инсонлар билан учрашиш;

қоронғулик (бемор хонаси ҳаттоки тунда ҳам керакли миқдорда ёритилиши лозим);

инфекцион касаликларга чалиниш;

иссиқ об-ҳаво;

кўп миқдорда дори воситаларини истеъмол қилиш.

Изох қолдириш

Your email address will not be published.

You may use these HTML tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>


четыре − 3 =